Ҳанафий фиқҳида мухтасар (1-қисм)

16:00 12.04.2019 518

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муқаддима

Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ъала Расулиллаҳ! Алҳамдулиллаҳи Роббил ъааламийн.

Демак биз бугун "Ал-мухтасар фий фиқҳил-ҳанафий". «Ҳанафий фиқҳида мухтасар» деган китобдан инша Аллоҳ суҳбатларимизни бошлаймиз. Китобнинг муаллифи Ҳакимул Умма Ашраф Али Таҳановий роҳимаҳуллоҳ бўладилар. Бу китоб Урду тилида ёзилган бўлиб, уни шайх Риёсат Али араб тилига ўгирган эканлар. Устоз муфтий шайх Маҳмуд Ашраф ал-Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бунга тақлид ёзиб, қўллаб-қувватлаган эканлар.

Бу китоб Ҳинд ва Покистон уламолари орасида жудаям машҳур. Кўп жойларда дарслик сифатида ўқитишади ҳам. Шарҳлар битилган китоб ҳисобланади. Демак бу китобнинг биринчи китоби «Китобил ъилми вал-ийман» «Илм ва иймон китоби».

Коинот йўқлик бўлган. Аллоҳ таоло уни пайдо қилган. Аллоҳ таоло уни йўқликдан борликка олиб чиққан. «Аллоҳу аҳад», Аллоҳ бирдир. Унинг фарзанди ҳам йўқ, хотини ҳам йўқ. У бировдан туғилган эмас. Бошқага ҳам муҳтож эмас. У азалдан бор ва абадгача қолади. Унинг мисли йўқ, Унинг тенги йўқ. «Ҳайюн», тирикдир. Ҳар нарсага қодирдир. Унга ҳеч нарса махфий қолмас. осмонлардаги ва ердаги ҳамма нарсани билади. У кўради, эшитади, гапиради. Унинг гапи бизнинг гапимиздек эмасдир. Хоҳлаганини қилади. Унинг қилгани ҳақида, бировнинг сўрашга ҳаққи йўқдир. У ҳақиқий ибодат қилинадиган Зотдир. «Лаа шарийка лаҳу», Унинг шериги йўқдир. Бандаларга раҳмлидир.

«Маликун», подшоҳдир. Айбларнинг ҳаммасидан муназзаҳ, покизадир. Бандалари учун нимани хоҳласа, ўша бўлади, нимани хоҳламаса у бўлмайди. У бандаларини офатдан қутқаради. «Ъалийюн», олийдир. «Кабирун», каттадир. «Холиқу кулли шайъин», ҳар нарсанинг яратгувчисидир. «Валаа хоолиқо лаҳу», лекин Унинг яратгувчиси йўқдир. Гуноҳларни мағфират қилувчидир. Ризқ берувчидир. Хоҳлаганига ризқни кенг қилиб беради. Хоҳлаганиникини танг қилиб қўяди. Хоҳлаганининг даражасини кўтариб қўяди. Хоҳлаганиникини пасайтиради. Хоҳлаганини азиз қилади. Хоҳлаганини хор қилади.

Одилдир, ҳалимдир, шакурдир. Яъни бандаларининг ибодатини улардан қабул қиладир. Шакур шундай маънода. Даъватларни, дуоларни қабул қилувчидир, уларга ижобат қилувчидир. Ҳамманинг устидан ғолибдир. Унинг устида ҳеч нарса ғолиб эмасдир. Унинг феъллари, ишлари ҳикматдан ҳоли эмасдир. «Юҳйи ва юмийту», тирилтиради, ўлдиради. Яратишни бошлаган. Қиёмат куни яна уни қайтадан яратади. Барча унинг қудратларининг кўриниши билан таниб олади. У барча халқнинг илми ортидадир. Яъни, ўша илмларга эга бўлган кишиларгина, Уни таний оладир. Ҳидоятга йўлловчидир. Ҳар қандай иш Унинг машиаси, хоҳишига қараб қолгандир. Яъни хоҳишига боғлиқдир. Уни уйқу ҳам, эсноқ ҳам тутолмайди. Яъни, ухламайди ҳам, эснамайди ҳам.

 

Ҳакимул Умма Ашраф Али Таҳановий роҳимаҳуллоҳнинг Ал-мухтасар фий фиқҳил-ҳанафий (Ҳанафий фиқҳида мухтасар) китобидан

Мубашшир АҲМАД таржимаси ва шарҳи

Давоми бор...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!