Ҳанафий мазҳабининг илк манбалари (3-қисм)

00:00 06.01.2019 649

Навозил китоблари

Навбатдаги мақоламизда мазҳаб шаклланишида учинчи табақани эгаллаган “навозил китоблари“ ҳақида сўз юритамиз.

Навозил китоблари ёки масалалари “фатово“ (фатволар) ва “воқиъот“ (воқеалар, янги пайдо бўлган ва фиқҳий ечим тақозо қилувчи ҳодисалар) деб ҳам аталади.

Мазкур китоблар мазҳабнинг кейинги авлод вакиллари (мутааххиринлар) томонидан тасниф этилган бўлиб, улар аслида ўз замоналарида пайдо бўлган ҳодиса ва ҳолатларнинг фиқҳий ечимларига бағишланган асарлардир.

Ижтиҳод малакасига эга бўлган мутааххирин уламоларимиз ўзларидан сўралган фиқҳий масалаларга зоҳирур ривоят ва наводир китобларидан жавоб топа олмагач, ўзларидаги ижтиҳод қобилиятини ишга солиб, мазҳаб соҳиблари йўлга қўйиб кетган усул қоидаларига таянган ҳолда ва албатта, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келган далил-ҳужжатларга назар солиб, фиқҳий ечим ва фатволар истинбот қилганлар.

Бундай китоблар нафақат ҳанафий мазҳаби балки, моликий, шофеий ва ҳанбалий каби бошқа фиқҳий мактабларда ҳам мавжуд бўлиб улар “кутуб ан-навозил“ деб аталади.

Мазкур йўналишда битилган асарлар нима учун бундай номланишининг ҳам ўзига хос сабаблари мавжуд.

Навозил атамасининг луғавий ва истилоҳий маънолари:

Навозил сўзи “бошга тушувчи бир иш“, “фалокат“, “бало“, “муаммо“ маъноларини англатувчи арабча “нозила(тун)“ (نازلة) сўзининг кўплик шакли бўлиб, “тушмоқ“, “етмоқ“ (мусибат ва ҳоказо) маъноларини ифода қилувчи “نزل“ (назала) феълидан олинган.

Араб ва мусулмон тилшунос олимлари навозил сўзининг бирлик шакли бўлмиш “нозила“ лафзига тўхталар эканлар, уни тақдир қийинчиликларидан одамларнинг бошига тушувчи қаттиқ мусибат ва фалокат дея таърифлайдилар (қаранг: Ибн Манзур. “Лисонул араб“: 14/238; Файюмий. “ал-мисбаҳ ал-мунир“: 2/825; Ибн Закариё. “мужмал ал-луға“: 3/864; Розий. “мухтор ас-сиҳоҳ“: 335-бет; Замахшарий. “асос ал-балоға“: 425-бет; Аҳмад Ризо. “муъжам матн ал-луға“: 5/442; Ибн Форис. “муъжам мақойийс ал-луға“: 5/417; Азҳарий. “таҳзиб ал-луға“: 13/211;).

Луғавий маънода “навозил“ сўзи уруш, бало, офат, қаҳатчилик, қурғоқчилик, вабо, очарчилик каби маъноларда қўлланади.

Аммо, фиқҳий-истилоҳий маънода эса навозил деб кишиларнинг кундалик, маиший ҳаётларида рўй берган ва фиқҳий баён ва ечимга муҳтож бўлган янги чиққан масала ва муаммолар назарда тутилади.

Аллома Ибн Обидийн “навозил“ сўзини “фатово“ (фатволар) ва “воқиъот“ (янги чиққан ҳолатлар) дея изоҳлар экан, уларни “кейинги авлод мужтаҳид уламолари ўзларидан улар борасида сўралиб ва бу ҳақда аввалги авлод (мутақаддимлар) мазҳаб соҳибларидан бирор-бир ривоят топмаганларида ўзлари истинбот йўлига кўра ечимини чиқарган масалалардир“, дея таърифлайди (“Расоил Ибн Обидийн“: 1/17;).

Замондош олимлардан Ваҳба Зуҳайлий эса навозилни “улар: иш турлари кенгайиб, муомалотда мураккабликлар юз бериши натижасида жамият олдига кўндаланг бўлган ва улар борасида бевосита шаръий насс ёхуд уларга мос келувчи собиқ ижтиҳод мавжуд бўлмаган янги муаммо ва масалалардир“, дея тавсифлайди.

Ваҳба Зуҳайлийга кўра мазкур муаммоларнинг кўринишлари маҳаллий урф-одатлар хилма-хиллиги ҳамда шаҳар ва минтақаларнинг турлилигига қараб турлича кўринишларда бўлиши мумкин (қаранг: доктор Ваҳба Зуҳайлий. “субул ал-истифада мин ан-навазил ва-л-фатава вал амал алфиқҳий фи-т-татбиқот ал-муасира“: 9-бет (سبل الاستفادة من النوازل والفتاوى والعمل الفقهي في التطبيقات المعاصرة ، د. وهبة الزحيلي ، ص 9);).

Мўъжаму луғатил фуқаҳо китобида эса “нозила“ сўзи “бирор кишининг феъли билан содир бўлмаган ва шаръий ҳукмга муҳтож бўлган ҳодиса“ дея тушунтирилади (доктор, профессор Муҳаммад Раввос Қалъачи, доктор Ҳомид Содиқ Қунайбий. “мўъжам луғат ал-фуқаҳо“: 441-бет;).

Мазкур сўзнинг истилоҳий маъноси билан луғавий маънолари ўртасидаги боғлиқлик шундан иборатки, замонлар ўзгариши ва муомалотда юзага келувчи мураккабликлар натижасида ҳаётда пайдо бўлган ва аввалги фиқҳий китобларда зикр этилмаган янги-янги масала ва муаммолар фуқаҳоларимиз томонидан гўёки омма бошига тушган мусибат ва муаммоларга тенглаштирилган. Чунки, уларнинг ечими аввалги китобларда топилмаган ва айни чоғда ҳар қандай муаммо каби улар ҳам фиқҳий ечим ва тавсифга муҳтож бўлган. Шунинг учун ҳам уламоларимиз мазкур масалаларга “навозил“ деган ном берганлар. Бинобарин, уларнинг фиқҳий ечим ва фатволарига бағишланган асарлар “навозил китоблари“ дея юритилган.

Гарчи навозил масалаларига бағишланган асарлар имом Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан кейинроқ ёзилган бўлса-да уларни “ҳанафий мазҳабининг илк манбалари“ бош сарлавҳаси остида бераётганимизнинг боиси, мазкурларнинг кўплаб муҳаққиқ уламоларимиз томонидан мазҳабда асос бўлган зоҳирур ривоят ва наводир масалаларидан кейинги ўринда зикр қилиниши ҳамда мазҳабдаги асос китоблар табақаси бўйича учинчи мартабада тилга олинганлигидир.

Айтиш жоизки, муборак Мовароуннаҳр заминида туғилиб, ўсган ўнлаб, балки, юзлаб аллома ва фозиллар ўз даврида диний ва дунёвий фанларнинг ривожига ўзларининг беқиёс улушларини қўшганлар. Айниқса, ҳанафий мазҳабининг шаклланиб, тараққий этишида ҳам ватандош алломаларимизнинг хизматлари бемислдир. Баҳсимиз мавзуси бўлган мазкур фатово ва навозил масалаларига бағишланган китобларнинг ҳам аксари ватандошларимиз қаламига мансуб эканлиги сўзимизнинг исботидир.

Қуйида мазкур йўналиш бўйича ёзилган китобларнинг энг машҳурлари билан қисқача танишамиз.

1. “Хулосатул-фатово“ “خلاصة الفتاوى“ (сара фатволар). Муаллиф Тоҳир Бухорий. Тўлиқ исми Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррошид ибн Ҳасан Ифтихоруддин ал-Бухорий. 542 ҳижрий санада (милодий 1147 йил) вафот этган. Ушбу китоб мазҳабда ишончли ва мўътабар саналган китоблар сирасига киради. Унда мазҳаб имомлари орасидаги ихтилофли қарашлар зикр қилиниб, улардан муфто биҳи бўлганлари баён қилинади. Ҳожи Халифа (Котиб Чалабий) ўзининг “кашфу-з-зунун ъан асомий ал-кутуб вал-фунун“ номли машҳур қомусий асарида (1/178) “хулосатул фатово“ китобига тўхаталар экан: “у машҳур ва мўътамад китобдир“, дейди. Ўз навбатида Абдулҳай Лакнавий “ал-фавоид ал-баҳийя фий тарожим ал-ҳанафийя“ асарида (84-бет) ушбу китоб ҳақида “уламолар наздида мўътабар, фуқаҳолар ҳузурида мўътамад (ишончли) китобдир“, деган.

2. “Фатово Қозихон“ (Қозихон фатволари). Китобнинг тўлиқ номи “فتاوى قاضيخان في مذهب الإمام الأعظم أبي حنيفة النعمان“ (фатово Қозихон фий мазҳабил имамил аъзам Абий Ҳанийфа ан-Нуъмон). Шунингдек, “الفتاوى الخانية“ “ал-фатово ал-хонийя“ ёхуд қисқача “الخانية“ (ал-хонийя) деб ҳам аталади. Муаллиф Фахруддин Абул Маҳосин Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд ал-Ўзгандий, ал-Фарғоний бўлиб, Қозихон лақаби билан машҳур бўлган. 592 ҳижрий санада (милодий 1195 йил) вафот этган. Қозихон Ўзгандий ҳанафий мазҳабидаги таржиҳ аҳлидан бўлган мужтаҳид олимлардан ҳисобланади. Унинг ушбу китоби мазҳаб олимлари томонидан ишончли деб топилган ва фатво соҳасида энг мўътамад саналган асарлар сирасига киради.

3. “ал-Фатово ал-ҳиндийя“ ёки “ал-фатово ал-аъламгирийя“. Тўлиқ номи: “الفتاوى الهندية على مذهب الإمام الأعظم أبي حنيفة“ “ал фатава ал-ҳиндийя ъала мазҳабил имамил аъзам абий ҳанийфа“. XVII асрда яшаган бобурий султонлардан Абул Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Ўрнакзеб (Аврангзеб) Оламгир буйруғи билан турли ислом маданий пойтахтларидан чақиртирилган бир гуруҳ алломалар томонидан саккиз йилда ёзиб битирилган. Шунинг учун ҳам асарнинг яна бир номи “фатовои оламгирийя“ (Оламгир фатволари) деб юритилади. Мазкур гуруҳга шайх Низомуддин Баранҳопурий бошчилик қилган. Китоб тартиби Бурҳонуддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя“ асарининг тартибига монанд равишда тузилган.

4. “Ал-Фатово ал-валволижийя“ (الفتاوى الولوالجية). Асар қози Заҳируддин Абул Фатҳ куняси билан машҳур бўлган Абдуррашид ибн Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Абрурраззоқ ибн Абдуллоҳ ал-Валволижий қаламига мансуб бўлиб, бу зот машҳур ватандошимиз Абул Муин Насафийнинг шогирдларидан бири ҳисобланади. 467 ҳижрий санада тарихий Тохаристоннинг (ҳозирги Афғонистон ва Тожикистон ҳудудларини ўз ичига олган минтақа) Валволиж шаҳрида туғилган. Аввал Балх сўнгра Самарқандга кўчиб бориб у ернинг энг машҳур шайх ва олимларидан сабоқ олган. Фатовои валволижийя ҳанафий мазҳаби фиқҳининг муҳим ва қимматбаҳо илмий меросларидан ҳисобланади.

5. “Ал-Фатово ат-тоторхонийя“ (الفتاوى التاتارخانية). Олим ибн Ало ал-Индарпатий ад-Деҳлавий ал-Ҳиндий (ваф: 786 ҳ.й.) асари. Фаридуддин (диннинг фариди, нодир олими) лақаби билан машҳур бўлган ушбу аллома мазкур асарни ўша вақтдаги ҳинд амирларидан бири бўлган Татархон учун ёзган. Асарнинг яна бир номи “зодул мусофир“ (мусофир озиғи) деб номланади. Муаллиф араб тили, фиқҳ ва унинг асослари каби фанларда жуда ҳам моҳир бўлган. Асарда “ал-муҳийт ал-бурҳоний“, “аз-захийра“, “ал-хонийя“ва “аз-заҳирийя“да зикр қилинган масалалар келтирилади.

6. “Ал-Фатово аз-заҳирийя“ (الفتاوى الظهيرية). Ҳанафий фақиҳ Заҳируддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ал-Бухорий (ваф: 619ҳ/1222м) қаламига мансуб фатволар тўплами.

7. “Ал-Фатово ал-баззозийя“ (Баззозий фатволари). Ушбу ном билан танилган мазкур китобнинг яна бир номи “ал-жомеъ ал-важиз фий мазҳабил имамил аъзом Абий Ҳанийфа ан-Нуъман“ (буюк имом Абу Ҳанифа мазҳаби бўйича ёзилган мухтасар тўплам) бўлиб, муаллифнинг исми Муҳаммад ибн Шиҳоб Кардарийдир (ваф: 827ҳ/1424м). Унинг газмолчилик касби бўлганлиги учун ўз юртида “баззоз“ ёхуд “баззозий“ ном билан машҳур бўлган. Китобнинг номи ҳам шунга бевосита боғлиқдир. Муаллиф китобда ҳанафий мазҳабидаги фатволарни зикр этиб, уларни шарҳлайди ва тушуниш қийин бўлган лафзларни очиқлайди. Манбаларда муаллифнинг асл ватани Хоразм воҳасидаги “Кардар“ қишлоғи бўлган деган сўзлар учрайди. Баъзи манбаларда эса унинг ироқлик эканлиги зикр этилади.

8. “Ал-Уқуд ад-дуррийя фий танқиҳ ал-фатово ал-ҳомидийя“ “العقود الدرية في تنقيح الفتاوى الحامدية“ (“ҳомидий фатволар“ни тартибга солишда дур шодалари). Асар Ибн Обидийн номи билан донг таратган дамашқлик машҳур ҳанафий фақиҳ ва аллома Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиз Обидийн (1198ҳ-1152ҳ/1784-1836) қаламига мансуб бўлиб, муаллиф унда Ҳомид ибн Али ибн Иброҳим ал-Имодий ад-Димашқий (1692-1757)нинг “ал-фатово ал-ҳомидийя” асарини қайта кўриб, тузатишлар киритиб, ревизия қилади. Сўнг, унга юқоридагича ном беради.

9. “Фатово Ибн Нужайм“ (Ибн Нужайм фатволари) ёки “ал-фатово аз-зайнийя“. Асар ибн Нужайм номи билан машҳур бўлган машҳур ҳанафий фақиҳ ва усулий олим Зайнуддин (Зайнулобидин ёки Зайн) ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Бакр қаламига мансуб бўлиб, “ал-фатово ал-ғиёсийя“ китоби билан биргаликда ҳижрий 1322 санада машҳур “Булоқ матбааси“да чоп этилган.

10. “Ал-Фатово ас-сирожийя“ (الفتاوى السراجية). Бу асар мовароуннаҳрлик ватандошимиз Сирожиддин Абу Муҳаммад Али Ибн Усмон ибн Муҳаммад ал-Ўший ал-Фарғоний ал-ҳанафий (ваф: 575 ҳ.й) томонидан тасниф этилган. Муаллифнинг ашъарий-мотуридий ақидасига бағишланган ва муътазилийларга раддия сифатида араб тилида битилган “бадъул амолий“ “بدأ الأمالي“ (имлолар боши) номи билан машҳур бўлган ломий қасида услубида битган манзумаси ўз вақтида ислом оламида катта шуҳрат қозонган ва ҳали-ҳануз мамлакатимиздаги Ислом билим юртларида ўқитилади. Муаллиф юқоридаги фатволар тўпламини 569 ҳижрий санада (1173 милодий) ёзиб битирган.

Ушбу мўжаз мақолада ҳанафий мазҳабига оид барча фатволар тўпламларини зикр этиш имконсиз бўлганлиги учун ҳозирча шулар билан чекланамиз.

1-қисм. 2-қисм.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!