Ҳалол бола ҳикояси

19:00 06.04.2019 1616

– Шерзод, ҳў Шерзод!

Жазирама иссиққа чидай олмасдан муздеккина уйга кириб ухламоқчи бўлиб турган Шерзоднинг энсаси қотди. Шундай иссиқда ҳам тинчлик йўғ-а! Ким бўлди экан қуш учмайдиган вақтда келган? У эринибгина ўрнидан турди, бир хаёли индамай ётаверай деди-ю, балки иши зарил кишидир, дея ўйлаб кўйлагини кийди.

– Намунча? Қулоғинг том битганми? Чақиравериб овозим бўғилиб қолай, деди. Шерзодни кўриши билан ўпкалади Наим. У тоғасининг ўғли. Анчагина учар бола. Дадаси ручка олиб берса, мақтаб-мақтаб бирорта лақма синфдошига бир баравар қимматига сотади-ю, ручканинг пулини ёнига қолдириб фойдасига музқаймоқми, газли сувми олиб ичади. Хуллас, юлдузни бенарвон уради. Шерзод тоғаваччасига,  “Ўзи сен етмай турувдинг ”, дегандек қаради.

Кейин кериша туриб: – Уйқунинг ҳам белига тепдинг? Ҳатто қушлар-у, қурт-қумурсқалар ҳам соя-салқинда дам олаётган пайтда нима қилиб тентираб юрибсан? – деди.

– Э, сен ниманиям билардинг? Иссиқ деб ётаверасанми? Менда бир фикр бор. Наим жуда сирли бир гап айтмоқчидек, шалпангқулоқларини динг қилганча атрофга аланглади. Шу туришида қора-қура теккан юзлари, олазарак боқувчи кўзалари бирам қизиқ тус олдики, беихтиёр Шерзоднинг кулгиси қистади.

– Ҳа, нега ишшаясан? Ҳали нима гаплигини айтмадим-ку!

– Шунчаки ўзим. Юр, ичкарига кирайлик! Ҳозир иссиқда қовурдоқ бўлиб қолиш ҳеч гап эмас.  Наим  шуни кутиб тургандек лип этиб уйга кирди. Айвонда турган каттакон сопол хумдан бир коса сув олиб ичди-ю, оғзини ҳам артмасдан гапиришга тушди.

– Ойинг қачон келади?

– Нима эди?

– Ҳар куни чой сотгани чиқасан-а?

– Ҳа. Яна нима қитмирликни ўйладинг?

– Ойинг келгунича, ўзимиз чой дамлаб сотмаймизми? Бир-икки сўм ишлаб олардик. Нима дединг?

Шерзоднинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Ахир ойиси билиб қолса борми?

– Йўқ. Ойимни биласан-ку, ўзбошимчаларни ёмон кўради. Ундан кейин ойимдан яширинча иш қилмайман. Яхшиси кел, у киши келгунича дам олиб турамиз. Қара, уйнинг салқинлигини!

Шерзод  маза қилаётганини билдирмоқчи бўлгандек, кўзларини юмиб олди.

– Ҳей, аммам қачон келади-ю. Ҳозир бекатда айни бозор қизиган пайт. Чанқаган йўловчилар чойингни икки бараварига пулласанг ҳам жон деб олишади. Иннанкейин, – деди Наим камида чоллардек салмоқлаб, биз сотадиган чой газли сувдан кўра анча арзонроқ.

Шерзод ўйланиб қолди. Унинг думалоқ, кулгичлари ўйнаб турган юзлари қизариб, пешонасини маржон тер қоплади. Наимнинг гапида жон бор. Чой қайнатишнинг нимаси қийин? Сувни идишга қуйиб газнинг қулоғини бурасанг бўлди, ярим соатда қайнайди – қолади. Унга қуруқ чойни соласан-у, музлатгичда тайёр қилиб қўйилган яхларни қўшасан. Қарабсанки, қулинг ўргилсин, роҳатижон яхна чой тайёр.  Ойиси келиб ўғлининг катта бола бўлиб қолганидан қувонади. Ахир рости ҳам у энди ёш боламас.  Бу йил бешинчига кўчади.

– Бўлақол энди. Нега қиз боладек нозланасан? – деди Наим афтини буриштириб.

– Юр, бўлмаса. Идишни газга қўйишвор. Бир ўзим кўтаролмайман.

Шерзодни бир амаллаб кўндирган Наимнинг оғзи қулоғида, унинг ортидан эргашди. Ишқилиб аммаси келиб қолмасин-да! Унда ҳамма иш пачава бўлади.

Ташқарида енгилгина шабада эсгандек бўлди. Япроқчалар энтиккандек, аста шитирлаб қўйишди. Ҳовлидаги катта марвартак тутнинг қалин соясида чой қайнашини кутиб ўтирган болалар ҳам шабададан ҳузурланишди. Қаердадир мусича кукулади. Булбул хониш қилди.Шерзодларнинг уйи шаҳар ичида бўлса ҳам, атрофда дарахтзор боғлар кўп. Шунинг учун ҳам баҳор, ёз бу ерларда саъваю, булбуллар, мусичалар қўним топишади. Сирли қўшиқлар куйлашади. “Худди эртакдагига ўхшайди-я”, хаёлга берилди Шерзод. 

– Бўлди, тур! Чой қайнагандир. Бу ўтиришда кечгача ҳам бекатга чиқолмаймиз, – деди Наим шошилиб.

Болалар ошхонага киришди. Идишдаги сув ҳали қайнамабди.

– Оловни баландлатсанг-чи! Бунақада қачон қайнайди? – жиғибийрон бўлди Наим. Аслида у аммаси келиб қолиб, режалари барбод бўлишидан қўрқаётган эди. Ҳеч бўлмаса, бир-икки пиёла сотишга улгуришсаям майли. Битта музқаймоққа етадиган пул бўлади.

– Энг баланд оловда турибди. Шошма, қайнасин.

– Э, ким билиб ўтирибди. Муз солсак қайнамагани билинмай кетади, –билағонлик қилди Наим.

– Йўқ. Одамларни алдаш инсофдан эмас. Бировларни алдаб олган пулларинг буюрмайди, – деди Шерзод онасидан эшитган гапларини такрорлаб.

– Бир мартага ҳеч нарса қилмайди. Шунчаям лаллайган бўласанми? Ким айтади, сени ўғил бола деб?

– Нима ўғил бола одамларни алдаса бўлаверади, деб ёзиб қўйилганми? – деди Шерзод бўш келмай.

– Кўтар, – деди Наим идишнинг бир қулоғидан ушлаб. Қайнамаса ҳам бўлаверади. Шерзод нима қилишини билмай қолди. Кейин Наимнинг айтганига кириб идишни кўтаришиб юборди. Иккаласи инқиллаб-синқиллаб сувни ерга қўйишди. Наим унга қуруқ чой солди. Энди муз солишса бўлди. Яхна чой тайёр.

– Мен чиқмайман. Ўзинг сотавер чойни, – деб қолди бир пайт Шерзод тумшайганча.

– Ҳа, нима бўлди, бурга тепдими? Қовоқлари осилиб кетди? – кесатди Наим.

Бировларни алдаб чой сотмайман.

– Вой ўргилдим, сендақа ҳалолу покдомондан. Ўзи ҳар куни  чой сотиб ишлаган пулингдан бир-икки сўм уриб қолсанг керак.

– Туҳмат қилма, – деди Шерзод титраб. Мен сенга ўхшаган ёлғончи, муттаҳам эмасман.

– Ким муттаҳам? – муштини тугди Наим.

– Сен-да! Ахир қайнамаган чойни сотиб пул ишламоқчисан-ку!

Шу пайт дарвоза очилиб Доно опа келиб қолмаганида ким билади, бу тортишув нима билан тугарди.

– Ҳа, болалар нима гап?

– Ассалому-алайкум, аммажон!  Шунчаки ўзимиз.

Аммасининг феълини яхши билган Наим довдиради.

Доно опанинг кўзи идишда ҳовури чиқиб турган чойга тушди.

– Бунингни  ранги сал ғалатироқми, ўғлим? – деди Доно опа  Шерзодга синовчан тикилиб.

– Чойни озроқ солиб қўйибмиз-да! Ҳозир яна қўшаман, – деди Шерзод гапиришга улгурмасдан Наим маҳмадоналик қилиб.

Шерзоднинг юзи қизарди. Юрагидан  бир нарса тошиб келгандек бўлди. Онаси ҳаммасини билиб турганини ички бир сезги билан ҳис қилдию, ўз  ишидан уялиб кетди.

– Мени кечиринг, ойижон! – деди-да, чой тўла идишни ариққа ағдарди. Сўнг Наимга ҳам қарамай, кўчага қараб чопиб кетди. 

Саида ИБОДИНОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!