Илм

Ҳанафийлик мазҳаби

1020

Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала расулиллаҳ. Ҳанафийлик мазҳаби икки сўздан ташкил топган тушунча. Ҳанафийлик – кунялари Абу Ҳанифа бўлган имом Нўъмон ибн Собитга нисбат беришлик бўлса, мазҳаб сўзининг истилоҳий таърифи эса қуйидагичадир: “Зонний далиллардан истифода этилган мужтаҳидга тегишли шаръий, ижтиҳодий ва фаръий ҳукмларга айтилади”.   Демак ҳанафийлик мазҳаби, имом Абу Ҳанифа ва мужтаҳид асҳобларининг фаръий-ижтиҳодий райълари ва уларнинг қоида ва усуллари, ёки масала ва фуруъларига кўра забардаст мазҳаб уламоларининг тахрижотларидан иборатдир. Ҳанафийлик мазҳаби ислом диёрларида кенг ёйилганлиги мазҳаб имомларининг сидқи, ҳақни  талаб қилишдаги ихлоси ва бу мазҳабнинг салоҳиятига далил бўлади.

“Дуррул-мухтор”да шундай келади: “Имом Абу Ҳанифанинг маноқибларига мазҳабларининг машҳурлиги етарлидир”.  Ҳанафийлик мазҳабининг бошланиши шайхлари Ҳаммод вафот этганларидан кейин имом Абу Ҳанифанинг дарс бериш, фиқҳ ва фатво билан шуғулланишга ўтган кунларига бориб тақалади. Гарчи мазҳабнинг илдизлари олдинроққа бориб тақалсада, пайдо бўлиши 120-ҳижрий санада бўлган. Демак мазҳаб имом Абу Ҳанифанинг ўзлари билан бошланиб, асҳоб ва шогирдлари эътибори билан ўсиб унди. Кўпгина имомларнинг мазҳаблари шогирдларининг эътиборсизлиги туфайли ривожланмай йўқ бўлиб кетганини кўрсак, ҳанафий мазҳабида бунинг аксини мулоҳаза қиламиз. Чунки Аллоҳ бу мазҳабга ёйилиш ва давомийликни, ислом уммати томонидан том қабулни насиб этди. Аллоҳ имом Абу Ҳанифага ажойиб соҳиб ва шогирдларни раво кўрдики, улардан қирқ нафари имом ҳузурларида фиқҳни тадвин этишди. Имом Абу Ҳанифа уларга фиқҳни бобма боб, масала масала қилиб имло этар, улар эса тадвин этиб, ёзганларини халқ ичра ёйишарди.

Мазҳабнинг бу даражада кенг ривожланиб, асрлараро эргашилган мадраса ўлароқ  барқарор қолишининг ўзига яраша сабаблари бўлиб, буларни шайх Абу Заҳра учга бўладилар:

1) Имом Абу Ҳанифа шогирдларининг кўплиги, уларнинг имом йўлларини ёйишдаги  эътиборлари. Улар озгина масалалардагина устозларига хилоф этишиб, аксар масалаларда мувофиқ келганлар. Мувофиқ бўлган ва хилоф этган масалаларида далилларни баробар баён этишган ва имомнинг раъйларидан кўпгина фуруъларни чиқаришган.

2) Имом Абу Ҳанифанинг шогирдларидан кейин бошқа бир авлод мазҳаб ҳукмларининг истинботига, кейинги асрларда юзага келган воқеаларда уларни татбиқ этишда жонбозлик кўрсатганлар. Улар мазҳабнинг фуруъи барпо қилинган аҳкомлар иллатини истинбот қилишгандан кейин, уларга ўхшаш масалаларни умумий шомил қоидалар остида бирлаштиришди.

3) Турли урф-одатларга эга кўпгина мамлакатларга тарқаганлиги. Бу ерларда ўзига хос ҳодисалар бўлганки, уларга кўпгина фиқҳий тахрижотлар қилинган. Шу сабабли ҳам ҳанафийлик аббосийлар давлатининг расмий мазҳаби бўлган. Фиқҳий мазҳабларнинг пайдо бўлиш ва ривожланиш даври иккинчи ҳижрий сананинг аввалидан бошланган бўлса, интиҳоси тўртинчи ҳижрий асрга бориб тақалади. Ана шу давр мобайнида фиқҳ ижтиҳодда, тадвин ва мазҳабий фуруълашда ўз авжига чиқди. Унда фиқҳ усули илмига асос солинди ва такомулига етказилди. Шундан бу давр Ислом фиқҳининг олтин даври саналди. Бу давр раъй ва ҳадис мадрасаларининг юзага чиқишига гувоҳ бўлди. Раъй саҳиҳ фиқҳий йўналиш сифатида ўзини мустаҳкам намоён қилди. Шундан имом Шофиъий (р.ҳ.): “Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифага боқимандадирлар”, дедилар. “Имом Абу Ҳанифа ироқликлар имоми эдилар. Аҳли раъйнинг раислиги у кишига ўтиб, барқарор бўлди, истиҳсон йўли мустаҳкамланди. Ул зотнинг кучли ҳужжатлари, залворли, тез жавоблари, ҳамда фаҳм ва истинботдаги даҳолари шуҳрат ёйди”.

Бу давр фиқҳ ва суннат тадвини билан ажралиб турган бўлса, имом Абу Ҳанифанинг икки соҳиблари Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасанлар мазҳаб фиқҳини тадвин этишда ва ёйишда муҳим ўрин тутдилар. Мусулмон ўлкаларда хусусан бу давр қозилик, муҳтасиблик, солиқчилик ва бошқаларда мазҳабий йўналиш таъсири кучайди. Халифа Ҳорун ар-Рашид учун “Ал-Харож” китобини ёзган имом Абу Юсуф аббосийлар давлатида бош қози бўлгач, унда имом Абу Ҳанифанинг фиқҳи ва мазҳаби устивор бўлди. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан бўлса луғат ва фиқҳда имом бўлиб, ҳанафийликда асос бўлган Олти усул ёки “Зоҳирур-ривоя” китобларини тадвин этганлар. Бу зот имом Абу Ҳанифа ва Моликлардан таълим олиб, имом Шофиъий билан кўришиб мунозара қилганларичи учун уч мазҳаб ўртасида воситачи бўлганлар. Сўнг мазҳабни ёйишда уларнинг шогирдлари даври келди. Бу даврни мазҳаб масалаларини иллатлаш, таржиҳ этиш ва уни қувватлаш даври деб номлаш мумкин. Баъзилар мазҳабларга таассуб даври ҳам деб аташган. Бу давр тўртинчи ҳижрий асрнинг ўрталаридан еттинчи ҳижрий асрнинг ўрталаригача, яъни 656-йил Бағдод мўғулларга таслим бўлгунча давом этди. Бу даврда ижтиҳод ҳаракати тўхтаб қолди, ижтиҳод эшикларини ёпишга чақириқлар пайдо бўлди.

Мазҳабий таассуб кенг қанот ёйди, мазҳаб фуқаҳолари ўтганларнинг ишлари билан кифояланиб қолишди. Бир мазҳаб доирасида таржиҳ амалиёти ва мазҳаб имомлари қавлларига тахриж амалиётлари эса жонланиб қолди. Ҳамма мазҳабда буюк фақиҳлар етишиб чиқди, фақат улар бор эътибор ва ҳаракатларини мазҳаб имомлари усулига кўра танқиҳ, тадвин, таълил ва тахрижга қаратишди. Янги ҳодисалар кўпайгани учун тахриж доираси кенгайди. Табиийки, тахрижотлар хилма-хиллигига қараб таржиҳ доираси ҳам кенгайди. Бу билан Усулул-фиқҳ илми ҳам кенг қанот ёйди. Бу даврда мазҳабий муноқашалар ва мунозаралар одат тусига кирди ва баъзида уларда мазҳабий таассуб руҳияти устун бўлди. Кейинги давр тақлид даври бўлиб, еттинчи ҳижрий аср ўрталаридан ҳозирги кунимизгача давом этди. Бу даврда фиқҳда пасайиш ҳолати кузатилди. Унинг бошланиши турғунлик билан сифатланган бўлса охири қотиб қолиш билан ниҳояланди. Гарчи бу давр мобайнидада фуқаҳо ва усулийларнинг ярқ этган авлоди етишиб чиққан эсада, тахриж, таржиҳ ва танзим ҳаракатининг заифлашганидан муаллафотлар энди мухтасар, ёки шарҳ  ёки таълиқ сифатидагина ёзила бошлади. Бу даврда матн услуби ривож топди, фиқҳнинг амалий татбиқий томонини намоён этган фатво китобларнинг кўплиги билан ажраб турди.

Ҳанафий фуқаҳолар масалалар ёки шу масалалар битилган китобларни уч табақага бўлишади:

1. Усул масалалари. Буларни “Зоҳирур-ривоя” деб ҳам номланади. Бу масалалар мазҳаб асҳоблари имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳимаҳумуллоҳлардан ривоят этилган бўлиб, бу имомларни уч имом деб аталади. Гоҳида булар қаторига фиқҳни имом Абу Ҳанифадан олган имом Зуфар ва Ҳасанлар ҳам қўшилиб қолишади. Лекин “Зоҳирур-ривоя”да аксар ҳолларда уч имомнинг ёки бирларининг қавллари ривоят этилади. “Усул” ва” Зоҳирур-ривоя” деб номланган бу масалалар имом Муҳаммаднинг қуйидаги олти китобларида бўлади: Мабсут, Жоимъус-cағир, Жомиул-кабир, Сайрус-сағир ва Сайрул-кабир. Бу китобларнинг “Зоҳирур-ривоя” деб номланиши уларни имом Муҳаммаддан сиқолар ривоят қилганликлари сабабидандир. Бу ривоятлар собит, яъни мутавотир ва машҳурдир.

2. Наводир масалалари. Бу масалалар ҳам мазкур мазҳаб асҳобларидан ривоят қилинган бўлиб, лекин юқоридаги китобларда эмас, балки, имом Муҳаммаднинг “Кайсонийёт”, “Ҳорунийёт”, “Журжонийёт” каби бошқа китобларида ёки имом Муҳаммад китобларидан бошқа; Ҳасан ибн Зиёднинг “Мужаррад” китоби, ёки имом Абу Юсуфдан ривоят қилинган “Амолий” китобларида зикр қилингандир. Шунингдек муайян масалаларда якка ҳолатда қилинган Ибн Сумоа ва Муалло ибн Мансурнинг ривоятлари ҳам Наводир масалаларидан ҳисобланади.

3. Фатово, яна воқеотлар ҳам деб номланади. Унда мутааххир мужтаҳидлар сўралганда, мутақаддим мазҳаб имомларидан ривоят топилмаган масалаларда истинбот этган масаалар жамланган. Бу табақада ёзилган китоб фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг “Навозил” китобларидир. Бу табақаланишдан ташқари мазҳабда мўътамад саналган китоблар мажмауси ҳам бор бўлиб, Ибн Обидийн зикр қилишларича, улар ушбулардир: Ҳоким Шаҳиднинг “Кофий”, ундан кейин Сарахсийнинг “Мабсут”лари. Улардан кейин мутақаддимлар наздида мўътамад саналган машойихлар Тоҳовий, Кархий, Жассос, Хассоф ва Ҳокимларнинг матнлари туради. Мутааххирлар наздидаги мўътамад матнлар эса ушбулардир: Марғинонийнинг “Бидая”си, Қудурийнинг “Китоб”и, Мусилийнинг “Мухтор”и, Содруш-Шариъанинг “Нуқоя”си, Тожуш-Шариъанинг “Виқоя”си, Насафийнинг “Канз”и ва Ҳалабийнинг “Мултақо”си.  

Ҳанафийя мазҳаби қуйидагилар билан қолган мазҳаблардан фарқланади:

1. Оҳод хабарларни қабул этишда йўлни тор олиш Ҳанафийлик мазҳаби Ироқ шаҳарларидан бири Кўфада пайдо бўлган бўлиб, бу шаҳар ҳодиса ва ихтилофлар саҳнаси, фикрий ва инқилобий ҳаракатлар манбаи, турли фирқалар ватани ва шиаларга ўхшаш бидъат ва ҳаво соҳиблари макони эди. Табиий улар ўзларининг ҳадаф ва мақсадалари йўлида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам номларидан ҳадислар тўқишарди. Бу ҳол имом Абу Ҳанифа ва шогирдлари томонидан ҳадисни далил сифатида қабул қилишда йўлни қаттиқ олишга ва бунинг учун бир неча шартларни қўйишга ундади. Имом Абу Ҳанифа оҳод ҳадисларни диққат билан ўрганар ва уларнинг таҳаммуо ва ривоятида камоли забтни талаб этиб шундай дердилар: “Киши бир ҳадисни сўзлаганда хоҳлаган гапини гапирмаслиги учун, уни эшитган кунидан то сўзлаган кунигача ҳофизасида ёд тутган бўлиши керак!”.

2. Қиёс ва истиҳсондан кенг фойдаланиш Истиҳсондан кенг фойдаланилганининг учта сабаби бор. Биринчидан, бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ мазҳабимизда оҳод ҳадисларни қабул қилишда йўлни тор олинади, уларни қабул қилиш учун бир қанча шартлар қўйиладики, бу шартлар кўп ҳадисларни далилликдан маҳрум қилади. Шундан қиёс ва истиҳсонга кўп мурожаат қилинади. Иккинчидан, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ақлий ҳужжатлар борасида ноёб истеъдод эгаси ва райъ-қиёсни ишлатишда ўта ўткир эдилар. Шундан у киши ҳақида сўралган имом Молик: “Бу устуннинг тиллодан экани ҳақида гапирса, уни исбот эта оларди”, деб жавоб қилгандилар. Учинчидан, ҳанифий мазҳаби ўсиб унган Ироқ оддий ва содда Ҳижоз ўлкаларидан фарқли ўлароқ мураккаб ҳаёт, турли маданият ва ҳазоралар қайнаган жой бўлиб, бу ҳолат масала ва ҳодисалар кўпайиши боиси бўлганидан ҳанафий фақиҳлар қиёс ва истиҳсонга жуда кўп мурожаат қилишган.

3. Фиқҳий ҳийлалардан унумли фойдаланиш Бу ўринда никоҳни муртад бўлиш (Аллоҳ сақласин!) йўли фасх қилиш каби номашруъ ҳийлалар назарда тутилаётгани йўқ. Бундай ҳийлалар жоиз бўлиши ҳақида бирор имом гапирмаган. Балки фақиҳлар китобларида зикр қилган ҳийлалар, қийин ва мураккаб вазиятдан фиқҳий махраж воситаси билан чиқиб кетиш кўзланган нарсалар тушунилади. Бунда ҳаром ҳалол, ҳалол эса ҳаром этилмайди. Ўз ичига гуноҳ ва маъсиятни олмайди.

4. Назарий фиқҳ. Бундан мақсад имом Абу Ҳанифанинг асҳобларини фиқҳга, ижтиҳод ва истинботга кўникма ҳосил қилишларига ҳарисликлари бўлса, ўзларидан кейингиларга ҳукмлари равшан баён қилинган масалаларни қолдириш ҳам асосий боислардан бўлган. Аммо назарий ва фаразий масалалар воқеъ бўлиши мумкин ва фойдали масалаларда бўлиши шарт этилган. Имом Абу Ҳанифанинг воқеъ бўлмайдиган фойдасиз савол берган кишига муносабатлари гапимизга ёрқин далил бўлади: “Бир киши имом Абу Ҳанифадан сўради: “Рўзадорга овқатланиш қачон ҳаром бўлади?”. Тонг отганда, деб жавоб бердилар. Бу одам энди янада чуқурроқ кетди: “Агар тонг ярим тунда отиб қолсачи?”. Имом жуда аччиқландилар ва уни мажлисдан турғизвордилар”. Ҳозирда ҳанафийлик мазҳаби Туркия, Сурия, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, ҳамда Марказий Осиё давлатларида кенг тарқаган.

Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳадис илми:  Сиқанинг зиёдаси билан шоз орасидаги фарқ

316 17:00 22.09.2020

Ҳадис илми: “Саҳиҳайн”нинг ҳамма ҳадислари саҳиҳми?

468 16:58 07.09.2020

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари

177 18:47 04.09.2020

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари

222 15:34 02.09.2020

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари

170 21:25 01.09.2020

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари

151 17:10 31.08.2020
« Орқага