Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Халқ мулкига хиёнат қилган дўзахийдир....

2764

“Фалончи бюджет молидан фалон миллиард сўмни талон тарож қилди”, “қайсидир амалдор ногиронларга ажратилган пулларга фалон миллиард зарар етказди” ва ҳоказо маълумотларни ўқиш оддий иш бўлиб қолди. Бу ҳам хиёнаткорлик экани, хиёнатнинг жойи дўзах экани, хиёнаткорлар қиёмат куни байроқ кўтариб унда "хиёнаткор" деган ёзилган бўлиши ҳадисларда келтирилган.

Халқ мулкини, ўзгалар молини ноҳақ ўзлаштирувчилар кўпайиб кетаётгани ачинарли ҳолдир.

Фуқаҳолар:  “Ўғирлик моли ўғрининг зиммасига тўланиши керак бўлган қарздир”, деб айтишган. Яъни, бировнинг молини ўғирлаган киши унга ўша молини қайтариши лозим, бўлмасам қиёмат куни савобларидан беришига тўғри келади. 

Энди ўша ўғирлик мол омма халқники бўлса-чи? Қиёмат куни миллионлаб одамлар ҳақини талаб қилса ўғирлик қилган кимсани ҳоли нима бўлади экан?

Омманинг моли деганда халққа тегишли мол тушунилади.

Масалан: ўқув юртлар, мактаблар, мадрасалар, электр, газ, сув ва ҳоказолар оммани моли ҳисобланади. Бу молга халқ ҳақли ва улар орасидаги ночор, бева ва етимлар янада ҳақлироқдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».

(Нисо, 29-оят).

Оятдаги таҳдидда барча мусулмонларнинг моли бир-бирига ҳаромлиги айтилади. Бу хос инсонларми ёки омма халқми шу ҳукмда бўлаверади.

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш  каби ишлар киради ва бу жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб бориши маълум. 

Шайх Нобулсий қуйидаги воқеани келтиради:

Лондонга кўчиб келиб яшайдиган имом бор эди. У  уйидан масжидга автобусда қатнар эди. Бир кун автобусга чиқиб, йўл ҳақини тўлаб ўтирди. Ҳайдовчи берган пулига қайтим бераётиб керагидан 20 пенс ортиқча берди.(бу арзимас қиймат). 

Имом бироз ўйланиб, ўзига: 

– Бу ортиқча маблағ менга тегишли эмас ва уни қайтаришим лозим. Чунки, бу ортиқча пул менинг ҳаққим эмас",  – деди.

Сўнгра унга: “Бу  биров назарга илмайдиган қиймат-ку, қолаверса бу пул сабабли автокорхонага ҳеч бир зарар етмайди. Демак, бу пул Аллоҳнинг менга ҳадяси ўлароқ ўзимда олиб қоламан, ҳайдовчига эса индамайман", деган ўй келди.

Имом бир ундай, бир бундай ўйлар оғушида ўзи тушадиган бекатга келиб тўхтагач, у чўнтагидан ортиқча 20 пенсни чиқариб ҳайдовчига бериб: 

– Марҳамат қилиб олиб қўйинг, менга керагидан ортиқ қайтим бериб юборибсиз, – деди. 

Ҳайдовчи табассум ила пулни олиб: 

– Сиз янги имом бўлиб келган инсонсиз-а? Менда анчадан бери масжидингизга бориш, динингиз билан танишиш фикри бор эди. Узр, аммо қани нима қилар экан  деб, атайин ортиқча қайтим қайтарган эдим, – деди.

Бугунга келиб майда пулларни бермай қўя қоладиганлар пайдо бўлган.

Эътибор қилсак, арзимасгина чақалар ҳам иймонли, охиратдан умиди бор инсонлар учун қиймати бўлиб, бировни ҳақи ҳаром, ўзгани мулкига тажовуз Аллоҳ ғазабига дучор бўлиш ва ҳалокат сари юз тутиш эканига амин бўламиз.

Ҳаром катта бир тўғон ичидаги беркитилган нарса бўлиб, тўғон эшигини озгина нарса тешиб юбориши мумкин. Халқ мулкидан озгина олиш катта катта ҳаромларга етаклайди, сўнгра эса ҳаромларда ғарқ бўлиб, ҳалок бўлиш мумкин.

Адий ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бирор ишга бошлиқ қилсаг-у, у игнадек нарсани яширса, Қиёмат куни омонатга хиёнат қилгани учун жавобгарликка тортилар”, деб айтдилар. Шунда Ансор қабиласига мансуб қора танли бир киши Набий алайҳиссаломнинг ёнларига келди-да:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Менга топширган ишингизни қайтариб олинг, – деди. 

Расулуллоҳ алайҳиссалом: 

– Сенга нима бўлди?, – деб сўрадилар.

У одам: 

– Сизнинг шундай шундай деганингизни эшитдим, – деб жавоб берди. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, озиниям, кўпиниям яширмай олиб келиб берсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин”, деб айтдилар. 

Муслим ривояти.

Бошлиқ бўлиш фақатгина деганда катта мансабдор тушунилмайди. Аксинча, ҳар бир икки ёки кўпроқ инсонга бошчилиқ қилиш ёки бирон ишга масъул бўлиш тушунилади. Агар нинадек нарсани ўз манфаати учун ишлатганига қиёмат куни жавобгар бўлса миллионлаб, миллиардлаб халқ мулкини ўзлаштираётганлар ҳолига вой экан. Шунингдек, ўзига яқинлар, ўзига ёққанларга кўпроқ ойлик бериб, қолганларга камроқ бераётганлар ҳам ҳушёр бўлишлари лозим экан.

Ҳавла бинти Амр разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи инсонлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади”,  деб айтганлар. 

Бухорий ривояти.

Омманинг, яъни халқнинг молида  барча мусулмонларнинг ҳақи бор. Ким омма молига тегишли яъни давлат молига тегишли бирон ишга масъул қилинса (раҳбар бўлса) у мол унга омонат ўлароқ бўлиб, бунга хиёнат қилиши ножоиз ва агар бу молга тажовуз қилса, унда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади.

Ушбу молга масъуллар бу молни сақлашга, лойиқ кимса ва ўринларга сарф этиши лозим. Улар бу молдан ўз эҳтиёжларига сарф этиши ҳаром. Чунки, аслида уларда бу мол эҳтиёжи йўқ ойликлари бошқа топаётганлари етарли. Кўпроқ мол-дунё топиш илинжида жамоат молига уйлар қуриб, машиналар олиб, ҳаром-ҳариш йўлларга сарф қилишади.

Бу эса дўзах сари етакловчи ишдир.

Умар розияллоҳу анҳу байтул мол (давлат мулки) ҳақида бундай деган:  "Байтул мол гўё етим молидек бўлиб, ўта зарур эҳтиёж бўлмаса мутлақ тийилади, ўта зарур эҳтиёж бўлсагина кифоя тарзда олинади халос"

 Аллоҳ таоло етимларнинг моли ҳақида бундай марҳамат қилган: 

«Етимларни то никоҳ (ёшига) етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур».

(Нисо, 6). 

Оятдаги «Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин», деган сўзларга эътиборли бўлиш, буни ўта жиддий огоҳлантириш деб қабул қилиш лозим. Жаннатийлиги тириклигидаёқ башорат берилган Умар розияллоҳу анҳунинг давлат мулки гўёки етим молидек, дея айтганлари ҳар бир мансабдор шахслар учун дастуруламал бўлиши керак.

Халқ мулкидан ноҳақ пул тўплаб қутураётганларга эса оят охиридаги  

«Ҳисобчиликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур» жумласи кифоядир.

Ҳозир ҳеч ким билмаяпти, ҳеч кимни кучи етмайди дейдиганларни ҳали Аллоҳнинг ҳисоб китоби, жазоси кутиб тургани ҳақ!

«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар».

(Нисо, 10).

Давлат мулкида ҳам етимларнинг моли бўлиши жиҳатидан бу молларни ноҳақ ейиш дўзах ўтини қорнига солишдек, сўнгра ўлгач,  тезда дўзахга равона бўлишнинг дебочаси бўлади. 

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўлим лагеридан омон қолган намозхон

915 21:30 18.01.2021

«Қуръони карим мусобақаси — 1442»: Учинчи ҳафта қатнашчилари аниқланди

93 21:15 18.01.2021

Ҳадис илми: ровий ўз ривоятига хилоф иш тутмаслиги

67 21:00 18.01.2021

Салом берадиган йигит ўлимдан қутилиб қолди

807 20:30 18.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (61-қисм)

158 20:00 18.01.2021

«Тарийқатул Муҳаммадийя» шарҳи (1-қисм)

245 19:30 18.01.2021
« Орқага