Ҳаммаси ота тарбияси кемтиклигидан...

23:00 04.05.2019 1060

Аввал эридан айрилди, сўнг тўнғич ўғлидан. Қадди чўкди. Қалби синди. Ўртанди. Куюнди. Телбасифат алпозда олти ойча яшади. Сўнг қайдандир қалбига нур инди. Қулоғига эгасиз овоз чалинди: “Сен Аллоҳнинг иродасига бунча шаккоклик қилмасанг? Боланг Аллоҳники эди, сенга берди. Тарбияладинг, ўстирдинг. Унга керак экан ўзи қайтиб олди. Аллоҳнинг ишига аралашмоқчимисан?..” У ўрнидан туриб букчайган қаддини тиклашга уринди. Яна қуёшга қаради. Яна умид тонгини кутадиган бўлди. Қизини бағрига босди, ўғлига суянди. “Ўлганнинг кетидан ўлиб бўлмайди,” деб пажмурда руҳини “тирилтирди”.  Талашди, тиришди. “Болаларим бировдан кам бўлмасин”, “Отаси борларга ўкинч аралаш ҳавас қилмасин”. У гул ёшлигини ана шу истаклар йўлида қурбон қилди. Аввал қизини узатди. Кейин ўғлини уйлади. Сўнг... ёлғизликка қўшилди ўзи. Қизини бадавлатроқ қариндошига узатганди, укасига ёрдами тегади, жигарини қўллаб туради деганди. Тақдирнинг унга аталган синовлари буткул тугамаган экан, куёви нобопроқ чиқди. Шаҳарда аллақанақа хотинга илакишиб қолиб, оиласини ташлаб кетди. Орадан бироз муддат ўтиб шаҳарда илакишган хотинини етаклаб келиб, ўзининг аёли билан болаларини уйдан ҳайдаб солди. Қариндош қизини келин қилаётганида  “ота ўрнида ота бўламан, қизингнинг отасиз ўсганини билдирмайман” деган ваъдалар билан остонасига келганди. Ўғли келинни ҳайдаётганда бир оғиз ҳам сўз демади. Қизи икки боласини етаклаб болалик уйига қайтганди, ўғлига ёқмади. Уй можароси бошланди. Бир кўрпачада тепишиб катта бўлган опа-ука отадан қолган ҳайҳотдай ҳовлига сиғмади. Ўғли билан қизининг ўртасига тушавериб ҳолдан тойди. Бир пайтлари бир майизни тенг бўлиб еган, оғзидаги луқмасини онасисиз ютолмаган боласи, бугун келиб онаси ва жигарига душман. “Ҳамма гап — ота тарбиясини кўрмаганлигида”, дейишди унга. “Ўша кезларда ёш эдинг, турмуш қурганингда қизинг ҳам ҳимоясиз қолмасди. Ўғлинг ҳам бунчалик меҳрсиз бўлмасди...” У аттанг билан лабини тишлади. Ахир у шу ўғлини деб бошқа турмуш қилмаганди. Болам ўгай ота остонасида ўксинмасин деганди-ку...

Умида Адизова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!