Ҳанафий фиқҳида мухтасар (8-қисм)

19:00 14.05.2019 296

Киши дафн этилгандан кейин иккита фаришта келади, Мункар ва Накир. Икковлари сўрашади ундан, "Роббинг ким?, Дининг нима? ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўраб, Бу одам ким?" деб сўрашади. Агар у банда мўмин бўладиган бўлса, Аллоҳ уни тилига жорий қилиб қўяди, тўғри гапиради. Чунки сиз ҳаётингизда бундан бошқа сўз айтмагансиз-ку, Роббим Аллоҳ дейсиз, Пайғамбарим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дейсиз, диним Ислом, деб зикрларда айтгансиз. Мана шуларга ўрганганимиздан кейин Аллоҳ таоло, албатта Иншааллоҳ қабрда буни тилимизга жорий қилиб қўяди. У тўғри гапирганидан кейин қабрнинг ўзидаёқ, роҳат ва неъматларнинг ичида бўлади. Қабрдан жаннатига бир дарча очиб қўйиладида, ундан жаннатнинг шамоли ва хушбўй иси кириб туради. Тасаввур қиляпсизми? Агар мўмин бўлиб вафот этадиган бўлсангиз қабрингизда неъмат бошланади. Аллоҳ барчамизга насиб қилсин.  Аллоҳ сақласин, агар ўша банда мўмин бўлмаса, "билмайман", дейди. Ҳақиқатдан ҳам билмайман, дейдида, ўзи элас-элас эшитган бўлиши мумкин, мўминлардан эшитган бўлиши мумкин, бир тан олиб, бир инкор қилиб юрган бўлиши мумкин, шунақа бўладиган бўлса, савол-жавобларнинг қўрқинчи шу даражада одамни тилдан қолдирадики, масалан Аллоҳ таоло қиёматда пайғамбарларни олиб келадида, «Сизларга қавмларингиз томонидан қандай ижобат қилинди?, Нима деб жавоб қилишди?» деса, «Биз билмаймиз нима дейишганини» дейишади пайғамбарлар. Ваҳоланки, қанақанги қавм билан мужодала бўлган, қанчалик уларни динни инкор қилган, ўрталарида жангу-жадаллар бўлган, қайсидир тоифалар қабул қилган, номма-ном билишади, қиёматда Аллоҳ таолони ҳузурида жавобда тургандан қўрқиб кетиб, нима бўлганини билмаймиз, дейишади. Худди шунга ўхшаш қабрдаги одам ҳам, бу дунёда тан олиб, олмай юрган нарсаси бўлса, нима дейди, "билмайман" дейдида, қўрқиб кетганидан. Қиёматгача яна қабрда ҳам азобланадилар. Аллоҳ сақласин. Буни маййитдан бошқа ҳеч ким билмайди. Масалан қабрни очсангиз, чириб ётган, азобнинг аломати йўқ, ҳеч ким кўрмайди.  Бир одам ухлаб ётибди, у туш кўраётганини сиз билмайсиз, нима кўраётганини сиз билмайсиз, худди шунга ўхшаш қабрда ётган одам азобланаётганини уни очган одам билмайди. Буларнинг барчаси ғайб, биз ғайбга иймон келтирганмиз ва бундан бошқа ҳақиқат бизни тинчлантира олмайди ҳам. Тасаввур қилинг сиз вафот этдингиз, тупроққа айландингиз, қурт-қумурсққа еди, шуми натижа, оқибат шуми, шунча илм олиб шунча ўқиб, тараққиётга эришиб, шунча бошқа мавжудотдан ақл билан кучли бўлиб туриб, шуми инсоннинг етиб келган жойи? Буни ақл ҳеч қачон хотиржам қабул қила олмайди, бундай натижани, бундай оқибатни. Исломда ғайбдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биз кўрмаган нарсани хабарини беряпдилар, бу инсонга энг таскин берадиган нарса. Чунки сиз бу дунёда зулм кўрасиз, кимдир сизни қийнайди ва у жазоланмасдан ўтиб кетади, қиёмат борлиги эса инсонга таскин беради. Сиз шунчалик бу дунёда қилган машаққатингизга мукофот олишлигингиз таскин беради. Кимлардир дунёда бутун миллатни мол-мулкини совуриб бошқа қилиб яшайди, ҳеч қандай жазосиз ўтиб кетса, инсонга алам қилади-ку. Энг яхши ечим, энг яхши оқибат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзлари, ундан бошқаси эмасда. Агар вафот этган киши аҳли жаннатдан бўладиган бўлса, тонгда ва кеч кирганда жаннатдаги жойини кўрсатиб турилади, ҳаво кириши, ҳушбўй киришидан ташқари, худди бир "мана шу ер сени борадиган еринг, вақтинчалик ётиб тургин, ҳаммани ҳисоб-китобини қилиб олайлик, шундан сўнг сен шу ерга борасан",деб айтилади.Уни кўриб, қалбига сурур киради, мени жойларим шунақа яхши жойлар экан, деб. Дўзах аҳлидан бўладиган бўлса, дўзахдаги жойи ҳам худди унга ўхшаб эрталаб ва кечаси кўрсатиладида, у одам надоматда қолади, чунки униг келажаги энг ёмон. Ҳозирги ётган ҳоли-ку азобдан азоб, келажагида абадий азоб. Аллоҳ бунақа ҳолатдан барчамизни асрасин ва биргаликда жаннатда бўлишликни насиб этсин.


Ҳакимул Умма Ашраф Али Таҳановий роҳимаҳуллоҳнинг Ал-мухтасар фий фиқҳил-ҳанафий (Ҳанафий фиқҳида мухтасар) китобидан

Мубашшир АҲМАД таржимаси ва шарҳи

Давоми бор...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!