Янгиликлар

Ҳаммаси учун АҚШни лаънатлаш тўғрими?

2168

АҚШ Эрон генералини Ироқда ўлдиргандан бери Америкадан нафратланадиганлар кўпайиб кетди. Тўғри, аввал ҳам кам бўлмаган аслида. 

"Американи ер ютсин", "Америкага Аллоҳнинг лаънати бўлсин", "Америкаликларни қириш керак" деган қарғишлар ижтимоий тармоқларни тўлдирди.

Сал босиқроқ бўлайлик, биродарлар! 

Аллоҳнинг 320 миллиондан ортиқ бандаси яшайдиган бутун бир мамлакатни лаънатлаш ҳуқуқини сизга ким берди?! Уч миллиондан ортиқ мусулмон яшайдиган давлатга ҳалокат тилашга қандай ҳаддингиз сиғади? 40 миллиондан ортиқ 10 ёшгача бўлган мурғаклар яшайдиган жамиятнинг йўқ бўлиб кетишини тилаш учун инсон қанчалар шафқатсиз бўлиши керак?!

Эронда, Ироқда ёки дунёнинг исталган ҳудудида юз бераётган фожиалар ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин, бу фожиалар таъсирида пайдо бўлган ҳис-ҳаяжонингизни ифодалашдан олдин чуқур бир нафас олинг. Балки диний, тарихий, ҳуқуқий-сиёсий билимингиз тўлиқ эмасдир, лекин инсон сифатида мантиқни, фаросатни ишга солайлик. Давлат билан халқ, ҳукумат билан фуқаролар, шахс билан жамият ўртасида фарқ борлигини, Америка Қўшма Штатлари, бошқа исталган давлат ёки жамият каби, ўта мураккаб тузилма эканини, уни ёки у ерда яшовчи барчани бир қолипга солиб ҳукм чиқариб бўлмаслигини ўйлайлик.

Америкаликлар ҳам аслида  сизу биз каби инсон. Хурсандлигида кулади, хафалигида йиғлайди. Кимдир иши тугаши билан шошиб оиласи олдига ошиқади, фарзандини бағрига босиб эркалайди. Кечқурун куни яхши ўтгани учун Яратганга ибодат қилади. Дунёнинг исталган жойида бўлганидек, Америкада ҳам кимдир уятчан, содда, меҳрибон, кимдир кўнгли бўш ва  оилапарвар, яна кимдир жабр-зулмни кўрганда юраги эзилади, кўзига ёш олади... 

Мусулмон бўлмаса-да, Яқин Шарқда, Ироқда, Афғонистонда, Фаластинда мусулмонлар ноҳақ жабр-зулм кўраётганини ҳис этиб, улар ҳақлари учун курашадиган, умрини шу ишга баҳшида қиладиган америкаликлар ҳам оз эмас.

Америка ҳукуматининг ташқи сиёсатини, хусусан, Эрон, Исроил ва Яқин Шарқ бўйича позициясини қоралайдиган, ёқмалайдиган миллионлаб америкаликлар бор.

Американинг милитаристик ташқи сиёсатига қарши бўлган сиёсатчилар, тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари жуда-жуда кўп. Улар Американинг ҳозирги сиёсатини шу пайтгача тинимсиз танқид қилиб келган ва бундан кейин ҳам шу ишида давом этади. Ҳеч ким уларнинг оғзини ёпаётгани йўқ. Ҳукуматни танқид қилаётгани учун бирортаси тазйиққа олинаётгани йўқ. Американинг қудрати ҳам, буюклиги ҳам аслида шунда. 

Хуллас, давлатнинг, ҳукуматнинг нотўғри ишини деб бутун бир жамият устидан ҳукм ўқишга эҳтиёт бўлайлик. 

Ўзбекистон ҳукумати йўл қўйган хатоларга халқни айбдор қилиб кўрсатмаётганимиздек, АҚШ ҳукумати қўл урган номаъқулчиликлар учун ҳам Америка халқига лаънат ўқимайлик.

Мавзуга оид:
Америка самолётларининг Ироқ ва Эрон осмонидан ўтиши тақиқланди

Охир-оқибатда, ҳаммамиз инсонмиз. 

Қайси давлатнинг одамлари яхшироқлигини, қайси бирида ёмонлар кўпроқ эканини билмаймиз. 

Қайси давлат сиёсати адолатлироқ экани ҳам жуда баҳсли. 

Бу баҳсга киришмаган маъқул, чунки унинг ниҳояси йўқ.

Б.Мамадиев

Эслатма: Сайтда чоп этиладиган мақолаларда келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар Azon.uz таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Афғонистонликларнинг ҳеч бири урушдан “бенасиб” қолмади...

157 11:00 24.02.2020

Америкалик мусулмонлар президент сайловида кимга овоз беради?

745 17:30 22.02.2020

“Толибон билан шартнома имзоланади”

416 16:30 22.02.2020

Афғонистон: тинчликка умид уйғондими?

370 15:00 22.02.2020

Қачонгача «лайлак ҳайдаб» юрамиз?!

1974 09:20 22.02.2020

11 нафар АҚШ фуқаросида коронавирус аниқланди

327 17:45 21.02.2020
« Орқага