«Ҳаққа қайтинг, ҳақ бу ёқда», дедим. Улар эса…

20:05 08.07.2019 749

 “Ҳаққа қайтинг, ҳақ бу ёқда”, - дедим.

“Ўзингни бил, ўзинг ҳам биз каби эдинг”, - дедилар.

“Ўзимни билганим учун, сизларга ҳам яхшилик соғиниб айтяпман ахир. У томон жарлик”, - дедим.

“Сен ким бўлибсанки, ўргатасан. Ёки у жарликка тушиб кўрганмисан?”, - дедилар.

“Тушиб кўрмадим, аммо унинг ёқасидан қайтдим, диним менга таълим берди, у томон ҳалокатдир”, - дедим.

“Ҳамма ўзича ҳақ, биз йўлимиздан қайтмаймиз”, - дедилар.

Ва мен сўнгги бор дедим:

“Ё Раббим, мен охирги пайғамбаринг Муҳаммад алайҳиссаломнинг "дин - насиҳатдир" деган кўрсатмаси ҳаққи-ҳурмати уларга етказдим. Улар эса шайтонга эргашдилар ва шайтон уларни жарлик сари етаклади. Батаҳқиқ, улуғ азоб етадиган қиёмат кунида шайтон улардан юз ўгирар ва дер: "Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса, сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди, мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Албатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор" (Иброҳим сураси, 22).

Ё Раббим, “Бизни тўғри йўлга бошлагин. Ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас, Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига бошлагин” (Фотиҳа сураси, 6-7).

“Тафаккур ғунчалари”дан...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!