Ҳажга доир кўрсатмалар

09:56 07.08.2018 265

Бу йилги мавсумда ҳаж ибодатини адо этишни ният қилган барча опа сингилларимизга муборак бўлсин.

Бу кўплаб мусулмон аёллар орасида йўқолиб, кўринмай қолган Аллоҳнинг фарзидир. Уларнинг айримлари ҳажни ўзларига фарз эканини билмайдилар. Айримлари билсаларда уни кечга сурадилар хатто уларга бирдан ажал етиб қолса ҳажни тарк қилган ҳолда ўтадилар. Айримлари ҳажнинг бирорта қоидаларини билмайдилар натижада тақиқланган ҳаром ишларни содир этиб қўядилар. Баъзан ўзлари сезмаган ҳолларида ҳажлари ботил бўлиб қолади.

Ёрдам сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир.

Ҳаж бандаларга буюрилган Аллоҳнинг фарзи бўлиб исломнинг бешинчи рукнидир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига биноан аёлнинг жиҳодидир.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳо онамизга; ˝Сизларнинг жиҳодингиз ҳаждир˝, деганлар.

Қуйида ҳажни ирода қилганлар учун кўрсатма ва насиҳатлар ҳамда ҳажга хос бўлган аҳкомлар тўпламини ҳавола этамиз. Улар ҳажнинг қабул ва мабрур ҳажлардан бўлишига ёрдам беради.

Мабрур ҳаж ҳақида саҳиҳлигига иттифоқ қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганларидек; ˝Унинг савоби фақат жаннатдир˝, дейилган.

1- Ихлос. Барча ибодатлар шунингдек ҳажнинг ҳам тўғри ва қабул бўлишида шарт қилинган нарса ҳолис Аллоҳ учун бажаришдир. Ҳажингизни ҳолис Аллоҳ учун қилинг. Риёдан эҳтиёт бўлинг чунки у амални барбод қилади ва уқубатни келтириб чиқаради.

2 - Суннатга эргашиш ва амални Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатган йўлларига мувофиқ бажариш. Бу амалнинг тўғри ва қабул бўлишини иккинчи шартидир.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам; "Ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган амални қилса у рад этилгандир", деганлар.

Бу нарса сизни ҳаж аҳкомларини Китоб ва суннатдаги саҳиҳ далилларга таянган фойдали китоблардан ёрдам сўраган ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ таълим олишга чорлайди.

3 - Катта ва кичик ширкдан ҳамда гуноҳларнинг барчасидан сақланинг. Чунки катта ширк исломдан чиқишга, амалнинг барбод бўлишига ва уқубатга олиб келади. Кичик ширк амалнинг барбод бўлишини ҳамда уқубатни келтириб чиқарса, гуноҳлар уқубатни вожиб қилади.

4 - Аёл кишини ҳаж ва бошқа иш учун маҳрамсиз сафар қилиши жоиз бўлмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам; ˝Аёл киши фақат маҳрами билангина сафар қилади˝, деганлар.

Маҳрам бу аёлнинг эри ва аёлга қариндошлик ёки эмикдошлик жиҳатидан никоҳи доимо ҳаром бўлган кишилардир.

Бу аёл учун ҳажнинг вожиб бўлишидаги шартдир. Агар аёлга ўзи билан сафар қиладиган маҳрами бўлмаса унга ҳаж вожиб эмас.

5 - Аёл киши ўзи хоҳлаган оқ ёки қора кийимда эҳромга кириши мумкин шунингдек ўзига ортиқча оро беришдан ва аъзоларини билдириб турадиган тор, шаффоф, калта, ёриғи бор йирмочли ҳамда безакли кийимлар кийишдан сақлангани маьқул. Ва яна аёл киши эркакларга ўхшаш ёки ғайри динлар кийимига ўхшаш нарсалардан сақланиши ҳам вожиб бўлади.

Шундан маълум бўладики баъзи аёллар жамоасининг эҳром учун ўзларига муайян яшил ёки оқ каби рангни тайин қилишларининг далили йўқ, балки у кейин пайдо бўлган бидъатлардандир.

6 - Ният қилиб эҳромга кирган аёлни барча ҳушбўй нарсаларни суртиши таъқиқланади. Баданида бўлсин ёки кийимида унинг фарқи йўқ ҳушбўйлик мумкин эмас.

7- Эҳромга кирган аёл кишига бошидаги сочини ва танасидаги тукларни ҳар қандай восита билан олиши ҳаром бўлади. Шунингдек тирноқларини олиш ҳам тақиқланади.

8 - Эҳромга кирган аёлга бурқа (паранжи) кийиши, ниқоб ва қўлқоп тақиши мумкин эмас.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам; ˝Аёл киши ниқоб ўрамайди ва қўлқоп киймайди˝, деганлар.

9 - Эҳромга кирган аёлга ниқоб ва қўлқоп тақиши рўкач қилинган бўлсада у юзи ва икки қўлини бегона эркаклар олдида очмайди, чунки у аёл юзи ва икки қўлини кийими ёки рўймоли каби шунга ўхшаш бирор нарса билан тўсиши мумкин.

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо; ˝Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эҳромдалик вақтимизда олдимиздан улов минган кишилар ўтар эди. Бизга яқин келганларида ҳар-биримиз бошидаги жилбобини юзига тўсиб, улар ўтиб кетганларидан кейин (юзимизни) очар эдик˝, деганлар.

Имом Абу Довуд ривояти.

10 - Айрим аёллар рўмоли ёки жилбобининг бирор қисми юзига тегмаслиги учун бошларига салла ёки шунга ўхшаш нарса қўйиб оладилар. Бу ўзини қийнаш бўлиб унга ундовчи бирор кўрсатма йўқ. Чунки эҳром боғлаган аёлнинг юзига ёпинчиқни тегиб қолишининг ҳеч қандай айиби йўқ.

11 - Эҳромдаги аёлни кўйлак, иштон ва оёқларига пайпоқ киши ҳамда тилла тақинчоқлар, узуклар, соат ва шунга ўхшаш нарсалар тақиши жоиздир. Лекин унга ҳаж ва бошқа ерда ҳам зийнатларини маҳрами бўлмаган эркаклардан беркитиши таъйин қилинади.

12 - Айрим аёллар ҳаж ёки умра нияти билан мийқотдан ўтганларида ҳайзлари келиб қолади. Шунда эҳром боғлаган аёл ҳайздан пок бўлиб таҳоратли бўлиши керак деган гумон билан гоҳида эҳромга кирмай мийқотдан зҳромсиз ўтиб кетади. Бу очиқ хатодир. Чунки ҳайз эҳромни ман қилмайди.

Ҳайиз кўрган аёл ҳам ҳожилар нима қилсалар шуни қилади фақатгина байтуллоҳни тавоф қилмайди. Тавофни пок бўлгунча кечиктириб туради. Агар эҳром боғлашни кечиктириб мийқотдан эҳромсиз ўтиб кетадиган бўлса уни эҳромга кириш учун мийқотга қайтиши вожиб бўлади. Агар қайтмаса ҳажнинг бир вожибини тарк қилгани учун унга қон (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади.

13 - Аёл киши эҳромга кираётган вақтда агар унинг арконларини мукаммал қила олмай қолишидан қўрқадиган бўлса; ˝Агар мени тўсувчи тўхтатиб қолса мени эҳромдан чиқиш жойим тўсилган еримдир˝, дейиши шарт бўлади. Ана шунда у учун ҳажни тўлиқ тамомига етказишдан тўхтатадиган нарса пайдо бўлса унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

14 - Ҳаж амалларини ёдлаб олинг;

Биринчидан; Тарвия яьни Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни ғусл қилинг ва талбия айтиб эҳромга киринг. Талбия - ˝Лаббайка Аллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарика лака лаббайк. Иннал ҳамда ван-неьмата лака вал-мулк, ла шарика лак˝- калималаридир.

Иккинчи; Минога чиқинг. У ерда пешин, аср, шом, ҳуфтон ва бомдод намоларини тўрт ракатликларини қаср қилиб икки ракатдан жамламай алоҳида ўз вақтида ўқинг.

Учинчи; Зулҳижжанинг тўққизинчи куни тонг отгач Арофат водийсига йўл олинг ва у ерда пешин билан асрни пешин вақтида жам қилиб қаср ўқинг. Арофотда дуо ва зикр ила астойдил тавба қилиб қуёш ботгунча туринг.

Тўртинчи; Тўққизинчи куни қуёш ботганидан кейин Арофотдан Муздалифа деган жойга қараб юринг. У ерда шом билан ҳуфтонни жам ва қаср қилиб ўқинг ва бомдод номозигача у ерда қолинг. Бомдоддан кейин кун ёришгунча зикру тасбеҳ ва дуою илтижони кўпайтиришга ҳаракат қилинг.

Бешинчи; Ҳайит куни қуёш чиқишидан олдин Муздалифадан Минога қараб юринг. Минога етиб келганингиздан кейин қуйдагиларни бажаринг.

А) - Жамаротул ақабада етти маротаба тош отиб ҳар тош отганда Аллоҳни улуғлаб такбир айтинг.

Б) - Қуёш кўтарилгандан сўнг атаган жонлиғингизни сўйинг.

В) - Сочингизни ҳамма томонидан бармоқ учи миқдорида (таҳминан 2 см) калталатинг.

Г) - Маккага тушиб тавофи ифозани бажаринг. Кейин агар таматтуъ ҳажини қилаётган бўлсангиз ёки ифрод ва қирон ҳажини қилаётганда тавофи қудумда саъй қилмаган бўлсангиз Сафо билан Марва ўртасида саъй қилинг.

Олтинчи; Ўн биринчи, ўн иккинчи кунлари ўн учинчи куни заволдан кейин ҳам кечиктиришни хоҳласангиз , ёки тезроқ кетишни хоҳласангиз ўн биринчи, ўн иккинчи кунлари шайтонга тош отинг. Шу кунларнинг кечаси Минода тунанг.

Еттинчи; Агар юртингизга кетмоқчи бўлсангиз видолашув тавофини қилинг. Шу билан ҳаж амаллари тугайди.

15 - Аёл киши талбияни баланд овозда айтмайди балки ўзи ва ёнида турган аёллар эшитадиган даражада паст овозда айтади. Фитна чиқмаслиги ва уларни ўзларига қаратмаслик учун бегона эркакларга эшиттирмайди. Талбия айтишни ҳажга эҳром боғлаётгандан бошлаб қурбонлик куни ақаба тошини отгунича давом эттиради.

16 - Агар аёл киши тавофдан кейин, саъйдан олдин ҳайз кўриб қолса ҳажнинг қолган рукнларини ҳам тўлдиради. Ҳайз ҳолида бўлса ҳам саъй қилаверади. Чунки саъйда таҳорат шарт қилинган эмас.

17 - Аёл кишига ўз ибодатларини тўлиқ бажариши учун ҳайзни тўхтатадиган (келишини кечиктирадиган) дориларни истеъмол қилиши жоиздир. Лекин ўзига зиён етказмаслиги шарт қилинади.

18 - Ҳажнинг барча ибодатларини бажариш вақтида эркаклар билан бир жойда тиқилинчда қолишдан сақланинг. Айниқса тавофда ҳажарул асваднинг (қора тош) ва рукни ямоний олдида. Шунингдек саьй ва шайтонга тош отиш вақтида ҳам тиқилинчдан эҳтиёт бўлинг. Ўзингизга тиқилинч кам бўлган вақтни танланг. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо ҳам эркаклардан ҳоли бўлган бир четда тавоф қилар эдилар. Агар у ерда тиқилинч бўлса ҳажарул асвад ва рукни ямонийни истилом қилмас (ўпмас) эдилар.

19 - Аёл киши тавоф вақтида полвон юриш қилиши ва саьйда чопиши мумкин эмас. Полвон юриш аввалги уч тавофда елкаларини чиқариб тез қадам ташлашдир. Чопиш эса саъй вақтида икки яшил белги орасида бўлади. Булар эркаклар учун суннат ҳисбланади.

20 - Бу китобдан эҳтиёт бўлинг; У айрим янгича дуоларни ўз ичига олган кичкина китобчадир. Унда тавоф ва саьйнинг ҳар айланган вақтда айтиладиган дуолар бор. Унга китоб ва суннатда келган бирорта далил йўқ. Шариат тавоф ва саъй вақтида инсонни ўзи хоҳлаган дуосини сўрашга ва икки дунё яхшилигини тилаб дуо қилишга буюрган. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуолар бўлса яна ҳам яхши бўлар эди.

21 -  Ҳайздаги аёл дуо ва шаръий зикр китобларини гарчи уларда Қуръон оятлари бўлса ҳам ўқиши мумкин.

22 - Баданингизни бирор жойи очилиб қолишидан сақланинг. Айниқса сизни эркаклар кўриб қолишлари мумкин бўлган кўпчилик таҳорат оладиган жойларда ундан эҳтиёт бўлинг. Чунки айрим аёллар ана шундай жойларда эркаклар яқинига келиб қолсалар ҳам парво қилмайдилар. Натижада таҳорат вақтида кўрсатиши керак бўлмаган икки қўлларининг чиғоноқларигача бўлган жойлари ва болдирлари очилиб қолади.

Айрим ҳолларда бошидаги рўмолини ҳам ечиб, боши ва бўйинлари кўриниб қолади. Буларнинг барчаси мумкин бўлмаган ҳаром ишлардир. Бунда ўзлари учун ҳам, бошқа кишилар учун ҳам катта фитна бор.

23 - Аёлларга бомдодан олдин Муздалифадан кетишлари учун ижозат берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айрим аёлларни айниқса кечанинг охирида ой кўринмай қолиб Муздалифадан кетишга қийналадиган кучсиз аёлларни олдинроқ кетишларига рухсат берганлар. Хатто бу рухсат уларни жамаротул ақабада тиқилинч бўлишидан олдин тош отишлари учун ҳам берилган.

Икки саҳиҳ китобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда; ˝Савда розияллоҳу анҳо жамланиш яъни Муздалифа кечасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан одамлар бўлагидан олдин етиб олишига рухсат сўради. У оғир аёл эди. Бас унга рухсат бердилар˝, дейилган.

24 - Агар аёлнинг валийси жамаротул ақаба атрофида тиқилинч кўпайиб кетганини кўрса тош отишни кечга суриш жоиз бўлади. Чунки унда ўзи билан бирга бўлган аёлларга хатар етиб қолиши мумкин. Уларнинг тош отишларини тиқилинч камайгунча ёки йўқолгунча кечиктириши жоиздир. Бунда улар учун ҳеч нарса (сўйиш вожиб) бўлмайди. Шунингдек уч ташриқ кунларида вазият шундай бўлса тошларни асрдан кейин отсалар ҳам бўлади. Бу вақт одатга кўра тиқилинч кам бўладиган палладир. Агар имкони бўлмаса отишни кечасига суришда ҳам айб йўқдир.

25 - Эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг.

Аёл киши эрини жимо (жинсий яқинлик) қилишига ёки ялонғоч ҳолда қучоқлашишларига айниқса тўлиқ эҳромдан чиқиб олмагунча имконият бериши жоиз эмас.

Тўлиқ эҳромдан чиқиши уч ишни бажариш билан бўлади;

Биринчи; Жамаротул ақабага еттита тош отиш.

Иккинчи; Сочининг ҳамма томонидан бармоқ учидек қисмини калталатиш. У икки сантиметрга яқин бўлган қисми.

Учинчи; Ҳажнинг тавофи (Тавофи ифоза).

Агар аёл ушбу уч амални бажариб бўлса эҳромдаги одамга ман қилинган ҳамма нарса хатто жимо қилиш ҳам жоиз бўлади. Агар иккитасини бажарган бўлса жимодан бошқа барча нарса мумкин бўлади.

26 - Аёл киши сочларнини калталатаётганида саьй бажарадиган жойда айрим аёллар қилаётгани каби бегона эркакларга сочини кўрсатиши мумкин эмас. Чунки соч аврат бўлиб уни бегона эркаклар олдида очиш жоиз эмас.

27 - Эркаклар олдида ухлашдан сақланинг; Бу ўз аҳллари билан чодирсиз (палаткасиз) ёки ҳеч қандай нарса билан эркаклардан ўзларини беркитмай ҳаж қилаётган кўплаб аёлларнинг биз учратаётган ҳолатидир. Улар кўчаларда, кўприклар остида ва масжидул Ҳайфда эркаклар билан аралаш ёки уларга яқин жойда ухлаб ётадилар. Бу тўхтатиш керак бўлган энг катта мункар ишлардандир.

28 - Ҳайз ва нифосдаги аёлларнинн видолашув тавофини қилишлари шарт эмас. Бу шариатнинг аёлларга енгил ва осонлигидир. Ҳайз кўрган аёл видолашув тавофини қилмай ўз аҳли билан қайтиб кетиши мумкин.

Ҳой муслима аёл бу енгиллик ва бу неъмат учун Аллоҳга ҳамдлар айтиб унга шукрлар қилинг.

Арабчадан Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!