Ҳанафий фиқҳида мухтасар (2-қисм)

16:18 13.04.2019 292

Коинотни муҳофаза қилиб, сақлаб туриш Уни чарчатмайди. Осмонлару-ерни ушлаб турувчидир. Гапимизнинг хулосаси, У Зот барча камолотга етган сифатларнинг ҳаммасини ўзида жамловчидир. Ҳар қандай айблардан пок зотдир. У зотнинг барча сифатлари қадимдан, азалдан собит қадимдир. Яъни, Аллоҳ таоло яратгандан кейин яратувчи бўлиб қолмаган, яратмасдан олдин ҳам яратувчи бўлган. Унинг сифатларидан бир сифат Ундан ажрамайди. Масалан, ризқини бериб боқиб бўлгандан кейин, бўлди энди у раззоқ бўлмай қолмайди, балки абадий бу сифатлари ўзида қолади.

У зот халқининг, яъни ўзи яратганларнинг сифатларидан покизадир. Биз, бизга ворид бўлган Қуръони Каримдаги, Ҳадиси шарифлардаги баъзи Аллоҳ таолонинг халқий сифатлари, унинг ҳақиқатини биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўзига топширамиз. Биз унга иймон келтирамиз, ишонамиз. Аллоҳ таоло бу оятида ёки Ҳадиси шарифда Ўзи ҳақни ирода этган, биз ана шунга ишонамиз деймиз. Биз уни баҳс қилмаймиз, уни ҳақиқатига етишга ҳаракат қилмаймиз. Демак унинг илмини Аллоҳ таолога топширишимиз яхшироқ, уни таъвил қилгандан кўра. Аммо таъвил қилиш ҳам мумкин. Бу дегани илмда росих (мустаҳкам) бўлган кишиларгина таъвил қилишлари мумкин. Таъвил деганда, Аллоҳ таолога муносиб ва одамларга фаҳмлаш осон маънони ирода қилинади. Масалан, Аллоҳнинг юзи дейилса, ҳеч нарсадан хабари йўқ одам, Аллоҳнинг юзи бор эканда, қанақа юз бўларкин деб кетиши мумкин. Шу одамдан бу тасаввурни кетказиш учун, юзни Аллоҳ таолонинг розилиги, десак тушунарли бўлади.

Мутааххир олимлар мана шундай тушинтириб беришган. Коинотда юзага келаётган ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик, Аллоҳ таолонинг илмида азалдан маълум, у ҳали воқеъ бўлмасдан олдин У зот билади ва илмига кўра уни юзага чиқаради. Уни юзага чиқарувчи ҳам Аллоҳ таоло. Ҳозирги айтган бир қатор сўзимиз, қадарнинг ҳақиқати. Аллоҳ таоло бандаларига тоат ва маъсиятда ихтиёр бергандир. Хоҳланг тоат қилинг ёки менга керак эмас деб кетаверинг. Бандалар Аллоҳ таолога ўз хоҳишлари билан ибодат ва итоат қилишади ёки гуноҳ ва исён қилишади. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатлари етмайдиган нарсани буюрмайди. Аллоҳ таолога бирор нарса вожиб бўлмайди. Масалан, Аллоҳ таоло «Эй бандам сен ундоқ қилсанг, мен бундоқ қиламан» деган бўлса ҳам вожиб бўлмайди. У ваъдасига хилоф қилмайди. Лекин биз, у бўлмаган бўлса, У ваъдасида турмади, деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, ўзимиз У хоҳлагандек бажармаган бўламиз ўша ишни ва ўзимизча Аллоҳ ваъдасида турмади деб ўйлаймиз. Шунинг учун айтилябди, Аллоҳ таолога ҳеч нарса вожиб эмас, мажбур эмас ҳеч кимга бир нарса қилиб беришликка. Лекин ваъда бердими, бажаради. Аллоҳ таоло ҳеч қачон ваъдасига хилоф қилмайди. Фақат биз ўша ваъда қилган амали, биз қилишимиз керак бўлган амални мукаммал қилмаган бўламиз. Аллоҳ хоҳлагандек қилмаган бўламиз, шунинг учун ваъда юзага чиқмаган.


Ҳакимул Умма Ашраф Али Таҳановий роҳимаҳуллоҳнинг Ал-мухтасар фий фиқҳил-ҳанафий (Ҳанафий фиқҳида мухтасар) китобидан

Мубашшир АҲМАД таржимаси ва шарҳи

Давоми бор...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!