Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳашаматга ўч миллат...

2556

Ҳашамат деганда кўз олдингизга Султон Сулаймоннинг саройи келмасин. Уйингиздаги исталган нарсага қаранг, масалан, деразага илинган элита пардага. Нега “ЭЛИТA?!”  Оддийроғи бўлса, дераза устимизга қулайдими?! Ёки тўйхоналаримизга бир назар солайлик: ўша Султон Сулаймоннинг саройи минг хижолат эмасми? 

Нега? 

Биз шунчалик ҳашамга, дабдабага ўчмизми? Биз учун ташқи чирой шунчалик муҳимми? У кетворган кўйлакнинг ичида чиройли қалб бўлиши нечинчи даражада? Брошлар қадалган рўмол тагидаги бошнинг калла эмаслиги ким учун қизиқ? Майли сиз бу саволларни ўйлаб туринг, унгача мен ўзим гувоҳ бўлган воқеаларни айтиб бераман:

1-ҳолат:
Лицейда ўқиганимизда мистер Бакли (Mr. Buckly) деган америкалик ўқитувчимиз бўларди, жуда содда, меҳрибон эди. Қачон қарасак, оёқ кийими бир қарич чанг бўлиб юрарди. У тинимсиз пиёда юрарди; автобусга ҳам, таксиларга ҳам чиқмасди. Қаерга бўлса пиёда кетаверарди, ўз оёғидан миннатдор эди, шекилли. Энди Бухоронинг чанг-тўзон шароитида бунча пиёда юргандан кейин оёқ кийимнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Биз шуни эрмак қилиб кулган пайтларимиз ҳам бўлган. ЛЕКИН ботинкасининг чанги бизга илм беришига тўсқинлик қилмаган, атрофдагиларга меҳр улашишига тўсиқ бўлмаган, бир етим қизни асраб олишига монелик қилмаган…

2-ҳолат:
Буям оёқ кийими билан боғлиқ экан… 
Тошкентдан учган самолёт Франкфурт аэропортига қўнди. Самолётдан аэропортга ўтдик. Юкларимизни кутяпмиз, атрофни кузатиб турибман. Ҳамма одмигина кийинган. Бирор одамнинг устида “йилт” этган зарли кийим йўқ; тошли, безакли либос, аксессуар кўринмайди. Ҳаммани кузатиб келиб, кўзим оёқ кийимимга тушди: оббооо, тошли экан бизники (узоқ учамиз, оёқлар шишиб кетади деб энг қулайини кийиб олгандим). Худди ҳамма мени оёғимга қараётгандай туюлди (аслида ҳеч кимни биров билан иши йўқ), меҳмонхонага боргач, ечиб сумкага солиб қўйдим, шу билан Тошкентга қайтгунимча киймадим. 

3-ҳолат:
Бир мамлакат одамлари кўзга шу даражада ғалати кўринадики, кўпинча юзига, эгни-бошига қарашни хоҳламай қоласиз, ерга қараб юришга тўғри келади. Ерга қараб юрганда қизиқ нарсага дуч келдим: улар оёғига қўша-қўша узуклар тақишар экан, эркаги ҳам, аёли ҳам. Кейин эътибор бериб кузатсам, уларнинг тақинчоқ тақмайдигани йўқ экан. Уйи йиқилиб кетаётганининг ҳам билагида бир шода билакузук, жиддий амакининг ҳам бурнида, оёғида, қўлида, йўқ деганда, қулоғида битта зирак… 

Негадир ривожланган давлатларда ҳашаматсиз ҳаёт урф эканлигини сездим. Ҳеч ким уйини баланд қилиб қуришга, машинасини керакли-кераксиз жиҳозлар билан тўлдириб ташлашга ўч эмас. Ҳатто Парижда ҳам ўзига жуда қараб, макияжларни жой-жойига жойлаб қўйган аёлларни де-яр-ли учратмадим. Лекин, аксинча, қолоқ юртларда одамлар ўзини тақир-туқирлар билан алдашини кўрдим (балки мен адашаётгандирман, 10-15 кунда халққа тўлиқ баҳо бериб бўлмас). 

Бу билан нима демоқчиман?
Ташқи безаклар эшакни отга айлантирмайди, бахтсизни бахтли қилиб бермайди, ақлимизга ақл қўшмайди! Уйингизни қанча безатманг, мусибат келганида улар тўсиқ бўлолмайди. Коинотда тўй қилсангиз ҳам, ёшларнинг тақдирини чиройли қилиб бермайди. Тилла бозордаги ҳамма тақинчоқларни тақсангиз ҳам, миянгизга бир грамм ақл қўшмайди. 

Лекин бу асло қоп кийиб юринг, чайлада яшанг дегани эмас!

Aдаштириб юборманг: қулайлик бошқа, ҳашамат бошқа. Уйингиз, машинангиз, ошхона, ишхона, кабинетингизда барча қулайликни яратинг. Бундан фақат ва фақат фойда бор. Лекин ортиқча безакка кетадиган пулни бирор фойдали жойга сарфласак мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Хайрлиси ҳам шу бўлса керак...

Aёлларнинг кийиниши масаласида ҳам шундай фикрлайман: аёл киши ўзи ярашган кийимда гўзал, энг қимматида эмас. Меёрда, ўзига ярашган кийим кийган, озода, ораста аёллар ҳар доим чиройли. 

Яна бахтли инсонлар ҳеч қандай безаксиз ҳам чиройли! Кимнидир чирой очиб юришини истасангиз, унга  бахт беринг!

Ойниса Ҳожиева

Арабларнинг ҳужжати бўлган аллома...

Халифа Маҳдийнинг донолиги

УЛАШИНГ:

« Орқага