Ҳанафий фиқҳида мухтасар (3-қисм)

19:00 08.05.2019 273

Аллоҳ пайғамбарларни ўзининг бандаларининг ҳидояти учун юборди. Шу бандаларнинг ҳидояти, тўғри юришлиги учун юборди. Бу Парвадигорнинг бизни ўйлаганлигидан, бизга раҳми келганлигидан. Бўлмаса шундоқ ташлаб қўйса ҳам бўларди, чунки ақлимиз бор, ақл берганди. Ўша ақлимиз бўйича яшаб ўтиб, имтиҳон қилиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳ бизга раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатадиган пайғамбарларни юборди. Уларнинг қўлларида баъзи бир ишларни амалга ошириб қўйди, изҳор қилиб қўйдики, у ишлар олдида башар ожизлик қилади. Яъни пайғамбарларни қўлида мўъжизаларни жорий қилиб қўйди, бу илоҳий ҳодисаларни юзага келтиришликка одам боласи ожиз. Нима учун пайғамбарларга шундай мўъжиза берди? Уларни қўллаб-қувватлаш учун, рисолатларни халққа исботлаб қўйиш учун. Мана шу ишлар мўъжизалар деб номланади. Пайғамбарлар гуноҳлардан маъсумдирлар. Яъни гуноҳ қилмайдилар. Уларнинг сони қанча эканлигини аниқ фақат Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Масалан, биз тахминан  бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар ўтган экан, Қуръонда йигирма бештаси зикр қилинган экан, деб айтишимиз мумкин. Лекин аниқ сонини фақат Аллоҳ таоло билади. Пайғамбарларнинг энг аввалгиси Одам алайҳиссалом ва охиргиси Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдирлар.. Уларнинг ичида Нуҳ алайҳиссалом, Исоқ алайҳиссалом, Ёқуб алайҳиссалом, Юсуф алайҳиссалом, Довуд алайҳиссалом, Сулаймон алайҳиссалом, Айюб алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Ҳорун алайҳиссалом, Закариё алайҳиссалом, Яҳё алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Солиҳ алайҳиссалом, Ҳуд алайҳиссалом ва Шуайб алайҳиссаломлар бор. Биз мусулмонлар пайғамбарларнинг ҳаммасига иймон келтирамиз.Номларини билган - билмаганларимизга ҳам иймон келтирамиз. "Аллоҳ таоло юборган жамики пайғамбарларга иймон келтирдик", деймиз. Аллоҳ таоло баъзи пайғамбарларни, баъзи пайғамбарларга нисбатан фазилатли қилиб қўйди. Пайғамбарларнинг энг афзали, бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдирлар. Зеро у киши пайғамбарларнинг энг охиридирлар, у кишидан кейин пайғамбар келмайди. У зот қиёмат кунигача инсонлар ва жинларга баробар пайғамбардирлар. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни Буроқ номли жониворга миндириб,кечаси  Маккадан байтул Мақдисга томон сайр қилдирди. Байтул Мақдисдан эса еттита осмонга кўтарди. Еттита осмондан ташқари яна хоҳлаган жойларига сайр қилдирди. Бу нарсалар пайғамбаримизнинг ўнгларида бўлган, тушларида эмас. Бу улуғ сафар "меърож", деб номланади. Аллоҳ таоло фаришталарни нурдан яратди. Коинотни ишларини уларга топширди, яъни улар Аллоҳнинг буйруғи билан ўзларига юкланган ишларни тасарруф қилишади. Улар Аллоҳга ҳеч қачон исён, гуноҳ қилишмайди. Аллоҳ таоло уларга нимани буюрса ўшани бажаришади. У фаришталарнинг машҳурлари тўрттадир. Улар Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроил алайҳимуссалом. Фаришталарни Аллоҳ таоло нурдан яратган бўлса, жинларни оловдан яратди. Жинлар латиф яъни жудаям мулойим, масалан қўлингиз жисмидан ўтса  жудаям майин бўлганлиги учун сезмайсиз. Демак, шунақанги латиф жисм ато этилган, кўзга кўринмайдилар, уларнинг солиҳлари бор,  фожирлари ҳам  бор. Худди инсонларга ўхшаш. Уларда фарзандлар ҳам бор. Жинларнинг энг машҳури иблис яъни шайтондир.


Ҳакимул Умма Ашраф Али Таҳановий роҳимаҳуллоҳнинг Ал-мухтасар фий фиқҳил-ҳанафий (Ҳанафий фиқҳида мухтасар) китобидан

Мубашшир АҲМАД таржимаси ва шарҳи

Давоми бор...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!