Ҳар икки германияликдан бири Исломни таҳдид деб билади

15:03 11.07.2019 426

Бертельсманн номидаги жамғарма ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, қарийб ҳар икки германияликдан бири Исломни таҳдид деб ҳисоблайди.

Мамлакат шарқида ғарбига нисбатан мусулмонлар камроқ яшайди, аммо бу ҳудудда мусулмонларга нисбатан шубҳа билан қараш кучлироқ. Жамғарма сўровномасида қатнашган шарқликларнинг 30 фоизи қўшниси мусулмон бўлишини истамаслигини айтган, ғарбда эса бу кўрсаткич 16 фоизни ташкил этди.

Сўровнома иштирокчиларининг 13 фоизи Германияга мусулмонларнинг келишини умуман тўхтатиш керак деган фикрда.

“Кўриниб турибдики, кўпгина кишилар Исломни нафақат дин, балки сиёсий мафкура сифатида ҳам қабул қилади, шунинг учун бу динга нисбатан тоқатли эмас”, – дейди Бертельсманн жамғармасининг эксперти Ясмин ал-Манвар. Шунингдек, у аҳолининг Ислом ҳақидаги тасаввурига сўнгги йилларда ижтимоий дебатларда ва ОАВда Исломнинг ёмонотлиқ қилиб кўрсатилаётгани ҳам таъсир ўтказганини таъкидлади.

Сўровнома иштирокчиларининг атиги учдан бир қисми Ислом ҳақида илиқ фикр билдирган. Айни пайтда немисларнинг аксари насронийлик, яҳудийлик, буддавийлик ва ҳиндуизмга ижобий муносабатда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!