Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳарамда фатво берган ҳабаш

1751

Мен Ато, Товус ва Мужоҳиддан бошқа илм олиб, Аллоҳ розилигини истаган кишини кўрмадим.
Салама ибн Куҳайл

Ҳижрий тўқсон еттинчи йил. Зулҳижжа ойининг охирги ўн кунлиги. Аллоҳнинг байти тавофи учун келган инсонларнинг чеки йўқ. Улар орасида арабу ажам, ёшу қари, уловда ва яёв,  эркагу аёл, бой-у камбағал, ҳаммасидан бор.

Келганларнинг ҳаммаси Оламлар Роббига итоат, Ундан қўрқув ҳисси билан, Ундан раҳмат умидида талбия айтишар эди.

Сулаймон ибн Абдулмалик — мусулмонлар халифаси, ўша даврнинг энг кучли подшоҳи ҳам бошяланг Каъба тавофи билан машғул эди. У ёнидаги қавмдан ҳеч нима билан ажралиб турмас эди. Ортида унинг икки келишган, чиройли ўғиллари ҳам оталаридан қолмай ибодат қилардилар. 

Тавофни тугатиб подшоҳ бир мулозимдан:

— Шерикларинг қани? – деб сўради.

У жавоб берди:

— Ана, намоз ўқияпти…

Халифа ўғиллари билан кўрсатилган томонга юрди. Мулозимлар халифани тиқилинчда қийналмаслиги учун одамларни уёқ-буёққа  итариб тозалашни бошладилар. Халифа уларни қайтарди:

— Ҳозир оддий фуқаро ва шоҳнинг фарқи йўқ. Фақат тақвогина мартабаларни оширади.

Кейин у ўша намозини ўқиётган одамнинг олдига борди. Унинг атрофида унинг намозни тугатишини кутиб турган кўплаб одамлар ўтирарди. Халифа бир бўш жойга ўтирди, ўғиллари унинг ёнига чўкди.

Икки ака-ука ҳам отаси – буюк халифа қидириб келган одамга қарашар, нега бу ерда ўтиришганини унча тушунмаган эдилар…

Намозини тугатиб ортига ўгирилганда эса сочлари жингалак, бурни пачоқ, кекса ҳабашни кўрдилар.  Чўккалаб ўтирган бу чол уларга худди қарғадек кўринди.

Шундай қилиб, намозини тугатган қари ҳабаш халифа томонга ўгирилди. Сулаймон ибн Абдулмалик унга салом берди, у ҳам алик олди. Сўнг халифа ундан ҳаж амалларининг тартиби ҳақида сўради. У эса  ҳар бир амални Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини мисол келтириб тушунтириб берди. 

Жавобларни эшитгач халифа унга:

— Аллоҳ сени мукофотласин, – деб ўрнидан турди.

Кейин ўғилларига туришни буюрди.

Улар Сафо ва Марва тоғлари томон юрдилар.  Йўлда улар жарчининг бақирганини эшитдилар:

— Эй мусулмонлар! Бу ерда фақат Ато ибн Абу Рабоҳ фатво беради. Агар у бўлмаса, Абдуллоҳ ибн Абу Ножиҳдан сўранглар.

Болалардан бири отасидан сўради:

— Бу қанақаси бўлди? Жарчи фатвони фақат Ато ибн Абу Рабоҳдан олинглар деяпти-ю, биз бўлсак халифага эътибор ҳам бермаган ҳабаш қариядан савол сўрадик!

Сулаймон ўғлига жавоб берди:

— Ўша биз оғзига қараб турган қария —Ато ибн Абу Рабоҳдир. У Абдуллоҳ ибн Аббоснинг вафотидан кейин Масжидул-Ҳарамда фатво берувчи кишига айланди.

Сўнг ўғилларига тикилиб, қўшиб қўйди:

— Илм олинглар, ўғилларим. Билим камтарни камолга етказади, дангасани уйқудан уйғонишга мажбур қилади, қулларни шоҳлардан юқори мартабага кўтаради…

Ёқуб Умар таржимаси

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Макка қандай экан?

1126 17:30 16.02.2021

Макка суди Bin Laden компаниясини оқлади

1582 08:47 12.12.2020

Макка ва Мадинада истисқо намози ўқилди (фото)

1116 13:05 21.11.2020

Xорижликлар учун умра зиёрати бошланди

997 16:30 01.11.2020

Маккадаги йўқолган жойлар: Дорул Арқам қаерда қолди?

1724 20:30 20.08.2020

Макканинг тарихий жой номлари

1916 08:56 18.08.2020
« Орқага