Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Суннатни ўрганамиз

Халқ мулкини ўмарувчилар, эҳтиёт бўлинг!

1992

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбарни фатҳ қилиб кўп ўлжага эга бўлдилар. Уларни саҳобалар ўртасида тақсим қилдилар. Сўнг Мадинага қараб йўл олдилар. Қайтаётиб йўлда Водий Қуро номли жойда тўхтадилар. У зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Мидъам исмли қуллари бор эди. Мидъам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётганида қаердандир дайди ўқ келиб унга тегди ва у вафот қилди. Ўқни ким отганини ҳеч ким билмай қолди. Кишилар:

"Унга шаҳидлик муборак бўлсин!", дейишди.
Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Йўқ! Аллоҳга қасамки, Ҳайбарда тақсимланмаган ўлжадан яширинча олган чопони унинг устида олов бўлиб ёнаяпти!", дедилар.
Мидъам жиҳод қиламан деб чиққан эди. Ҳайбарда мусулмонлар ғалаба қозонишгач, ҳамма саҳобалар ўлжани Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уни тақсимлаб беришлари учун у зотнинг олдиларига жамлай бошлашди. Шунда Мидъам бир чопонни ўғирлаб уни яширган эди. У чопон унинг азобланишига сабаб бўлди. Зеро, у барча мусулмонларнинг моли эди. Мидъам эса уни ўзиники қилиб олган эди.
Омманинг молини ўзлаштириб олиш мумкин эмас. Уни шахсий манфаат учун ишлатиб бўлмайди. Йўқса омманинг моли Мидъамни куйдиргани каби кишининг куйишига сабаб бўлади.
Омманинг мулки бўлмиш кўчадан уйини кенгайтириш учун бир метр қўшиб олган киши гўё дўзахдан бир қисм олган билан тенгдир.

Сайлгоҳлардаги ўриндиқлар омманинг мулкидир. Ким уларни ўзлаштириб олса дўзахдан бир қисм ўзлаштириб олгандир.
Умумий кутубхонадаги китоблар, вазирлик ва ҳукумат доираларидаги анжомлар, компютерлар, қоғоз-қаламлар омманинг мулкидир. Ким уларни ўзлаштириб олса дўзахдан бир парчани ўзлаштириб олибди.
Булар кичкина ишлар эди. Энди катта ишларда-чи?!  

Йўл қуришдаги қурилиш хомашёларини ўзлаштириш, кўприк қуришда ишлатиладиган арматура  ва цементни ўзлаштириш, ҳукумат биноларини қуришда ишлатиладиган қурилиш молларини ўзлаштириш дўзахдан бир парча ўзлаштиришдир. Улар ҳукуматни эмас, аслида миллатни ва ватанни ўғирлашди.
Аллоҳ таоло Ўзи билан бандалари ўртасидаги гуноҳлар учун раҳмли ва мағфиратли зотдир. Истаса кечирар, балки. Аммо иш бандалар ҳақи ва омманинг моли томонга қараб кетар экан, Унинг ОДИЛлигини ҳам унутмаслик лозим бўлади. Ҳақларни ўз эгаларига олиб бериши ҳам Унинг адолатидандир. Инсонларнинг хусусий ва умумий ҳақидан эҳтиёт бўлайлик.
Ҳеч қачон бировнинг шахсий ўриндиғини олиш ҳаром-у, эгаси йўқлиги учун омманикини олиш ҳалол деб ўйламанг. Аксинча, омманинг молига омма хўжайин. Уни ўғирлаш омманинг молини ўғирлашдир. Қиёматда хусуматчингиз кўпаяди!

Абдулқодир Полвонов

Манба;Azon.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага