Ҳар қўйни ўз оёғидан осадилар

19:15 14.08.2019 1378

Аббосий халифа Ҳорун ар-Рашиднинг Баҳлул доно деган фазилатли зотга ҳурмати баланд эди. Чунки бу дарвеш ҳеч тортинмасдан халифага маслаҳат берарди. Халифа ҳам ҳар доим унинг сўзларига қулоқ осар, насиҳатларига амал қиларди.

Бир куни халифа қандайдир масала юзасидан янглиш қарор чиқарди. Баҳлул доно ҳазратлари унга бу қарорини ўзгартириш кераклигини айтди. Аммо бу гап халифага малол келиб: 

– Сиз айтишингиз керак бўлган гапни айтдингиз, гуноҳ сиздан соқит бўлди. Менинг қилган ишимдан сизга зарар етмайди. Ахир, ҳар қўй ўз оёғидан осилади-ку, – деди.

“Ҳар қўйни ўз оёғидан осадилар” мақолининг маъноси шуки, ҳар ким қилган гуноҳи учун жазосини ўзи тортади, бировнинг гуноҳи бошқа одамга юкланмайди. Бир қарашда бу гап тўғри. Бироқ бошқа жиҳатдан мўминлар бир-бирларининг ойнасидир, яъни уларнинг бири иккинчисига тўғри маслаҳат бериши Аллоҳ таолонинг амридир.

Шунинг учун Баҳлул доно ҳазратлари халифага эсда қоладиган дарс бермоқ истади. Бир қўйни сўйиб, сарой боғидаги кўздан пана жойга оёғидан осиб қўйди.

Бир-икки кун ўтиб, боғда бадбўй ҳид таралди. Бу ҳиднинг қаердан чиқаётганини излаган хизматчилар қўйнинг бошини топдилар.

Халифа қўйни ким осиб қўйганини дарров фаҳмлади.

– Баҳлулни топиб келинглар, – деб амр қилди.

Баҳлул доно ҳазратлари келганидан сўнг халифага бундай деди:

Кўриб турганингиздек, ҳар қўй ўз оёғидан осилади, аммо унинг ҳиди бошқаларни безовта қилади. Шунга ўхшаб жамиятда баъзи кишиларнинг қилган қилмишлари бошқаларининг тинчини бузади. Хато фасод чиқаради. Шу сабабдан ҳаммамиз бир-биримизга тўғри гапни сўзлашга масъулмиз. Сиз ҳам ўзингизга қарата айтилган ҳақ сўзни қабул этинг.

Халифа уни мукофотлаб, янглиш қароридан воз кечди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!