Ҳар бир аёл миллат тарбиячиси

16:00 02.04.2019 385

Баъзида аёлларимиз уй ишларидан чарчаганликларини, болалари билан ҳеч нарсага улгурмаётганликларидан нолишади. Аммо улар рўзғорда бажараётган ишлари учун ажру савоб олишларини билишганида, бу ҳақда илмга эга бўлишганида эди, асло бундай гапларни айтмаган бўларди. Аёллар уйларни тозалаши ва барча рўзғор ишларини қилганликлари, тартибга келтирганликлари учун ажру савоб олишади. Айниқса, одамлар кўзига эмас, Аллоҳ покизаликни севади, шунинг учун ҳам ҳамма жойни тоза сақлашим керак деб ният қилиб ишга киришса, ҳар бир тартибга олган нарсаси миқдорида савобга эга бўлади. Демак, биз аёллар ихтиёрида куну тун ажр олиш имкони бор. Болаларимизга вақт ажратишимиз, кийим-кечакни тартибга келтириш, ювиш, уйни тозалаш, идишларни ювиш, буларнинг барчасини Аллоҳ розилиги учун қилишнинг савоби улуғдир.

Аксинча, одамларнинг гапини деб, аёлларнинг уй юмушларни бажариши, уларни ажрдан маҳрум қилади. Аёл киши оз бўлса ҳам диний ва дунёвий илмларга эга бўлса, бундай савоблардан маҳрум бўлиб қолмасликлари учун ҳаракат қилади. Баъзи аёлларимиз борки, оддий суннат амалларнинг тартибини билишмайди. Улар ўзлари тушунчага эга бўлмасдан туриб фарзандларига таҳорат, ғусл ва уларнинг тартиби, вожиб амаллари ҳақида қандай маълумот бера олиши мумкин? Ҳар бир муслима келажакда тарбиячидир. Шундай экан, ҳар бир аёл ҳеч бўлмаса, оддий бошланғич илмларни эгаллаши, фарзандларига тарбия беришда улар олдида уялиб қолмаслиги керак.

Поклик иймоннинг ярмидир. Биз муслималар, Аллоҳнинг розилиги учун бу ишларни оғринмай қилсак, ихлос билан бажарсак, катта савобдир. Шундай экан, савобдан бебаҳра қолмай десангиз, ҳар куни Аллоҳ учун деб уй-рўзғорингизни тартибга келтиринг! Зеро динимиз, биз кичик санаган ишлар учун ҳам, улкан мукофотлар ато этажак!

Саида Рустам қизи

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!