Халқаро Ислом Академияси қошидаги лицей устидан Олий Судга берилган ариза рад этилди

16:12 23.05.2019 3464

Аввалроқ, адвокат Абдувоҳид Ёқубов қизи Нозима Абдуқаҳҳорова Халқаро Ислом Академияси қошидаги академик-лицейда рўмол ўраб юриш ҳуқуқини талаб қилгани, шунингдек Халқаро Ислом Академиясининг собиқ талабаси Мўминжонова Луиза рўмоли сабабли дарсларга қатнаша олмай, ўқишдан четлатилгани муносабати билан судга ариза берган эдилар. Биринчи ва иккинчи инстанцияларида, яъни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди ва Тошкент шаҳар суди ишларни кўриб чиқиб, аризачиларни қониқтирмаган эди. Шундан сўнг, аризачи адвокат Абдувоҳид Ёқубов Ўзбекистон Республикаси Олий Судига 2019 йилнинг 28 март куни ариза берган. Шу йилнинг 8 май куни аризага жавоб хати келди. Бу хат ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Хатдаги ажримга кўра Олий Суд бу аризани "назорат шикояти келтирилган важлар суд қарорларини бекор қилиш ва аризани қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш учун асос бўлмаганлиги" сабабли рад қилган.

Шунингдек, аризачиларга қарор юзасидан норозиликлари бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси ёки унинг ўринбосарига шикоят қилишлари мумкинлиги айтиб ўтилган.

Эндиликда Халқаро Ислом Академиясининг собиқ талабаси Мўминжонова Луиза ўз аризасига Олий Суднинг жавобини кутмоқда.

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!