Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Халқпарварлик манзаралари

464

Амир Темур қўл остидаги юртларда адолат ва халқпарварлик билан ҳукм юритди. У оддий фуқароларнинг эҳтиёж ва талабларига риоя қилиб, улар ҳолидан ҳамиша хабардорлик ҳисси билан яшагани ҳолда оддий халққа зулм ва тошбағирлик кўрсатган, адолат мезонларини бузган волий ва саркардаларга аёвсиз қаттиққўллик билан муносабат кўрсатар эди. Биргина мисол: Тошқанд вилоятининг ҳокими Ўлжойту Муҳаммад Қуллуқ Амир Темур тарафидан масъул вазифага қўйилган зобитлардан бири эди. Ишонган кишисидан исён чиқиши Амир Темурнинг ғазабини қўзғаб юборди. Тошқандни Ўлжойтудан тозалаш ҳарбида бир оёғидан яраланиб, чўлоқ ҳам бўлди. Ўзининг тарбиясини олган Ўлжойту валий неъмати билан охирги нафасигача уришди. Ниҳоят, Тошқанд шаҳри бутунлай вайрон қилганидан кейингина таслим бўлиб, ўлиб кетди. Албатта, Амир Темур исёнчига қаттиқ жазо бермай қўймасди, унинг юртини харобага айлантириб ташлаш ҳам қўлидан келарди. Аммо Соҳибқирон Тошқанд шаҳрини қайта обод қилиш учун кўп пул сарфлаб аввалгидан яхшироқ қуриб қўйди. Бу нарса ҳам унинг ватанпарварли- гидан бир нишонадир.

Ҳижрий 770–777 йилгача Амир Темур Мовароуннаҳрдан ташқарига чиқмади. Бу йиллар ичида давлатнинг кутиб турган ички ишларидан бир қанчасини қилиб олди. Масалан, Амударёгача ёйилган ҳудуд ичида амният (тинчлик-осойишталик) ўрнатди. Йўлларни ўғри, қароқчилардан тозалаб, савдо карвонлари юрадиган манзилларни бехавотир қилиб қўйди. Ўша кундан бошлаб Мовароуннаҳр ичида асрлар бўйи ўғрилик, қароқчилик қайталанмади.

Амир Темурнинг эл-улус фаровонлиги йўлида қилган хизматларидан яна бири у юртдаги икки дарё – Сайҳун ва Жайҳундан сув чиқариб, экин майдонларини янгидан очди ва бу ерларни халққа тақсим қилиб бериб, зироат, чорвачилик ишларини ривожлантириб юборди. Ҳунармандчилик ва ишлаб чиқаришга аҳамият бериб, усталардан кўпроқ шогирд чиқаришни талаб этди. Соҳибқирон кўплаб шаҳарлар солди, ариқлар чиқарди. Масжид, мадрасалар бино қилиб, ўқув масканларини зарур воситалар билан таъминлади. Шу вақтларда ташқи мусулмон мамлакатларидан келган мударрисларгина эмас, талабалар адади ҳам ниҳоятда кўпайди.

Бир йили Мовароуннаҳрга келган чигиртка офати бутун ўрмонлар, боғлар, экинзорларни қип-қизил саҳрога айлантириб кетган эди. Бунинг оқибатида Мовароуннаҳр аҳолиси, жонзот-ҳайвонлари очарчиликка кирди.

Очарчилик туфайли одамлар нобуд бўлдилар, ҳайвонлар ёппасига ўла бошлади. Бозорларда нон топилмай қолди: мамлакатга қаҳатчилик келди. Шундай вақтда халқи учун фидокор Соҳибқирон олти ойғача бир жойда тиниб ўтирмади. Қишлоқларга бориб, деҳқонларнинг кўнглини кўтариш билан бирга ўзи бекор турмай, нўхат, ловия, мош каби дуккакли донларни ҳам экишга тарғиб қилди. Баъзиларга қўшилиб кетмон чопди, деҳқонга ёрдамлашиш билан уларнинг кўнглини кўтарди. Зарафшон суви пастлаб кетгани учун тўғон боғлаб, дарё сувини далаларга чиқариб, деҳқонларни буғдой, арпа экишга тарғиб қилди. Бозорларга четдан дон сотиб олиш билан нонни сероб қилди. Амир Темур ҳолатдан чиқиш учун масжидлар орқали қўлида егулик заҳираси бор одамларни яхши нарх эвазига ўзидаги донларини сотишга даъват қила бошлади. Соҳибқирон жангу жадалларда бўлгани каби раъиятнинг аҳволини ўнглашда ҳам қаҳрамонлик кўрсатди. Сунбула ойларида ҳосиллар йиғиштирилиб, халқ ҳалокатли қаҳатчиликдан эсон-омон чиқиб олди. Чорвалар чет ўлкалардан яна ўз яйловларига қайтди.

Ҳижрий 777 йили Мовароуннаҳрда аҳвол бироз ўзгарганидан кейин, Соҳибқирон ўз айбларини билди, гуноҳларини эътироф этиб, истиғфор айтди. Ўйин-кулги билан ўтган кунларига надомат қилди. Шаҳардан ташқаридаги лашкаргоҳда туриш билан мақсадга эришиб бўлмаслигини тушиниб, дарҳол қароргоҳини саҳродаги чодирга кўчиртирди. Заруратсиз шаҳарда турмасликка, ҳафтанинг жума кунида аскарлар билан барабар бир кун дам олганда, навбати келган хотинининг қасрига тушишга аҳд қилди. Эртаси яна саҳрода аскарлари билан ҳарбий таълимда барабар иштирок этишга, футуҳот ишларини юртдан ташқарида олиб боришга қарор қилди.

Амир Темур ўз футуҳотларида тутган сиёсатини ўзгартирмади. Масалан, бир мамлакат қалъасига ҳужум бошланар экан, улар таслим бўлса, шаҳар халқи, мол-ҳоллари саломат қолишини олдиндан билдирар эди. Акс ҳолда, яъни қаршилик қилинса, шаҳарнинг қатлиом қилиниши, молларини талон-тарож бўлиши аниқ эди.

Темурнинг раият қувонч ва ташвишларига қизиқиши юқоридаги ишлар билангина чекланиб қолмайди. У Аллоҳга маъсият бўлувчи гуноҳ ишларни ман қилиш, халқини бундай ишларга яқинлашишдан қайтариш борасида ҳам бир қанча тадбирларни амалга оширди. Шулардан бири – ҳукмдор мамлакатда май ичишни тақиқловчи фармонга имзо чекди. Унга кўра, одамларни фойдали ишлардан қайтарадиган, гуноҳ ишларга етакловчи ва оқибатда турли ёвузликларни келтириб чиқарадиган ичкиликбозлик иллати мамлакатнинг осуда ҳаётига катта раҳна солиши мумкин эди.

Соҳибқирон жамият ҳаётидаги энг муҳим масалалар бўйича бир қарорга келишдан олдин ҳокимлар, етакчи саркардалар, атоқли уламолар, сарой аъёнлари ва аслзода, солиҳ кишилардан иборат ҳайъат аъзолари иштирокида қурултой ўтказар эди. Ўша масалани кўпчилик ҳукмига ҳа- вола этганидан сўнг, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ҳал қилувчи охирги қарорни чиқарарди. Амир Темурнинг буюк хизмати шунда эдики, у жанглар ва юришлари билан салтанатни кенгайтириш ва бойлигини кўпайтириш баробарида мамлакатининг равнақи, раиятнинг фаровон ҳаёти йўлида кўп хайрли ишларни қилди. Айниқса, унинг салтанатда саноат-ҳунармандчилик ишларини ривож топтириш, жаҳоннинг турли бурчакларидан ўз ишининг моҳир устаси бўлган ҳунар аҳлини Самарқандга келтириш учун қилган саъй-ҳаракатларини муаррихлар завқ билан ёзишади. Ғарб сайёҳи Ҳерман Вамберининг ҳикоя қилишича, “Темурнинг амри билан Дамашқнинг энг моҳир тўқувчилари, Ҳалабнинг машҳур пахта йигирувчи корхоналари, Анқаранинг мовут корхоналари, Туркия ҳамда Гуржистон заргарлари, хуллас, саноатда қанча моҳир ишчилар бор бўлса, ҳаммаси Самарқандга кўчдилар. Чунончи, Самарқандда барча дин ва миллат кишилари жам эдилар. Ғарб элчиси Клавихо бу ерда яшовчи аҳолини санаб, 130.000 дегани хато бўлмаса керак. Ушбу аҳволга кўра, Самарқанднинг бутун Осиё савдосида мол омбори ўрнини эгаллагани- ни фаҳмлаш жуда осон, деб ўйлайман. Хусусан, бунда ички савдо яхши тараққий этган, катта аҳамиятга молик бўлиб, ниҳоятда улуғ миқдорга эришган эди. Бу ерга Ҳиндистондан жуда кўп атторлик ва бўёқ тижорати карвонлари келиб турарди. Хитой ипак газламалар, чинни косалар, қадаҳлар, мушк, қимматбаҳо ақиқ тошлар юборарди. Мамлакатнинг шимол тарафидан ноёб пўстинлар келар эди. Ушбу турли иқлимларнинг моллари Самарқанд бозорларида той-той бойланиб, Осиёнинг энг катта шаҳарларига ва Буюк ипак йўли орқали Ғарбий Европага жўнатилар эди. Савдогарлар бу йўл орқали Хоразм, Астробод, Нижний Новгород, Москвадан Генза кўлига борар эдилар. Иккинчи Ҳирот–Қазвин–Табриз–Трабзун йўли билан генуяликларнинг, венецияликларнинг, пизаликларнинг савдо кемаларига тушиб, Европага етардилар. Ниҳоятда қўрқинчли, жангу жадаллар замонлари бўлишига қарамай, Темур ҳокимиятининг сояси тушган ерларнинг барчасида савдо жуда жонли ва хавфсиз эди. Биз қайта-қайта зикр этган Испания элчилари бунга энг ишончли шоҳиддирлар. Бу элчилар ҳайъати Трабзундан йўлга тушиб, баъзи душман вилоятлари орқали Самарқандга борганлар. Атрофида деярли соқчилари йўқ ҳолда, ғарбнинг ноёб ашёси юкланган кажавали карвонни манзилга безарар етказишган. Бу воқеа Анқарадаги қатъий тўқнашувдан кейин ва Ғарбий Осиёда бошбошдоқлик ҳукм сурган вақтда содир бўлган эди. Темурнинг зуҳури билан кечган Ўрта Осиё маънавий тараққиёти Темурнинг авлод ва аждодларининг, яъни темурзодаларнинг хизматларига мансубдир”.

Тарихчилардан бири шундай ёзади: “Диний ишлар ҳамда бошқаришнинг бошқа турли қисмларига ҳам Амир Темур қўшинга қаратган эътиборидан кам эътибор қаратмасди. “Тажриба менга шуни кўрсатдики, деган эди у, қонун ва дин томонидан қўллаб-қувватланмаган давлат, ҳар қандай разил одам ҳам кира оладиган, томи, эшиги ва қулфи бўлмаган уйга ўхшайди. Шунинг учун мен ислом динини тиклаб, унга қонун ва қарорлар қўшишни лозим топдим”. Амир Темур босиб олинган ерларда эътиқод ишларини бошқариш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам авлодларига мансуб кишилардан бош муфтийлар тайинларди. Дин назоратига тегишли мол-мулкдан, масжидлардан хабар олиб туриш учун махсус назоратчилар қўйган эди. Пайғамбаримизнинг авлодлари, олимлар ва барча хизмат кўрсатган, ҳурматга сазовор кишиларга нафақалар белгиланган эди. Амир Темур шаҳарларда масжид, мадраса, шифохона ва етимхона (лангархона)лар, шаҳарни бошқариш ва қозилар учун бинолар (дорул-аморат ва дорул-адолат), йўлларда карвонсаройлар, дарёларга кўприклар ва ҳоказолар қурдирар эди. Амир Темур илм-фанга ҳомийлик қилар, олимлар билан халқлар тарихи ва буюк ҳукмдорлар ҳасби ҳоли ҳақида суҳбатлар ўтказишни хуш кўрарди. Ўтган даврдаги буюк шахсларнинг ижобий ишларига тақлид қилар, хатоларни қайтармаслик учун уларнинг муваффақиятсизликларини қунт билан ўрганар эди”.

Амир Темур ҳақида тарқатилган шов-шувлар бошқа давлатлардаги эътиборли одамларни, ўрдалар ҳокимларини, ҳатто қароқчи тўдалар йўлбошчиларини ҳам ўзига жалб этарди. Унинг Ислом дини арконларига ҳамиша риоя қилиши, жанг олдидан жамоат билан намоз ўқиши, кечалари чодирида нафл намозларни ўқиши тўғрисида мулоҳаза юритишлари жангчиларга мардлик ва муҳора- баларнинг муваффақиятли тугашига ишонч бағишларди. Қўшиннинг руҳиятига таъсир қилувчи бундай чора-тадбирларни қўллашдан ташқари, Амир Темур бўйсундирган давлатларини муваффақиятли бошқариш лозимлигини яхши тушунар ва бошқаришга лойиқ кишиларни маҳорат билан танлашни бунинг биринчи шарти, деб ҳисобларди. Амир Темур бошқаришнинг турли соҳаларига одамларни ўзи танлар, ҳар бир нарсани шахсан назорат қилиб турар эди. У одамларга меҳрибонлик ва сабр-тоқат билан муомала қилар, улар орасида тартиб ўрнатиб, кўр- сатмаларининг бажарилишини талаб қилар эди. Амир Темур ўз хизматидагиларни рағбатлантиришда бойликни аямас, уларни ўзи билан овқатланишга таклиф қилар, эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилар эди. Адолатли тарзда қўшинни ҳам, фуқароларни ҳам, ўз таъбири билан айтганда, қўрқув ва умид ўртасида ушлаб турар эди. Амир Темур ёрдамчиларини ақлли кишилар орасидан танларди. Вилоятларга ҳалол, инсофли одамларни ҳоким қилиб қўяр, улар эса ўз навбатида халқ ва қўшиннинг феъл-атвори, умуман диққатга сазовор ҳар бир нарса ҳақида унга ҳисобот бериб турар эдилар. Ёлғон хабар, зулм ва зўрлик, шафқатсизлик учун раҳбарларни қаттиқ жазоларди.

Махсус ишончли кишилар Амир Темурга халқнинг ҳолати ҳақида хабар бериб туришар, ўзи ҳам шу халқнинг урф-одатларига амал қилиш, умуман, халқ муҳаббатини қозонишга ҳаракат қилар эди. У халқ ва қўшин орасида бўлиб турадиган келишмовчиликларни ҳал қилиш учун махсус ҳакамлар тайинларди. Агар қўшин ва уларнинг бошлиқлари жойлашган шаҳар ва вилоятлардан нафақа оладиган бўлсалар, унда вилоятлар қисмларга бўлинарди. Қўшинга халқдан керагидан ортиқ нарсаларни талаб қилиш тақиқланарди. Буни назорат қилиб туриш учун ҳар бир қисмга иккитадан назоратчи (садр) ажратилган эди. Уларнинг бири халқни зўравонлик ва ортиқча солиқлардан ҳимоя қиларди. Қўшинга берилаётган ҳар бир нарсани аниқлар эди. Иккинчиси эса, қўшин халқдан олаётган нарсаларнинг ҳисобини оларди.

Ҳар бир бошлиқ (амир ёки мингбоши) учун уч йилга унга тегишли қўшинни таъминлаш жойи (шаҳар, қишлоқ, вилоят) бериларди. Бу муддат тугаганидан сўнг, аҳолининг бошлиқдан мамнунлиги ёки хурсанд эмаслиги, уларнинг турмуши яхши ёки ёмон томонга ўзгарганини билиш учун махсус назоратчи юборилар эди. Агар аҳоли бошлиқдан мамнун бўлса, у бу ерда кейинги муддатга қолар, мамнун бўлмаса, халқдан олинган ортиқча нарсаларнинг ҳаммаси ундан тортиб олиниб, уч йилгача ҳеч қандай маош берилмас эди.

Амир Темур солиқ солишда жисмоний жазо қўллашни тақиқларди. Унинг айтишича, ҳокимияти қамчи ёки хипчиндан кучсиз бўлган бошлиқ эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмасдир. Амир Темур бошлиқлардан зулм ўтказиш ва товламачилик қилишдан ўзларини тийишни талаб қиларди. Мансабини суиистеъмол қилиш очлик ва ҳар хил фалокатларга олиб келишини, халқни ўзга ерларга қочиб кетишга мажбур этишини билар эди. Соҳибқирон халқни талон-тарож қилиш давлат даромадининг камайишига олиб келади, бу эса ўз навбатида, қўшиннинг камайишига ва давлатнинг қулашига сабаб бўлади, дер эди.

Раиятнинг зиммасида бўлган жангчиларни боқиш ёки махсус солиқ тўлаш мажбуриятига кўра икки хил қўшин тури бўлган, деб хулоса чиқариш мумкин:

Биринчиси доимий турар жойларда жойлашган эди. Иккинчиси ўрдаларда ё Амир Темур бошчилигидаги юришларда бўлар эди. Доимий ҳаракатдаги қўшин аҳолидан озиқ-овқат ололмагани учун махсус нафақа билан таъминланар эди.

Босиб олинган ерларнинг кенгайиб бориши билан Амир Темур қўшинлари сони ҳам ортиб бораверди. Қўлга олинган вилоятлардаги қурол кўтарган ҳар бир киши Амир Темур лашкарига қабул қилинар ва амалига қараб маош оларди. Жасур жангчиларнинг фарзандларига ҳам нафақа тўланар, агарда улар жасорат кўрсатсалар, юқори мансабларга кўтарилишлари ҳам мумкин эди. Душман томон қўшинлари ҳам шу асосда хизматга қабул қилинарди.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россиядаги мигрантларнинг Ўзбекистонга қайтиши қандай оқибатларга олиб келади?

334 20:35 28.09.2022

Темурнинг охирги юриши

225 20:05 28.09.2022

Россияда хусусий самолётларда парвозларга талаб кескин ошди

208 18:25 28.09.2022

«Пахта иши»: Президентга мурожаат сабаблари. Россия-Украина: бизнес зарарда(ми?)

182 18:05 28.09.2022

44 кун: қаҳрамонлик, ғалаба ва озодлик

197 17:45 28.09.2022

Россия фуқароси бўлмасангиз, хавотир олманг!

468 17:20 28.09.2022
« Орқага