Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Хангизлик Сағирбойвачча – советларга қарши курашган қаҳрамон

678

Муҳаммад Саид Мансурбеков 1875 йил Фарғонанинг Олтиариқ туманига қарашли Хангиз қишлоғида туғилган. Ўзига тўқ деҳқон хонадонида улғайган Муҳаммад Саид Қўқонда мадраса таълимини олиб қайтган. Сўнг ота боболари касби деҳқончилик билан шуғулланиб эл орасида Сағирбойвачча номи билан танилди. Танти, одил ва сахий бойлардан бўлиб, элнинг назарига тушди, кўпнинг дуосини олди.

1916 йил халқ бошига иш тушиб, аксар камбағал инсонлар Чор Россиясининг совуқ ўлкаларига мардикорликка юборилди. Муҳаммад Саид Мансурбеков ўзининг ўрнига одам ёллаб жўнатиши ҳам мумкин. Бироқ, у бундай қилмади, аксинча ўзи уларга бош бўлиб йўлга отланади. 1917 йилгача Россиянинг ўрмонларида қарағай кесиб, инқилоб туфайли қишлоқдошлари билан Ватанга қайтади.
Муҳаммад Саид 1917 йилдан Қўқон шаҳрида яшаб, “Шўрои Ислом” жамиятига аъзо бўлди. 1917 йил ноябрь ойида Қўқон шаҳрида “Туркистон Мухторияти” эълон қилинганида бу ҳукумат тадбирларида фаол иштирок этади. 1918 йилнинг баҳорида “Туркистон Мухторияти” ҳукумати советлар томонидан шафқатсиз қонга ботирилганида Қўқон шаҳрида бўлиб, арман дашноқлари ва Қизил аскарларнинг мислсиз ваҳшийликларига гувоҳ бўлди. Большевикларнинг нақадар иккиюзламачи, ёвуз ва пасткаш башарасини кўрди. Мухторият ҳукумати аъзоларидан Миродилбой “Шўрои ислом” жамияти номидан Фарғона қишлоқларига ўз одамларини йўллаб ҳаммани ялпи қўзғолонга чақиради. Жумладан, Бешбола қишлоғидаги йиғилишда Сағирбойвачча ҳам иштирок этади. Муҳаммад Саид қурултойдан сўнг Хангизда бутун бойлигини сарфлаб 50 нафар йигитни от, имконияти қадар қуроллар билан таъминлайди. Уларни Тўйчи қўрбоши раҳбарлигида курашга сафарбар этади. Муҳаммад Саид Мансурбеков Сағирбойвачча 1920 йилгача бир йилдан ортиқ вақт давомида 200 одами билан Муҳаммад Аминбекнинг хизматида бўлган. 
Муҳаммад Саид Мансурбеков Сағирбойвачча Муҳаммад Аминбек маҳв этилганидан сўнг Шермуҳаммадбек билан ҳам яқин алоқада бўлган. У ўз йигитлари билан Қизил армияга қарши фаол кураш олиб борди. Йигитларининг шиддати ва жасурлиги билан бутун Фарғонада таниқли инсонлардан бирига айланди. Вақт ўтиб борар, аммо кутилган қуроллар етиб келмади. Қизил армиянинг беаёв қирғинлари оқибатида аксар қисми ёшлар бўлган сафдошларининг ҳалок бўлиши, оддий аҳолининг икки томонлама иқтисодий зулм остида қолаётгани уни ташвишга солар эди. Натижада 1921 йилнинг бошида большевикларнинг афв эълонидан сўнг Сағирбойвачча ўз йигитлари билан қуролларини топшириб тинч ҳаётга қайтади. Бироқ, кўп ўтмай советлар ўз ваъдасида турмасдан уни босмачилар тарафида жанг олиб борган деб қамоққа оладилар. Икки ой давомида ҳибсда сақлангандан сўнг сулҳ вақтида иштирок этган Туркистон ҳукумати вакилларининг аралашуви билан озодликка чиқишга эришади.

Муҳаммад Саид Мансурбеков Хангизда ўзининг ерларида деҳқончилик қилиб, оиласини тебрата бошлайди. 1927 йил ер ислоҳотлари баҳонасида унинг 130 таноб ери, 2 ҳўкизи, 2 сигири, 1 оти ва тегирмони давлат фойдасига мусодара этилади. Аслида Муҳаммад Саид ўзида бир уй, бир таноб боғ ва бир сигирини қолдириб, барча мулкларини ўз ихтиёри билан топширган эди. Шу туфайли ҳам уни қулоққа торта олмадилар...

1929 йил 1-2 июнь кунлари ҳайит байрами муносабати билан тоғдан Ёрмат махсум йигитларидан бўлган қирғиз Бегали девона келади. Муҳаммад Саид Мансурбеков собиқ сафдошини уйига чойга таклиф этади. Яқин қариндошларидан иборат 9-10 кишидан иборат гурунгда Бегали яна “босмачилар” деган гап ғимирлаб қолди, иложи борича шаҳарга тушманглар. Итлар яна провакация қилмасин, тинчгина уйда ўтиринглар дейди. Чойдан сўнг меҳмонни секин кузатишиб, ҳамма тарқалади. Афсуски, бу вақтда кеч бўлган эди. 1929 йил 13 июнь куни қарийб 70 ёшга кирганига қарамай Муҳиддин Мадалиев номли кимса бу гаплардан хабар топиб, қўшиб чатиб керакли ташкилотга етказади. У гўёки Хангизга қизи Ҳуббинисоникига борганида қирғиздан бир отлиқ келгани ва собиқ қўрбошиларнинг гурунгига гувоҳ бўлганини ёзади. Шундан сўнг 1929 йил 16 июнь куни беш кишига нисбатан ЎзССР ЖКнинг 66-, 78-моддалари қўллаб қамоққа олишга қарор қилинади ва шу куннинг ўзида барчаси ҳибсга олинади.

Муҳаммад Саид Мансурбеков ортидан аёллари 35 ёшли Ризвонбиби ва 27 ёшли Саодат хонимлар, 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 3 нафар ўғли, 9 ёшдан 3 ёшгача бўлган 3 нафар қизлари қон йиғлаб қоладилар.

Иккинчи одам хангизлик 56 ёшли Усмон тоға Исҳақов эди. 1929 йил 21 сентябрь куни сўроқда Усмон тоға ўзининг 1919 йил Алиёр қўрбоши учун хизмат қилгани хирмончи – солиқ йиғувчи бўлиб, Алиёр қўрбоши ўлдирилгач 3-4 йил давомида Кўктерак атрофларида яшириниб юргани ҳамда қайтиб келгач, қўлга олинганини ва Фарғона округ суди томонидан 22 таноб ери, 1 оти, 1 ҳўкизи ва уйи мусодара этилиб, 10 йилга қамоққа ҳукм этганини айтади. Фақат 1928 йилнинг охирида қишлоққа қайтиб келганини баён қилади. 

36 ёшли хангизлик Раҳматали Умаралиев ҳам қамоққа олиниб, унинг ҳам аёли, 3 ёшли қизи Ҳурибиби, 1,5 яшар ўғли Ҳайдаралилар қолиб кетди. Умаралиев Раҳматали сўроқда 1919-20 йиллар Қорабой қўрбошида йигит бўлгани, 1921 йил большевиклар авфига ишониб, Сағирбойвачча билан қуролларини ташлаганини бироқ, кўп ўтмай қамоққа олиниб айбсизлигини исботлаб озодликка чиққанини айтади. Сағирбойваччанинг уйидаги йиғинда иштирок этмаганини ва унга қўйилаётган ЎзССР ЖКнинг 66-, 67-моддаларига ҳеч қачон рози бўлмаслигини маълум қилади. Хотин қизлар бўлими фаоли Қурбон биби деган аёлга ёмон қараш у ёқда турсин уни танимаслигини ҳам айтади.

Шу куни Раҳматали Умаралиевнинг 24 ёшли укаси Наврўзали ҳам қамоққа олинган эди. У сўроқда ўзининг отаси билан бирга яшаши ва колхоз фойдасига 30 таноб ери, оти ва сигирини топширганини, ҳеч вақт босмачилик ҳаракатида иштирок этмаганини, деҳқончилик билан шуғулланиб, Сағирбойваччани қишлоқдоши сифатидагина билгани аммо Бегали деган инсон ҳақида эшитмаганини айтади.

54 ёшли хангизлик деҳқон Тўрабек Мадаминбеков эса сўроқда ўзининг ҳеч қачон совет ҳукуматига қарши турмагани, балки тоғаси Муҳаммад Саид Мансурбековнинг маслаҳати билан колхоз фойдасига ўзининг 40 таноб ери, қўш ҳўкизи ва сигирларини топширганини айтади. Ўзининг босмачилик ҳаракатида иштирок этмаганини, аксинча онасининг илтимоси билан тоғаси Сағирбойваччани советларга таслим бўлиши учун кўндириш мақсадида унинг олдига борганини маълум қилади. Тоғасининг уйида йиғин бўлганидан эса хабари йўқлигини айтади. Сўроқлар давомида қанча қийноқларга қарамай бирор киши ўзининг айбига иқрор бўлмади. Аксинча, ҳаммаси уларга нисбатан ғаразли бўҳтон бўлганлигини исботлаб беришга ҳаракат қиладилар. 

1929 йил 12 июль куни хангизлик бева, ўзича шўро фаоли 38 ёшли Қурбонбиби Салимова сўроқда барчасининг собиқ қўрбошилар экани ҳақида гувоҳлик беради. Улар совет сиёсатини ва унинг маҳаллий фаолларини доимо обрўсизлантиришга ҳаракат қилганини айтиб, ҳатто Раҳматулла Умаралиевнинг ўзига нисбатан ёмон қараш қилганини айтади. Бор-йўғи мана шу икки туҳмат ортидан 1929 йил 29 сентябрь куни Қўқон шаҳар ОГПУ бўлими Муҳаммад Саид Мансурбеков (Сағирбойвачча) бошлиқ 5 кишига нисбатан Ёрмат махзумга ёрдам бериш ниятида аксилинқилобий ташкилот тузган деб, ЎзССР ЖКнинг 67 – моддаси билан айблов эълон қилади. 

1930 йил 25 январь Қўқон шаҳар ОГПУ бўлими ҳузуридаги “учлик” ҳайъати ҳеч бир жинояти исботланмаганига қарамай барчаларининг бор мол-мулкларини мусодара этиб, Муҳаммад Саид Мансурбеков, Усмон тоға Исҳоқов ва Раҳматали Умаралиевларни отувга, Наврўзали Умаралиев ҳамда Тўрабек Муҳаммад Аминбековларни 3 йилдан Сибирга сургун этиш ҳақида қарор қилади.

1930 йил 29 январь куни Муҳаммад Саид Мансурбеков (Сағирбойвачча), Усмон тоға Исҳоқов ва Раҳматали Умаралиевлар Қўқондаги махсус объектда отиб ташланади. 


Раҳматали Умаралиев


Сағирбойвачча


Тўрабек Муҳаммадаминбеков


Усмон тоға Исҳоқов


Наврўзали Умаралиев

Хуллас, бу миришкор деҳқонларнинг шўролар мамлакати олдидаги ягона айби элнинг олдидаги обрўси ва уларнинг олчоқ мафкурасига ишонмаганида эди. Улар халқнинг илғор қисмига ақл заковат билан бас кела олмагач, уларни жисмонан йўқ қилишга киришадилар. Натижада ўзбек қишлоқларидан азалий деҳқончилик анъаналарини билган юз минглаб мулкдор, қўли гул деҳқонлар маҳв этилди. Уларнинг қанчалик “босмачи” бўлган бўлмаганликлари эса бор-йўғи қирғин учун баҳона эди, холос.

Баҳром Ирзаев 

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия “Америка овози”ни ўчириб қўйди

56 13:40 02.07.2022

Эронда зилзила содир бўлди

65 13:20 02.07.2022

Мубашшир Аҳмад:  "Фитна тегирмонига сув қуймаслик керак!"

213 12:55 02.07.2022

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

732 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

74 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

519 12:00 02.07.2022
« Орқага