«Ҳар Ҳайит ва Рамазон киришида шу ҳолат такрорланади...»

00:11 04.06.2019 5530

Ҳар ҳайит ва Рамазон киришида шу ҳолат такрорланади ва юрак сиқилади. Келаётган юзлаб хатларга жавоб қилмайман. Шунинг учун умумий қилиб ёзиб қўяман.

Ой кўриш масаласи ихтилофли масала. Масалан, Қатарнинг "Ал-Жазира" каналининг бу мавзудаги тадқиқотига кўра, телескоп билан қараганда бугун Шаввол ҳилоли кўринади. Аммо оддий кўз билан қараганда, Рамазоннинг ўттизинчиси бўлади. Бу нуқтаи назардан "Ойга қараб рўза тутиш ва оғиз очиш" ҳақидаги ҳадисни ҳам икки хил тушуниш мумкин. Демак масала ихтилофли. Бундай ҳолларда қозининг ҳукми ихтилофни кесади. Фиқҳда шундай уқтирилади.

Мен ҳозир Туркиядаман. Эртага ҳайит. Уларда буни фалакий ҳисобда олдиндан маълум қилиб қўйилган. Ўзбекистонда эртага Рамазоннинг охири. У ҳам олдиндан маълум қилинган. Ҳилолни кўрганлар ҳам иккига ажраган. Телескоп ва оддий кўз билан кўрадиганларга. Бирида эртага ҳайит, бошқасида индинга. Демак, бу ўринда якдил сўз йўқ, муфтийнинг сўзи ҳал қилувчи бўлади. Шунга кўра, Ўзбекистонда ҳайит чоршанба куни. Қолган гаплар шов-шув кўтаришни ёки ихтилофни севиш. Ҳарна шу билан машҳур ва диққат марказида бўлиш мумкин.

Булар менинг шахсий мулоҳазаларим.

Мубашшир Аҳмад

***

Муҳтарам биродарлар!

Саудияда ой кўринибди, эртага ҳайит деб эълон қилинди.

Юртларида эртага ҳайит бўлмаган мусулмонлар барча билан биргаликда улар қачон ҳайит қилсалар, ўша куни ҳайит ўқисинлар, ўша кунни байрам қилсинлар.

Ой кўринган минтақаларга эргашиб оғзини очган кишилар бўлса, ул муҳтарамлар ҳам одамларга кўрсатиб еб юрмасинлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Минода тўрт ракаат ўқишни нотўғри деб билсалар-да, фитна бўлмасин деб имомга эргашган эдилар.

Бу ерда ҳам шундай. Ҳайитни эртага деб билмаган биродарлардан илтимос ва ражоимиз шуки, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг тасарруфларини ёдда тутсинлар, турли гап-сўзларни гапириб байрам кайфиятига раҳна солмасинлар.

Қадимдан мусулмонлар диёрида турли иқлимларда ҳайит кунини тайинлашда ихтилофлар учраб турган. Бу нарса мусулмонлар бирлигига соя солмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло мусулмонларни бир тану бир жон қилсин, уларни пароканда қилувчи, бўлиб ташловчи фитналардан узоқ қилсин, мазлумларга ўзи нусрат ва нажот берсин.

Сайфуллоҳ Носир

                                                                                                ***

Саудиянинг бир минтақасида ҳилол (янги ой) кўрилгани айтилди. Малайзия, Индонезия ва кўплаб бошқа мамлакатларда кўринмади.

Аксар ислом диёрлари фалакий ҳисоб билан тақвимлар тузиб қўйганлар, ўша тақвимларга кўра Ҳайит кўплаб давлатларда 5- июн деб белгиланганди. Жумладан Ўзбекистонда ҳам.

Саудияда эса  4 - июн деб белгиланди.

Хўш энди Ўзбекистондаги мусулмон биродарларимиз қандай йўл тутмоқлари керак?

Бу саволга жавоб бериш учун олдин фалакий ҳисоб билан Ҳайитни олдиндан белгилаб қўйиш шаръан жоизми деган масалани билиб олишимиз керак бўлади.

Фалакий ҳисоб билан шаръий вақтларни белгиласа бўладими?

Фалакий ҳисоб масаласи асримизда энг кўп ихтилофларга сабаб бўлган мавзулардандир. Уламолар фалакий (астрономик) ҳисоб масаласида 3 фикрга бўлинадилар:

1. Бу ҳисоб мутлоқ эътиборсиз.

2. Бундай ҳисоб қуёшни кўришда - намоз вақтларини белгилашда эътиборга олинади. Ҳилолни кўришда олинмайди.

3.  Бундай ҳисоб математик жиҳатдан аниқлиги сабабли эътиборга сазовор.

Ҳилолни кўрмай тақвим билан белгилаш хато дейдиган уламолар ва уларга эргашувчилар:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

"صوموا لرؤيته وأفطروا لرؤيته"

"Ҳилолни кўриб рўза тутинглар, ҳилолни кўриб фитр қилинглар", деган муборак ҳадисларини қайта-қайта такрорлайдилар. Кўрмоқ дегани фалакий ҳисоб дегани эмас, демак, кўриш зарур дейдилар. 

Бироқ ҳилолни кўрмай олдиндан ҳайитни фалакий ҳисобга биноан белгилаб қўйишни танқид қилаётган бу  биродарларимиз унутиб қўймоқдаларки, уларнинг ўзлари беш маҳал намозларини олдиндан фалакий ҳисобга  асосан белгиланган тақвимларга қараб ўқийдилар. Улар намоз ўқийдиган масжидлар муаззинлари ҳар намозда ташқарига чиқиб қуёшни кўрмайди, балки ҳатто Макка ва Мадинадаги икки Ҳарамда ҳам олдиндан белгиланган тақвимга қараб азон айтилади. Ваҳоланки, намоз вақтлари ҳам қуёш ҳолатини “кўриш” билан белгиланиши ҳадисларда келгани ҳеч кимга сир эмас.

Энди агар уламолар намозда - қуёшга қарашда олдиндан белгиланган тақвимларни эътиборга олишга қарор қилганларидек, ҳилолни кўришда ҳам шундай қилсалар, бирини қабул қилгандек, иккинчисини ҳам қабул қилиш тўғри бўлаверади валлоҳу аълам.

Шундай экан, агар бундай ижтиҳодий масалада ихтилоф бўлиб, ҳайит байрами ҳар-хил кунларга белгиланган бўлса, одамлар ўртасида низо чиқариб, узоқ кутилган байрамни кўпчиликка расво қилишга уринмаслик керак.

Ҳар ким ўз диёридаги мусулмонлар билан ҳамжиҳат бўлиб, улар рўза тутсалар рўзадор бўлиши, улар ҳайит қилсалар, биргалашиб байрам қилиши лозим валлоҳу аълам.

Маҳмуд Усмон

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!