Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, инсон имкон қадар бошқаларнинг айбини қидирмаслиги, аксинча ўз камчиликларини тузатиш билан машғул бўлмоғи лозимдир.
Дарҳақиқат, инсоннинг ўзида камчилик бўла туриб бошқалардан айб қидириши катта гуноҳ ва айни пайтда уятли бир ҳолатдир.
Топилмас барча хулқ-атвори мақтовли кимса
Айб-нуқсонин адоғи бўлмоқ инсонга шараф
Борми асло айбсиз, ёмон иш қилмаган кимса
Ёхуд қилган иши ҳасаноту, билгани шараф
Халифа Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ кенгаш мажлиси иштирокчиларини ўта эҳтиёткорлик билан саралаб олар, уларнинг олдиларига бир қанча талабларни қўяр эди.
Жумладан, уларга то унинг мажлисидан тарқалгунларига қадар бирон кимсани ғийбат қилмаслик ва айбламаслик талабини қўяр эди.
Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ агар у иштирок этган йиғинда бирон кимсанинг ёмон иш қилганлиги тилга олинса, дарҳол у киши ҳақида билган энг яхши амални зикр қилишга ошиқар ва шу тарзда унинг обрў-эътиборини ҳимоя қилар эди.
Кунлардан бирида ҳамсуҳбатларидан бирининг Ҳажжож оламдан ўтгач, уни ҳақоратлаётганини эшитди. Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ ғазабланган ҳолда унга ўгирилди ва шундай деди: “Тилингни тий, эй жиян! Ҳажжож Парвардигорининг ҳузурига кетди.
Сен Аллоҳнинг ҳузурига борганингда дунёда содир этган энг арзимас гуноҳингни Ҳажжож содир этган энг улкан гуноҳдан ҳам оғирроқ эканини кўрасан. Ўша пайтда сиз иккингизнинг ҳам ўзига яраша ташвиши бўлади. Эй жиян!
Шуни яхши билгинки, Аллоҳ таоло Ҳажжож зулм қилган кишиларга ундан қасос олиб берганидек, Ҳажжожга ҳам унга зулм қилган кишилардан қасос олиб беради. Бугундан эътиборан бировларни айблаш билан ўзингни машғул қилма, бирон кимсанинг айб-нуқсонини қидирма”.
Айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолар.
Эй ўзида айб-нуқсон бўла туриб ўзгаларни айблаган инсон! Аллоҳдан тақво қил! Мусулмонларнинг обрў-эътиборига тил теккизиш инсонни дўзахга етаклайди. Уламолар эса мусулмонлар ичидаги энг обрў-эътиборли ва ҳурматга сазовор кишилардир. Уларни ғийбат қилиш, обрўсига путур еткизиш катта гуноҳ. Зеро, уламоларнинг гўшти заҳарли, Аллоҳ таолонинг уларни ҳақоратлаган, камситган кишиларни шарманда қилиши хусусидаги одати маълумдир.
Кимики уламоларни ҳақоратлашда тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни ўлимидан олдин қалбининг ўлиши билан кулфатлайди.
Дарвоқе, айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолади. Шундай экан, дўстларингизга доимо ризо ва қаноат кўзи билан боқинг.
Ризо ва қаноат кўзи билан боқ,
Кўрмайсан атрофда ҳеч қандай нуқсон,
Дунё қоронғудир, зимистон ҳар ёқ,
Гар нафратла нигоҳ ташласа инсон.
Айрим кишилар борки, биродарларига зулм қиладилар, инсоф билан ёндашмайдилар. Ўзгаларнинг кўзидаги гардни кўриб, ўз кўзларидаги чўпни кўрмайдилар. Ўз айби ва камчиликларини тузатиш билан овора бўлган ва ўзгаларнинг камчилигига эътибор бермаган кишига жаннат насиб қилсин!
“Ҳақиқий доно ўзини ўзи ҳисоб-китоб қилган ва ўлимдан кейинги (боқий ҳаёт) учун амал қилган кишидир. Ожиз киши эса, нафсини ҳою-ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли хил орзу-умидларни умид қилган кишидир”.
(с) Islom nuri