Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид: "Қироатда бирор қорига айнан тақлид қилмаслик керак...”

1241

Қуръони каримнинг хусусиятларидан бири, унинг оҳангдорлигидир. Оддий ўқисангиз ҳам оҳанг келиб чиқаверади. Бу Қуръони каримнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унинг ушбу хусусиятини очиб беришга хизмат қилгани учун шариатда Қуръони каримни оҳанг билан ўқиш буюрилган, тарғиб қилинган. Ҳатто имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳеч бир нарсани Қуръонни оҳанг билан ўқиётган Набийни тинглаганидек тинглаган эмас», «Ким Қуръонни оҳангга солмаса, биздан эмас», деганлар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли овозда, гўзал оҳангда қироат қиладиган саҳобаларни мақтаганлар, рағбатлантирганлар, бошқаларга намуна қилиб кўрсатганлар, умматлари ичида шундай кишилар борлигидан фахрланганлар ва Аллоҳга ҳамд айтганлар. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тасарруфларида кўпдан-кўп ҳикматлар, манфаатлар бор.

Ҳар бир халқнинг ўзига хос мусиқий оҳанги, йўналиши бўлади. Одатда бу ўша халқнинг узоқ йиллик дунёқараши, маданияти, ҳаёт тарзи ва бошқа жиҳатлари таъсирида юзага келади ҳамда шу халқ тилига ҳамоҳанг, монанд ҳолда шаклланади. Табиийки, бир халқнинг сўзи бошқа халқ оҳангида куйланса, кўп жиҳатдан беўхшов чиқади. Бунда ё оҳанг бузилади, ёки сўзларнинг тароватига халал етади.

Қуръони карим фасиҳ араб тилида нозил бўлган. Бинобарин, унинг учун энг муносиб оҳанг соф араб оҳанги бўлишида шубҳа йўқ. Қуръони каримнинг иборалари, назмидаги хусусиятлари ҳам айнан араб оҳангида тўла намоён бўлади. Бошқа оҳанглар унинг ушбу жиҳатини очиб бера олмайди, аксинча, унга путур етказиб қўяди. Таъкидлаш лозимки, бу гап бирор халқдаги оҳангларни бошқа халқникидан устун қўйиш, тобелаштириш учун эмас, балки табиий қонун сифатида, Каломуллоҳнинг тароватини асраш, хусусиятларини намойиш этиш мақсадида айтилгандир. 

Фараз қилайлик, агар ҳар бир халққа Қуръонни ўз оҳангига солишга рухсат берилса, нима бўлади? Агар форс форсча, турк туркча, хитой хитойча, ҳинд ҳиндча, инглиз инглизча оҳангда ўқийдиган бўлса, Қуръоннинг калималари, назми, услубидан асар ҳам қолмайди. Буни англаш учун катта ақл ёки чуқур илм керак эмас, озгина фаросат бўлса, бас.

Қори қироат қилишда бирор қорига айнан тақлид қилмаслиги керак. Тўғри, тақлид қилишга кўпчилик муҳтож бўлади, айниқса ёш, янги қориларнинг ўз усули бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам жаҳон мусобақаларида 14‑15 ёшгача бўлган қориларнинг муқаллидликлари тақдирланса, ундан катта ёшдагиларники танқид қилинади. 

Аслида тақлид ҳам катта маҳорат талаб қилади, чинакам тақлид анча‑мунча одамнинг қўлидан келавермайди. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир қори ўзига хос услубга эга бўлиши лозим. Тақлид қилинса ҳам, бу вақтинчалик бир босқич бўлиши керак.

Мисрлик машҳур қорилардан Шайх Маҳмуд Алий Банно шундай дейди: «Қори, аввало, Қуръони каримни пухта ёд олиши ва уни тажвидга мувофиқ ўқишга моҳир бўлиши керак. Шу билан бирга, у тарбияланган овозга эга бўлиши даркор. Кейин ундан тақлид қилиш малакасини қўлга киритиши талаб қилинади. У шу даражада тақлид қилсинки, унинг қироатини эшитган киши ўзини у тақлид қилаётган қорини тинглаётгандек ҳис қилсин, ўша қори унинг кўз ўнгида гавдалансин. Шундан сўнг у ўзининг шахсий услуби ва овозини шакллантиради. Уни эшитган киши дарҳол: «Бу фалон қори-ку», дея олади. Мен бир умр тақлид қилиб юришни оқламайман. Ҳар бир қори ўзига хос услубга, қироатга эга бўлиши лозим».

Усулда, оҳангда қайсидир бирор қоридан йўсин олиш мумкин, ҳатто зарурдир, аммо бировнинг овози ва услубига айнан тақлид қилиш ҳеч қачон мақталмайди. Чунки тақлид қилинаётган қори ўзига хос услуби билан умматга бир янгилик тақдим қилди. Энди уни айнан такрорлаш, нусхасини тортиқ қилиш маънисиз ишдир. Тингловчи кўчирма нусхани қабул қилишдан кўра аслини эшитишни маъқул кўради. Шу боис, бирор қорига усул ё бошқа жиҳатда эргашилганда ҳам ҳар бир қори ўзига хос қироатнинг соҳиби бўлиши лозим. 

Шунинг учун ҳам масалда «Ким бировга тақлид қилса, уни тирилтириб, ўзини ўлдирибди», дейилади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Навалний Қуръон ва суннатни ўрганмоқчи, лекин...

1364 09:00 14.04.2021

Татаристон муфтийси Қуръон тафсирининг танқидига жавоб қайтарди

1039 12:10 10.04.2021

Қуръонни келтирган фариштанинг номи нима?

671 19:15 05.04.2021

Мавританиялик болаларга Қуръон совға қилинди 

265 08:30 05.04.2021

Экспериментимиз Мирзо Улуғбек туманида бўлиб ўтди

652 18:00 04.04.2021

“Математика ривожи Қуръондан бошланган...”

643 22:00 02.04.2021
« Орқага