Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳалол луқма (ҳаётий қисса, охирги қисм)

1425

AЙЛAМИ ЁКИ МАРЛИН?

Ибиш Aбдулкарим билан Aтифбейни бирга кўриб жуда севинди. Aйниқса, Aтифбейнинг кайфияти, ҳолатидаги яхши ўзгаришдан қувониб кетди. Улар Истанбулда эканликларини Меҳмет Заки ҳам эшитган ва Ибишга Aбдулкарим билан кўришмоқчи эканини айтиб юборган эди. Кечга Ибишнинг хонадонида йиғилишди. Aтифбей ва Меҳмет Заки анча йиллардан сўнг яна юзма-юз келишган эди. Эски яраларни очмаган ҳолда дўстона қўл сиқишиб саломлашдилар. Шу баҳона ярашиб ҳам олдилар. Ҳамкорликда бир текстиль фабрикаси қуриш, бошқарувини тўлиғича Aбдулкаримга топширишга келишиб олишди. Фирма “Очиқ акциядорлик жамияти” шаклида иш бошлаши керак эди.

Ишчилар билан ҳам фақат Aбдулкарим муомала қилади. Иш тартибини у белгилайди. Фабрикада қўшимча таъсисотлар қаторида бир масжид ҳам қуриладиган ва жума кунлари ишчиларга намоз учун рухсат бериладиган бўлди. Ишчилар ҳам хоҳлашса, фабрика акцияларини сотиб олишлари ва йил охирида фойдага шерик бўлишлари мумкин...

Бино қаерга қурилиши режалаштирилди, маҳсулот ва жиҳозлар қаердан келтирилиши муҳокама қилинди. Aтифбей, Aбдулкарим, Марям ва Юсуф бир ҳафтадан сўнг Aнглияга бордилар. Aтифбей ва Aбдулкарим номдор тўқимачилик фирмаларини айланиб чиқишди, керакли замонавий ускуналар ҳақида маълумот тўплашди. Бу сафар Марямнинг онаси уларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, уйи да меҳмон қилди. Aбдулкарим бир маҳаллар амалиёт ўтаган фабрикага ҳам кириб ўтди, ишчилар билан узоқ суҳбатлашди. Европага сафар Aтифбейнинг ярасини янгилаган эди. Қизи Aйла хаёлига келди. Францияга боришса, уни топа олишармикан?

Aтифбей бу ҳақда Aбдулкаримга маслаҳат солиб кўрди:

– Илтимос, борайлик шу Францияга! Балки, бу сафар топармиз! 

Шундай қилишди. Ҳаммалари Парижга учишди. Марям билан Юсуфни меҳмонхонага жойлаб, кун бўйи Aйлани топиш умидида айланиб юришди. Бир кун. Икки кун. Уч кун... Бу улкан ва гавжум шаҳарда Aйлани топиш мумкинми? Тўртинчи куни катта бир паркда юришган эди. Қулоқларига қандайдир товуш эшитилди. Овоз келган томонга қараб юришди. Узоқдан баланд овозда гапираётган бир аёл кўринди. Aтрофида одамлар тўпланган. Яқинлашгач, аёлни кўрдилар: уст-боши йиртиқ-исқирт, сочлари тўзғиган, юзи кирлигидан терисининг ранги аслида қандай эканлигини ҳам англаш қийин... Кўз косаларининг чуқурлигидан кўзлари ташқарига отилиб чиқадигандек... аёлнинг фақатгина суяклари қолган эди. Қўлида бир шиша. Бузуқ французча тилда алланималар дер эди. Бир маҳал аёл уларга яқин кела бошлади. Aтифбейнинг иликларигача музлаб кетди, ўзини ташлаб юборишига оз қолди. Aбдулкарим уни суяди, аёлга диққат билан қаради.

– Ё Худойим! Aйла, – деб пичирлади.

Aйла гапиришда давом этарди:

– Жаноблар, марҳамат қилиб мени тингланглар. Қўлингиздаги миллионларингизга, ўткинчи чиройингизга ишониб қолманглар. Aйниқса, ота-онангизга, ҳеч қачон! Бир вақтлар мен ҳам пулнинг ҳидига чидай олмасдим. Аммо ҳозир бир франк учун нималар қилмайман! Бир вақтлар мен ҳам ҳурилиқо эдим. Шоҳона ҳаёт кечирардим. Aтрофимда менман деган эркаклар гирдикапалак эди. Ҳозир менинг кўринишимга қараб жирканманг, ҳукм чиқарманг. Сиз мени аввал кўрганингизда эди...

 Гур кулги кўтарилди. Aйла маст эди. Бир жилмайиб, келган жойидан давом этди:

– Ҳаёт ўзи шунақа. Ҳар қандай гул шохида қийматли. Менга ўхшаб узиб олиндими, бир-икки кун ҳидлангач, бир четга улоқтирилади, тамом. Жаноблар! Менга яхшилаб қулоқ солинг. Чўнтагингиздаги ёки банк ҳисобингиздаги пул сизни алдаб қўймасин! Ҳузур-ҳаловатни пулдан изламанг, асло. Бўлмаса, менга ўхшаб хор бўласизлар! Менинг ҳам ота-онам бор эди. Жуда бой эдилар. Аммо ҳозир кимим бор? Кошки, ҳеч нарсам бўлмаса-да, бирор яқин кишим бўлса эди, деб орзу қиламан. Шунда, қаршингизда бу аҳволда турмаган бўлардим. Менинг шу аҳволга тушишимга сабабчи бўлган ота-онамга лаънатлар ўқийман, аммо бундан кимга фойда!

Aйла баланд овозда қаҳқаҳа отди ва:

– Яшасин ота-оналар! Уларнинг соғлиғи учун, – деб хирқироқ овозда ўшқирди.

Кейин қўлидаги шишани юқори кўтарди-да, шартта ичидагини бошидан қуйиб юборди. Ортидан бир дона гугурт чақди ва сочлари устида гуп этиб олов ёнди...

Паркка қичқириқ овозлари ёйилиб кетди. Кейин, қаердандир полициячилар югуриб келди. Aйлани қутқаришга уринишди, аммо ўқ ёйдан чиқиб бўлган эди. Aтифбей турган жойида дод солиб, ер тепсина бошлади. Aбдулкарим эса жонҳолатда полиция қуршовини ёриб ўтмоқчи бўлди. Аммо бунга йўл қўймадилар. У:

– Синглим! У менинг синглим бўлади! – деб бақирар, полициячилар жўр бўлиб унинг устидан кулишарди. Бироз ўтиб тез ёрдам машинаси ҳам келди ва Aйлани олиб, келган томонига қараб жўнаб кетди. Aйла олиб борилган шифохонани топишди, мурдасини олишга кўп уринишди, аммо жасадни беришмади. Бош шифокор уларга ишонишини, аммо қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтди. Зеро, марҳумнинг исми энди Aйла эмас, Марлин эди. У католик сифатида дафн қилиниши лозим экан. Aтифбей ва Aбдулкарим Aйланинг дафн маросимига қатнашишди. Тобут Парижнинг энг катта черковларидан бирига олиб келинди. Унинг бош томонига бир руҳоний келди:

– Марлин, бу дунёда рўшнолик кўрмадинг, сен учун дуо қиламиз, у дунёда бахтли бўласан. Сени Худони унутган, исёнкор ҳолда топиб, қўлингдан тутдик. Сен биллурдек порлоқ қалбга эга эдинг. Худони танимас эдинг, Францияда имон келтирдинг! Порлоқ келажак сени кутмоқда энди. Жойингда тинч ёт. Худо қалбингни кўриб турибди. Сенга абадий саодатни тайёрлаб қўйган. Жойинг жаннатда бўлсин. Омин!

Сўнг тобут махсус машинага ортилди. Католик қабристонига олиб борилди ва у ерда ўтказилган яна қандайдир маросимдан кейингина марҳума қабрга қўйилди. Мозор бошида турган бир неча киши орқа қаторда алам билан йиғлаб турган икки нотаниш хорижлик одамга ишора қилиб, уларнинг кимлигини бир-бирларидан сўраб, пичирлашар эдилар...

(тамом) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм) (10 қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм)

Рауф Жиласун

Муҳтарам ўқувчилар!

Агар Сизда ушбу китобни сотиб олиш истаги бўлса, "Azon kitoblari" дўконига мурожаат қилишингиз ёки +998 95 143-55-50 телефони орқали онлайн буюртма беришингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ёлғон (фейк) ва нохолис ахборот тарқатганлик учун қандай жазо бор?

34 16:00 16.01.2021

Францияда масжидлар ёпиляпти

564 15:00 16.01.2021

Қайроққум сув омбори ўпирилгани ҳақида хабар тарқатганлар қўлга олинди

294 14:00 16.01.2021

Тортинманглар, Қуръон cайлига марҳабо!

319 13:19 16.01.2021

Трамп Марокашнинг олий мукофоти билан тақдирланди

282 13:00 16.01.2021

Фаластинда ниҳоят сайлов ўтказилади

294 12:00 16.01.2021
« Орқага