Ҳақиқатни соғинган миллат. Ёхуд диний идорамиз қачон Президентга ёрдам бера бошлайди? (давоми)

21:20 24.04.2018 1899

Аввалги қисмга ўтиш

Ислоҳот зарурати

Мамлакат аҳолисининг 95 фоизи ўзини мусулмон ҳисобласа-да, диний саводхонлик ўта ачинарли аҳволда ва ҳолатни жоҳилият даврига қиёсласа бўлади.

Динга алоқаси бўлмаган тушунча, эътиқод, одат ва удумлар халқни том маънода маънан тутқун қилиб турибди ва айнан шу омил кўзланаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасига рахна солмоқда.

Зеро, эгри тушунчалардан иборат дунёқараш ҳеч бир яхшиликка замин бўла олмайди, аксинча, зомин бўлади. Фолбинлардан нажот, қабрлардан фарзанд, иримлардан бахт-саодат исташ даражасига тушиб қолган «мантиқ» ижобий ўзгаришлар учун ёмон замин бўлиб, ислоҳотлар ваъда қилаётган ўзгаришлар – моддий-маънавий юксалиш манзарасига тамомила тескаридир. Ҳолат ўзгармаса ислоҳотлар мазкур тафовут – келишмовчиликнинг қурбони бўлишга маҳкум.

Дунёқарашида мантиқсизлик устун бўлган жамият мантиқий ислоҳотни ё қабул қилмайди, ё уни ўзига хос тарзда – бузиб таъвил қилади. Бунга воқелигимиздан кўплаб мисоллар келтирса бўлади. Хусусан, мамлакат Президентининг мантиқан соғлом чиқишларини ўзига хос тарзда тушуниб, кўзбўямачилик қилаётган ва буни оқлашга важ топаётган мансабдорларнинг ҳоли бунга яққол мисолдир.

Демак, ислоҳотлар муваффақиятини таъминлаш учун дунёқарашимизни тузатишимиз лозим. Бу эса киши ва омма дунёқарашининг негизини ташкил қилувчи нарса – диний тушунчаларни тартибга келтириш билан бўлади.

Набавий услуб

Шу жойда алоҳида таъкидлаш керакки, издан чиққан мантиқни тузатишнинг мукаммал ва универсал тизими мавжуд бўлиб, бу – муқаддас динимиз келтирган услуб – набавий услубдир. Айнан шу услуб ила ёғочдан йўниб олинган шаклларга таъзим қилиб, улардан бахт-саодат сўраш, қабрларга топиниш каби мудҳиш мантиқсизликларга дучор бўлган жамиятларнинг дунёқараши ислоҳ этилган эди. Айнан шу услуб воситасида ўз вақтида буюк маънавий юксалиш содир бўлган эди, инсоният «оламга илмий назар ила қараш» деган тушунча билан танишган, ривождан тўхтаб қолган цивилизация тараққиётга юз тутган эди.

Бугун биз фахр ила тилга олаётганимиз – аждодларимиз қолдирган, таърифлашга сўз ожизлик қиладиган улкан маданий ва илмий мерос айнан ўша жараён меваси бўлган эди. Инсониятнинг илмий ютуқлари ҳам тарихнинг маълум нуқтасида юз берган ўша инқилобий жараён маҳсулидир.

Нубувватнинг аввалида нима ишлар қилинган эди?

Тавҳид

Ислом дини ер юзига келтирган асосий нарса тавҳиддир – Аллоҳ таолонинг ягоналиги ҳақидаги бир қарашда содда, аммо ўта дақиқ, ҳаётбахш таълимотдир. Унинг ҳаётбахшлиги шундаки, инсон деб аталмиш мавжудотни барча маънавий кишанлардан халос этиб, мукаммал зот – Яратганга юзлантиради ва ҳақиқий – маънан озод ҳаётнинг эшигини очиб беради. Номукаммал нарсалар: одамлар томонидан ўйлаб топилган ғоя ва концепцияларга, мантиққа зид одатларга, инстинктларга, ўзи каби одамлар – шахсларга сиғиниш, ўзини, тақдирини уларга топшириб қўйишдек ақл берилган мавжудотга ярашмайдиган ҳолатдан – тутқунликдан озод этади.    

Бунинг фойдаси ўлароқ жамият маънан кишанланган кишилардан ташкил топган омма ҳолатидан чиқиб олиб, том маънодаги озод, мустақил, онгли ва ўзи учун жавоб берадиган шахслардан таркиб топган жамиятга айланади. 

Фақат моддий манфаат учун ҳаракат қилгани боисидан тараққиёт йўли чекли ва шартли – маълум моддий нарсаларга етишгунча давом этадиган жамиятлардан фарқли равишда тавҳид малҳами ила мантиқини тузатиб олган жамиятнинг тараққиёт перспективаси чексиз ва оламшумулдир. Зеро бундай жамият учун ҳар қандай моддий нарса шунчаки моддий нарса эмас, балки ўзининг маънавий моҳиятига – маънавий қийматига ҳам эгадир. Йўл ўртасида ётган тошни чекага олиб қўйиш тавҳид соҳиби учун шунчаки локал ҳодиса эмас, тош эса шунчаки бир тош эмас, балки бу ҳодиса “савоб” тушунчаси воситасида олам кенглигича аҳамиятли, арзимас тошнинг қиймати эса у учун ўшанча вазндаги олтиндан қиммат бўлади. Ният ила олтинга айланган тош! Маънавий моҳиятига эга моддият! Аждодларимиз билан содир бўлган буюк моддий-маънавий қўзғалиш сирини шундай маъноларда изламоқ лозим.

Тавҳид ҳақиқатининг сўниши ила дин моҳиятсиз шаклга, пуч ёнғоққа айланиб қолади. Барча диний тушунчалар ўз маъносини йўқотади ва таназзул воқеликка айланади. Барча соҳалар қаровсиз қолади ва, табиийки, ожизликка юз тутган миллат ўзгаларнинг енгил нишонига айланади (ўзгалардан ўпкалаш маъносиз иш эканлигини шундан тушуниб олсак бўлади). 

Тавҳидсиз намоз ҳам, рўза ҳам, ҳаж ҳам ўз моҳиятини йўқотиб қўяди ва жамият ислоҳига хизмат қилмайди. Диннинг асоси бўлмиш тавҳидни кишилар онгида қарор топтирмасдан туриб мантиқ, дунёқараш, тафаккурни ислоҳ этиб бўлмайди ва нубувват тарихи бунга яққол мисолдир – Муҳаммад  алайҳиссалом 23 йил пайғамбарлик қилган бўлса шунинг аввалги ярми тавҳид тарғиботига бағишланган эди.

Асосини йўқотиб қўйиши асносида моҳияти ўзгарган «дин»нинг меваси етук, мустақил шахслар эмас, балки ҳаёт йўналишини ўзи белгилай олмайдиган, ҳатто оддий мантиқий ислоҳотни қабул қила олмайдиган, ўзининг оддий манфаатини-да кўра олмайдиган кишилардир.  

Моддий нарсаларнинг маънавий моҳияти билан алоқамиз узилгани боис атрофимизни йиғиштирмай қўйдик. Тартиб ва саранжомлик биз учун ўз аҳамиятини йўқотди. Натижада тартибсизлик бизни моддий ожизликка етаклади ва кўчада қолган ҳимоясиз, эгасиз қўзичоққа айлантириб қўйди (табиийки, тарихнинг маълум нуқтасида бизга эга топилди). Зеро, моддиятни маънавий моҳияти билан боғлаб турган ришталар узилган эди ва бу алоҳида ҳодиса эмас, балки умумий маънавий тизимнинг инқирози натижаси бўлди. Ҳар қандай инқироз эса бош асоснинг ўрнидан силжиши оқибати бўлиб, инқироздан чиқиш ўша асосни ўрнига қўйиш билан бўлади, бошқача эмас.

(давоми бор)

Муҳаммад Шакур

Манба: Xabar.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!