Ахлоқ

«Ота-онангнинг юзига назар солишинг ибодат эканини билмайсанми?»

793

Инсон учун ота-онани хизматида бўлишдан кўра шарафлироқ бурч бўлмаса керак. Зеро Каломи шарифда ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан бир ўринда зикр этилди: “Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уфф” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!" ("Исро" сураси, 23-оят).

Аммора Маъвалий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳасан Басрийдан: «Бирр (яъни "бирр ул ваалидайн - ота-онага барча турдаги яхшиликлар) нима?» - деб сўрадим. У зот: «Муҳаббат ва борини сарфлаш», - деди. «Оқ бўлиш нима?» - дедим. «Икковлари (ота ва она)ни маҳрум ва ҳижрон қилишинг», - деди. Сўнгра: «Шўринг қургур, ота-онангнинг юзига назар солишинг ибодат эканини билмайсанми? Уларга энди яхшилик қилиш нималигини билиб олавер?» - дедилар».

Фарзанд учун ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг розилигини топиш, дуосини олиш энг савобли ибодатлардан бири ҳисобланади.

Яна фарзанднинг ота-онаси олдидаги бурчи шуки, уларга яхши сўз ила муомала қилиш, улар олдида овозини баланд кўтармаслик, одоб сақлаш, керак бўлганида, уларнинг розилиги ва хурсандчилиги учун ўзидаги бор нарсасини сарфлаш зарур. Аксинча, уларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, Аллоҳ таолога бўлган ҳурматсизлик бўлади.

Ота-она “ўғлимни ё қизимни оқ қилдим» дейиши шарт эмас. Уларнинг дилига озор етказиш, ҳолидан хабар олмай, маҳрум этиш уларга оқ бўлиш ҳисобланади.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Илм учун сафарга чиқмоқчи бўлдим. Онам “Чиқма!” дедилар. Онамга итоат қилдим ва чиқмадим. Аллоҳ таоло илмимга барака берди”.

Ривоятларда, баъзи тобеинлар икки қаватли уйнинг биринчи қаватида оналари ўтирган бўлса, иккинчи қаватига чиқмас эдилар. Баъзилари эса, оталари уйда ўтирган бўлсалар, ўша уйнинг томига чиқмасдилар, дейилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси амал Аллоҳ таолога суюклироқ?” деб сўрадим. У Зот: “Вақтида ўқилган намоз” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У Зот: “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У Зот: “Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш” дедилар

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳ алайҳ айтганларидек, ота-онанинг юзига қарашнинг ўзи ҳам ибодат экан, бирор нарсани совға қилиб уларни хурсанд қилиш, хизматларида бўлиб, истакларини бажо келтириш Аллоҳ таолонинг розилигини англатади. Ота-онасига яхшилик қилиб юрган ҳар бир мусулмон улар дунёдан ўтиб кетганидан кейин ҳам яхшилик қилишда давом этишни истайди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тўрт амални бажаришга амр этганлар:

1. Дуо қилиш.

Фарзанднинг ота-онасига Аллоҳ таолодан жаннат, хайр-баракалар сўраб қилган дуолари уларга бориб туради. Худди фарзанди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

2. Истиғфор айтиш.

Фарзанд ота-онаси гуноҳининг кечирилишини Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.

3. Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш.

Ота-она ким биландир аҳд тузган ёки берган ваъдаси, мажбуриятлари бўлса, уларни сидқидилдан бажариш орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига киради ва гўё уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари ва қариндошларини икром қилиш. Ривоятлардан бирида бундай дейилади: “Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу Макка йўлида бир аъробийни учратди. Дарҳол уни уловларига миндириб, бошларидаги саллаларини ҳам унга бердилар. Шунда ёнидагилар: “Эй Ибн Умар! Бу бир аъробий бўлса, унга оддийроқ нарсани берсангиз ҳам олаверарди” дейишди. Шунда Ибн Умар: “Бу одам Умарнинг, яъни отамнинг дўсти эди,” деб жавоб бердилар”.

Манбалар асосида «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Эҳтиёткорлик ва фазилатли сўзлар ҳаддан ошиб кетса, билингки…»

1337 20:05 02.10.2019

Аёллар тарбиясини ислоҳ қилайлик!

773 17:00 21.08.2019

Одоб - бойлик, уни ҳаётда қўллаш – комилликдир

414 14:10 15.06.2019

«Сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар»

826 21:00 12.06.2019

«Қалбим билан чинқира бошладим: Роббим мени қайтар…»

2011 12:01 12.06.2019
« Орқага