Ҳанафий мазҳабининг илк манбалари (1-қисм)

11:32 10.12.2018 849

Зоҳирур ривоят китоблари

Ҳанафий мазҳабида асл маржеъ бўлган илк манбалар учта табақадан иборат бўлиб, улар зоҳирур-ривоят китоблари, наводир ва навозил деб аталади. 

Мазкурларнинг ҳар бири бир нечта китоблардан иборат бўлиб, ушбу мақолада мазҳабимиздаги биринчи табақа манба ҳисобланувчи зоҳирур-ривоят китоблари ҳақида мухтасар сўз юритмоқчимиз.

"Кутубу зоҳири-р-ривоя" яъни зоҳири ривоят китоблари деб танилган китоблар олтита бўлиб, (баъзи ҳаққиларга кўра бештадир. Шунингдек, улар учта бўлган, тўртта бўлган деган заиф фикрлар ҳам бор) улар мазҳаб ривожланиб, шу бугунги ҳолга келишидаги хизмати беқиёс бўлган аллома, мужтаҳид Имом Муҳаммад Шайбоний томонидан ёзилган. 

Мазкур китобларнинг номи қуйидагича: ас-Асл (ал-мабсут ҳам деб аталади), сияри сағир, жомеи сағир, жомеи кабир, зиёдот ва сияри кабир.

Нима учун зоҳири ривоят деб аталади?

Мазкур китоблар “зоҳиру-р-ривоя” шунингдек, “зоҳиру-л-мазҳаб” ҳамда “масоилу-л-усул” (асл китобларда келган масалалар) деб ҳам юритилади. 

Зоҳири ривоят сўзи "очиқ, машҳур нақл" деган маънога далолат қилади. Бундай номланишига сабаб мазкур олтита китоб Имом Муҳаммаддан ишончли кишилар томонидан, саҳиҳ ва мутавотир йўл билан нақл қилинганлигидир. Шу боис ҳам мазҳабда бу китоблар асос ва таянч вазифасини ўтайди.

Зоҳирур ривоят китоблари мазҳабнинг асосчилари бўлмиш Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад Шайбоний ҳамда Имом Зуфар ибн Ҳузайл ва Имом Ҳасан ибн Зиёдлардан ривоят қилинган фиқҳий масала-масоилларни ўз ичига олган. Бироқ, "уч имом" яъни Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!) фиқҳий қарашлари мазкур китобларда асосий ўринни эгаллайди.

Биринчи китоб: الأصل китобу-л-асл ёхуд ал-мабсут
Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ айтади: "ал-Асл" бундай номланишига сабаб, у биринчи бўлиб, тасниф этилганлигидир. Ундан кейин "жомеи кабир", сўнг "сағир" сўнгра "зиёдот" ёзилган..". 

Муҳаммад ибн Ҳасан бу китобни дастлаб алоҳида-алоҳида китоблар шаклида таълиф этган. Масалан, намоз масалаларига бағишлаб китоб ёзиб уни "китобус-солат" деб номлаган. Баъй ва тижорат масалалари ҳақида китоб ёзиб унга "китобу-л-буйуъ" деб ном берган. Ва шу тариқа бир қанча фиқҳий масалаларга доир китоблар таълиф этгач, уларни бир китоб шаклида жамлаган. Натижада у "мабсут (кенг, муфассал)" китоб бўлиб қолган. Шу боис, унга "мабсут" дейиладиган бўлди.

Китобу-л-асл ёхуд ал-Мабсут зоҳири ривоят китобларининг энг каттаси ҳисобланади. У бамисоли соҳили кўринмайдиган денгиздир. Унда муаллиф бир масалани зикр қилади-да, кетидан бир-бирига уланиб, бир-биридан тармоқланиб кетувчи ўнлаб масалаларга киришади. Ҳатто ўқувчининг боши айланиб, уларни онгига сингдириб, ҳазм қилишга қийналиб ҳам қолади. 

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ мазкур китобни тўлиқ ёд олганлар, сўнгра ўзларининг машҳур "ал-Умм" асарларини "ал-Мабсут"нинг тартибига монанд равишда таълиф этганлар. 

"Мабсут"нинг донғи чор-атрофга ёйилиб кетгач, аҳли китоблардан бўлган бир файласуф унга қизиқиб қолиб, мутолаа қилишга киришади. Донишманд унга ром бўлади ва натижада Аллоҳ унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилиб, Исломни қабул қилади. Сўнгра: "кичик Муҳаммадингизнинг китоби шунчалик бўлса, катта Муҳаммадингизнинг Китоби қандай экан?!", дея мазкур китобни мақтаб, унинг қадрини бағоят юксакларга кўтаради.

Иккинчи китоб: (الجامع الصغير) жомеи сағир
Бу китоб зоҳири ривоят китобларининг иккинчиси бўлиб, Имом Муҳаммад уни "ал-Асл"дан сўнг тасниф этганлар. Китоб Имом Паздавий айтганларидек, 1532 та фиқҳий масалани ўз ичига олган. Улардан 170 тасида мазҳаб асосчилари орасидаги ихтилоф зикр этилган. 

Имом Сарахсий зикр қилишича, мазкур китобнинг таълиф этилиш сабаби шундай бўлган. Имом Муҳаммад "ал-Асл" китобларини ёзиб бўлгач, Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) у кишига: "энди сен Абу Ҳанифанинг мен орқали эшитганинг масалаларини жамлаб китоб қил!", деб буюради. Имом Муҳаммад мазкур масалаларни бир китобда жамлаб, Абу Юсуфга кўрсатади. Абу Юсуф қойил қолади ва "машааллоҳ, Абу Абдуллоҳ (яъни Муҳаммад ибн Ҳасан) мендан жуда мустаҳкам ва яхши ёдлаб олибди-я! Лекин учта масалада адашибди-ку!", дея унинг китобидан хато топиб, мазкур масалардаги эътирозини билдиради. Аммо аслида Абу Юсуфнинг ўзлари ривоятларни адаштириб қўйган эдилар. Шунда Имом Муҳаммад: "Йўқ, мен хато қилмадим. Балки, сиз ривоятни унутиб қўйгансиз!", дея масаланинг аслини баён қилиб, ўз сўзини исбот қилади. 

Мазкур китобга "сағир" (кичик) деб васф берилишининг сабаби шуки, бу китоб Абу Юсуфнинг илтимоси билан таълиф этилган ва таълиф сўнгида унга арз қилиб, кўрсатилган. Ал-Аслни эса Имом Муҳаммад ўз ихтиёрлари билан ёзганлар ва уни Абу Юсуфга арз қилиб, текширтириб ўтирмаганлар. Яъни, Имом Муҳаммад кейинги китобнинг қадри аввалгисидан пастроқда туришига ишоратан шундай номлаганлар. Бундай номланишининг яна бир сабаби эса унинг ҳажми кичикроқ бўлганлиги туфайлидир. Имом Сарахсийнинг таъкидлашича, зоҳирур ривоят китобларининг қайси бирида "сағир" васфи келса, мазкур китоб Абу Ҳанифанинг Абу Юсуфдан қилинган ривоятлари тўплами бўлади. Бордию, кабир васфи бўлса, у ҳолда Имом Муҳаммаднинг тўғридан-тўғри Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан қилган ривоятлари бўлади.

Учинчи китоб: الجامع الكبير Жомеи кабир
Жомеи кабир Имом Муҳаммаднинг энг кўп таҳсинга сазовор бўлган ва энг чуқур ва дақиқ масалаларни ўз ичига олган асосий мусаннафотларидан бири ҳисобланади. Жомеи кабирнинг иккита нусхаси ва иккита ривояти бор. Дастлаб, уни таълиф этгач, ўз шогирдлари Абу Ҳафс Кабир, Абу Сулаймон Жузжоний, Ҳишом Ибн Абдуллоҳ Розий, Муҳаммад ибн Самоа ва бошқалар уни имом Муҳаммаддан бевосита талаққий йўлига кўра ўрганиб, ривоят қиладилар. 

Кейинчалик, муаллиф китобни қайта кўриб чиқиб, унга қўшимча боблар ва масалалар киритади, ибораларини таҳрир қилади. Сўнгра мазкур тўлдирилган иккинчи нусхасини юқоридаги шогирдлари Имом Муҳаммаддан иккинчи марта ривоят қиладилар. 

Муҳаммад ибн Шужоъ Салжий айтади: "Ислом оламида фиқҳ бобида Муҳаммад ибн Ҳасаннинг жомеи кабиричалик бир китоб тасниф этилмаган". У киши мазкур китобни мақташда давом этиб шундай зарбул-масал келтирадилар: "Муҳаммад ибн Ҳасаннинг "жомеи кабир"даги мисоли шундайки, бир киши бир қаср қуради ва унга чиқиш учун пиллапоялар ясайди. Сўнг унга кўтарилгач, қасрни яна баландлатади ва унга ҳам зинапоялар ясайди. Шу тариқа давом этиб, охири қасрнинг биносини тамомига етказади. Сўнгра мазкур баланд кўшкдан тушиб келади ва барча зиналарни бузиб ташлайди. Сўнг одамларга юзланиб, қани сизлар ҳам унга чиқиб кўрингларчи, дейди". Бу зарбулмасал билан Ибн Шужоъ "жомеи кабир"нинг нақадар дақиқ ва мураккаблиги ва унга оддий одамлар чиқа олмаслиги, балки, аҳли илмларнинг ҳам унча-мунчаси уни қамраб олиши қийинлигига ишора қилган эди. 

Имом Зоҳид Кавсарий "жомеи кабир" ҳақида тўхталар экан: "бу китоб улкан масоиллар, асл ривоятлар ва дироят (фиқҳий билим ва заковат, истинбот илми) матнларини ўз ичига олган бўлиб, худди шайх Акмал жомеи кабирга Халлотий томонидан ёзилган талхисига ёзган шарҳида айтганидек, "қарийб мўъжиз даражага етай деган", дейди. 

Имом Абу Бакр ар-Розий жомеи кабирга ёзган шарҳида шундай дейди: "Жомеи кабирдаги айрим масалаларни бир машҳур наҳвий олимга (Абу Али Форисий назарда тутиляпти) ўқиб берардим. У эса тинглаган матнларидан китоб муаллифининг наҳв бобида ниҳоятда комилликка эришганлигидан таажжубда қоларди". 

Имом Муҳаммад бу китобда ҳозирда машҳур бўлган фиқҳий тартибга риоя қилмаган, балки, масалаларни Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳимо) қавллари бўйича баён қилгач, ўз шахсий ижтиҳоди ва фикрини ҳам қўшиб кетган. Шунингдек, баъзи ўринларда Имом Зуфарнинг қавлини ҳам зикр қилади. Уламолар томонидан китобга кўплаб шарҳ ёзилган.

Тўртинчи китоб: الزيادات "зиёдот"
Имом Муҳаммад жомеи кабирни таълиф қилиб бўлгач, унда зикр қилинмаган бир қанча масалалар учун алоҳида китоб ёзиб, уни "аз-зиёдот" яъни "иловалар" деб атайди. Сўнгра эса вақт ўтиши билан яна айрим фуруъотлар ўртага чиққач, улар учун ҳам алоҳида китоб тасниф этадилар ва унга "زيادات الزيادات" "зиёдотуз-зиёдот" ("иловаларга иловалар”) деган ном берадилар. Лекин Қозихон зикр қилишича, Имом "зиёдотуз-зиёдот"ни тамоимга етказишларидан олдин вафот этадилар. 

"Зиёдот"нинг таълиф этилишига сабаб сифатида баъзи манбаларда қуйидаги воқеа келтирилади. Жумладан доктор Луай Халилий Ҳанафий ўзининг "баяну зоҳирир-ривая ва ма ятаъаллақу биҳа" (зоҳирур ривоят ва унга тааллуқли масалалар баёни) номли рисоласида зикр қилишича, бир куни Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўзининг фиқҳий мажлисларидан бирида масоиллар ва улардан тармоқланиб чиқувчи дақиқ ва нозик фуруотларни баён қилгач, ўзининг хос шогирдларига: "бунақа нозик фуруотларни ечиш Муҳаммад учун жуда қийин иш", дейди. Бу сўз Муҳаммад ибн Ҳасаннинг қулоғига етиб боргач, у зот нафақат Абу Юсуф келтирган фуруотлар, балки, ундан-да қийинроқ ва дақиқроқ масалаларни чиқариб, ечиб беришга ўз иқтидори ва ижтиҳоди кифоя қилишини исботлаш учун "зиёдот"ни таълиф этади ва унда дарҳақиқат иллати ниҳоятда яширин, ғоят чигал ва чалкаш масалаларни маҳорат билан ечиб, улардан балқиб чиқувчи самаралар ва фуруотларни очиб беради ва шу тариқа мазкур китобини Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг мажлисдаги гапларига қарши ҳужжат қилади. 

Афсуски, бундай бебаҳо китобнинг асл нусхаси ҳозирги кунда йўқолган. Профессор Фуад Сезгин ва машҳур олмон шарқшуноси Карл Броккельманларга кўра унинг айрим нусхалари Истанбул, Миср ва Дамашқ кутубхоналарида сақланади. Аммо, кўплаб тадқиқотчилар фикрича, мазкур нусхалар асосан Қозихоннинг "зиёдот"га ёзган шарҳларидан иборат, бўлиб асл матн ҳисобланмайди.

Бешинчи китоб: السير الكبير "Сияри кабир"
Бу имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳ бобида охирги ёзган китобларидан ҳисобланади. Унинг "сияр" деб номланишининг сабаби, муаллиф унда аввалги китобларидан фарқли ўлароқ ҳадиси шарифларга ва Набий алайҳиссалом даврида бўлиб ўтган ва фиқҳнинг кўп бобларига тааллуқли бўлган воқеа-ҳодисаларга тўхталади ва улардан тегишли фуруотлар чиқаради. Аввалги китобларида эса Имом асосан масалаларни зикр қилиб, тафрийъотга киришар ва далилларни кўпда зикр қилмас эди. Далиллар зикр қилинмаслиги уларнинг ҳаммага маълум ва машҳурлигидан ёхуд шу соҳа вакилларига маълумлиги туфайли эди. Хуллас, Имом Муҳаммад сияри кабирни ўзларининг асосий шогирдларидан Абу Ҳафс Кабир Бухорога кўчиб кетгач, таълиф этганлар. Натижада, "сияри кабир"нинг ривояти шогирдларидан Жузжоний ва Исмоил Қазвийний каби фақат бағдодликларга хос бўлиб қолди. Ҳорун ар-Рашид бу китоб билан танишиб чиққач, уни олқишлаб, “сияр”ни ўз даврининг энг катта фахрланадиган ҳодисаларидан бири сифатида эътироф этади ва уни фарзандлари Амин ва Маъмунга ҳам ўқиттиради. 

Имом Муҳаммаднинг хос шогирдларидан Исмоил Қазвийний зотан бу икки подшозоданинг тарбиячи муаллими эди. Исмоил Қазвиний уларга "сияр"дан дарс берган вақтларида Имом Муҳаммад ҳам назоратчи сифатида дарсда қатнашар эди. 

Мазкур китобнинг ёзилиш сабаби борасида Имом Сарахсий шундай дейди: "Унинг таълиф қилиниш сабаби шундай бўлган эди. Бир куни "сияри сағир" Шом диёрларининг энг катта олими Абдураҳмон ибн Амр Авзоъий қўлига тушиб қолди. Ва "бу кимнинг китоби?", деди. Бу Ироқлик Муҳаммадга тегишли, дейишди. Шунда Авзоъий: "Ироқликларнинг бу бобда (сийрат бобида) китоб ёзишларига ким қўйипти?! Ахир, уларнинг сияр борасида кучли билимлари йўқку. Зеро, Расулуллоҳ алайҳиссалом ва Ул зотнинг мағозийлари, юришлари асосан Ҳижоз ва Шом тарафларда бўлган. Ироқ эса У зотдан кейин фатҳ қилинган". Имом Авзоъийнинг бу сўзлари Имом Муҳаммадга етиб келгач, ўз вақтларини тартибга солиб, ушбу китобни (сияри кабирни) ёзишга ўзларини бағишлайдилар. Шу тариқа, китоб тасниф этилади. Ҳикоя қилинишича, сияри кабир Авзоъийнинг қўлига тушганда унга назар солиб, мутолаа қилгач, шундай деган эканлар: "Агар бу китобига ҳадисларни қўшмаганида борми, ҳеч шубҳасиз, бу одам илмни ўз нафсидан ёзяпти, аммо Аллоҳ тўғри жавобнинг қайси тарафда эканлигини унинг фикрига солиб қўйяпти, деган бўлардим. Дарҳақиқат, Аллоҳ рост айтган: "Ҳар бир илм эгаси устида ундан-да билимлироқ бириси бордир" ("Юсуф" сураси: 76-оят). 

Таассуфки, "сияри кабир" ҳам бугунимизда йўқолиб кетган китоблардан бўлиб қолмоқда. Дунё кутубхоналардаги нусхалар эса асосан Сарахсийнинг мазкур китобга ёзган шарҳи ёхуд умуман бошқа китоблар бўлиб чиқмоқда.

Олтинчи китоб: السير الغير "Сияри сағир"
Бу китобнинг зоҳиру-р-ривоят туркумидан эканлиги борасида ихтилоф бор. Айрим муҳаққиқ уламоларимиз уни зоҳирур-ривоят мажмуасидаги мустақил китоб эмаслигини таъкидлайдилар, гарчи кўплаб китобларда сияри сағирни зоҳирур-ривоятдан эканлиги айтилса ҳам.

Имом Муҳаммад томонидан тасниф этилган мазкур зоҳири ривоят китоблари мазҳабимиздаги энг асос манба ҳисобланади. Зеро, мазҳаб мана шу китоблар орқали тарқалган. Сўнгра, секин-секин улардан кейин келган барча уламоларимиз ҳанафий фиқҳи ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб, тараққий топтиришлари натижасида мазҳабимизнинг фиқҳий кутубхонаси ўнлаб, юзлаб китоблар билан бойиган ва улкан илмий мерос вужудга келган.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!