Хавф-хатар вақтида ўқиладиган дуо

11:00 20.10.2018 1241

بِسْمِ اللهِ الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاءِ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ.

Дуо ўқилиши: “Бисмиллааҳиллазий лаа язурру маъасмиҳи шайъун фил арди ва лаа фис самаа, ва ҳувас самийъул ъалийм”.

Дуо маъноси: “Унинг исми билан ерда ҳам, кўкда ҳам бирон нарса зарар келтиролмайдиган Аллоҳ (номи) билан (бошлайман). У Зот эшитувчи, кўрувчидир”.

Банда баъзида қоронғиликдан, баъзида ер қимирлаши, кучли шамол ёки момақалдироқ гумбирлашидан қўрқади. Динимиз Исломда бу масала ҳам эътибордан четда қолдирилмаган. Ҳадиси шарифларда қўрқувга тушганда, бирон мусибатга учраганда, шамол ёки момақалдироқдан чўчиганда ўқиладиган дуолар ўргатилган. Жумладан, Бухорий, Муслим нақл қилган ривоятга кўра, бирон нарсадан қаттиқ қўрқиб кетганда “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, дейилади.

 

عَنْ عُثْمَانَ ابْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ قَالَ: بِسْمِ اللهِ الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاءِ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ثَلاَثَ مَرَّاتٍ لَمْ تُصِبْهُ فَجْأَةُ بَلاَءٍ حَتَّى يُصْبِحَ وَمَنْ قَالَهَا حِينَ يُصْبِحُ ثَلاَثَ مَرَّاتٍ لَمْ تُصِبْهُ فَجْأَةُ بَلاَءٍ حَتَّى يُمْسِيَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким (қоронғи тушганда) уч марта “Бисмиллааҳиллазий лаа язурру маъасмиҳи шайъун фил арди ва лаа фис самаа, ва ҳувас самийъул ъалийм”, деса, тонггача кутилмаган балога учрамайди. Ким уни тонгда уч марта айтса, кечгача кутилмаган балога дуч келмайди”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси банда ҳар куни тонгда ва кечқурун уч марта “Бисмиллааҳиллазий лаа язурру маъасмиҳи шайъун фил арди ва лаа фис самаа, ва ҳувас самийъул ъалийм”, деса, унга ҳеч нарса зарар келтиролмайди”, деганлар” (Термизий, Ибн Можа ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).


Зиёвуддин РАҲИМ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!