Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Халифа Маҳдийнинг донолиги

2032

Аббосийлардан халифа Маҳдий бир куни кишиларни қабул қилаётган эди. Бири шикоят қилди. Бошқаси ўз шеъри ила уни мақтади. Тушлик пайтида бир киши қўлида оёқ кийим билан кириб келди ва деди:

- Эй мўъминлар амири! Бу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқ кийимлари. Уни сизга ҳадя қилиш учун келтирдим.

Халифа Маҳдий курсисидан туриб оёқ кийимини унинг қўлидан олди. Уни кўзларига суртиб, у кишига деди:

- Қандай ҳам яхши нарса келтирибсан!

Сўнгра унга ўн минг дирҳам беришларини амр қилди. Ҳалиги киши пулни олиб кетди.

У кетгач халифа атрофидаги кишиларга деди:

"Аллоҳга қасамки, мен бу оёқ кийимини Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам киймаганлари тугул ҳатто кўрмаганларини ҳам билиб ўтирибман. Аммо агар мен унга ёлғон айтяпсан деганимда, у кишилар олдига чиқиб "мен мўъминлар амирига Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқ кийимларини совға қилган эдим. У қабул қилмади", дер эди. Унга ишонмайдиганлардан кўра ишонадиганлар кўп бўлар эди. Чунки омма ўзига ўхшаганларга кўпроқ ишонади. Сабаби кўпчилик заиф томон золим бўлсада заиф томонга ёрдам беради. Уни ҳақ деб ўйлайди. Биз унинг тилини сотиб олдик.

Ҳадясини қабул қилдик. Сўзини тасдиқладик. Шу қилган ишимизни афзал ва тинч йўл деб билдик!".

Гоҳида саломат қолиш учун инсонларнинг риоясини қилиб туриш лозим экан. Агар ҳар-бир гапга қарши чиқаверсанг, ҳар-бир ишга қарши чиқаверсанг ўзингни қурбон қилаётган бўлсангда, сени жиноятчига чиқариб қўйишади.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, "Ақлнинг ўндан тўққизи ўзни билмасликка солиш ва бепарво кўрсатишдадир".

Абдулқодир ПОЛВОНОВ

Ҳашаматга ўч миллат... 

Арабларнинг ҳужжати бўлган аллома...

УЛАШИНГ:

« Орқага