Ҳанафий мазҳабининг илк манбалари (2-қисм)

20:00 31.12.2018 543

Наводир китоблари

Ҳанафий мазҳабининг фуруот масалаларида асос бўлган иккинчи табақа манбалари "наводир" деб юритилади ва улар ҳам мазҳаб асосчиларидан ривоят қилинган фиқҳий масалалардан ташкил топган. Бироқ, “наводир” "зоҳиру-р-ривоят" китобларида тилга олинмаган қарашларни баён қилади. Ундан ташқари, “наводир” масалалари “зоҳири ривоят” каби машҳур ёхуд мутавотир санад билан ривоят қилинмаган балки, оҳод (якка шахслар) йўли билан нақл қилинган.

Мазкур китоблар гоҳида "ғайри зоҳири ривоят" деб ҳам юритилади. Шунинг учун ҳам баъзан фиқҳий китобларимизда "наводир" китобларидаги масалалар зикр қилинса, "фий ғайри зоҳирир-ривоя" "зоҳири ривоятдан бошқасида (келган)" деган қайд билан тилга олинади. Бинобарин, китоблар ичида асҳоблардан ривоят қилинган қавллар ҳақида шундай ибораларга дуч келинса, бу "наводир" китобларидаги масалалар эканлигини билиш мумкин.

Наводир китоблари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний таълиф этган аммо, у кишидан худди зоҳири ривоят китоблари каби машҳур ва мутавотирлик йўлига кўра эмас, балки, оҳод йўли билан ривоят қилинган фиқҳ масалаларига оид бир қанча китоб ва рисолалар, жумладан, (1-) "Ҳорунийёт" (الهارونيات). Бу китоб Ҳорун исмли кимса учун жамланган ва баён қилинган масоилларни ўз ичига олгани учун шундай номланган. (2-) "Кайсонийёт" (الكيسانيات). Бу китоб у кишининг Шуайб ибн Сулаймон ал-Кайсоний номли шогирдлари томонидан ривоят қилинган фиқҳий масалалар тўплами. Шунинг учун ҳам мазҳаб уламолари орасида "Кайсонийёт" номи билан танилган. Шунингдек, унга "наводиру ибн Сулаймон" ҳам дейилади (3-) "Журжонийёт" (الجرجانيات). Бу Имом Муҳаммаднинг Журжонда йиққан фиқҳий масалаларга бағишланган китоблари бўлиб, уни Али ибн Солиҳ ал-Журжоний ривоят қилган. (4-) "Рақ-қийёт" (الرقيات). Мазкур китоб Имом Муҳаммад Раққа шаҳрига қози бўлган даврларида тўплаган фиқҳий масалаларга бағишланган бўлиб, у Муҳаммад ибн Самоа орқали ривоят қилинган. Шу боис баъзан "наводиру ибн Самоа" деб ҳам юритилади.

2. Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг асосий шогирди, фақиҳ, муҳаддис ва мужтаҳид олим Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳнинг амолийлари. “Амолий” имло сўзининг кўплик шакли бўлиб, ўша даврда таълим услубларидан бири бўлган. Бунда олим ўртада, атрофида эса талабалари қоғоз-қалам ва сиёҳдонлар билан давра қуриб ўтирадилар ва олимнинг ўз ҳофизасидан уларга нутқ ва имло қилиб турган масалаларни қоғозга ёзиб оладилар. (Ривожланган ғарб мамлакатларида яқин ўтмишдан бери урфга кирган бу услуб, иккинчи ҳижрий асрдаёқ мусулмонлар тажрибасида бор эди). Кейин мазкур фиқҳий дарсларда имло қилинган масалалар жамланиб, “амолий” деб аталади. Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўз шогирдларига имло қилган масалалар жамланиб, китоб шаклига келтирилган ва “амолий Абий Юсуф” деган ном билан юритиладиган бўлган ва улар ҳам наводир китоблари жумласидан саналади.

3. Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳдан якка шахслар орқали ривоят қилинган масалалар. Масалан, Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийнинг катта шогирдларидан Муъалло ибн Мансур ар-Розий ал-ҳанафий (вафоти: 211ҳ-819м) “наводиру муъалло ибн Мансур” деган ном билан машҳур бўлган китоб ёзган ва унда мазҳаб имомлари Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасандан (Аллоҳ уларни Ўз раҳматига олсин!) ривоят қилинган масалалар жамланган.

4. Ҳасан ибн Зиёд (вафоти: 204ҳ) Луълуийнинг ал-Мужаррад асари. Ҳасан ибн Зиёд ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан бевосита таълим олган шогирдларидан бўлиб, “адабу-л-қозий”, “маъони-л-иймон”, “ан-нафақот”, “ал-харож”, “ал-фароиз”, “ал-васойаа”, “ал-амолий” каби бир қанча китоблар муаллифи ҳисобланади. 194 ҳижрий санада Кўфа қозиси лавозимига ўтирган. Кейинчалик ўз хоҳиши билан бу вазифани тарк этган. Мазкур ал-мужаррад асарида Ҳасан ибн Зиёд имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан фиқҳий масалаларни ривоят қилган.

Манбаларда юқорида зикр қилинган асарлардаги масалалар "масоилу-н-наводир" яъни "наводирдаги масалалар" деган ибора билан ҳам учрайди.

1-қисм.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!