Ҳаётимизни ҳалоллик устига қурайлик

15:02 12.01.2019 798

Ислом ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасини қамраб олган диндир. Ушбу дин жамиятнинг ҳар қандай аъзосига тааллуқли бўлиб, унга бўйсуниш, унга хизмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Ҳар бир мусулмоннинг Исломда ўз ўрни ва вазифаси бор. Аҳли илмларнинг вазифаси Ислом таълимотларини, Қуръон ва Суннатга мувофиқ яшаш илмларини бизларга етказиш бўлса, қолганларнинг вазифаси ана шу илмларни ҳаётга тадбиқ қилишдир. Қадрли биродарлар, сизнинг вазифангиз нақадар буюк эканини ҳис қилинглар. Динга қандай хизмат қилишни билмай, олим бўла олмаганидан қайғуриб юрган биродарлар сизлар Қуръон ва Суннатни одамларга етказа олмаслигингиз мумкин аммо ундан кам бўлмаган хизмат, Қуръон ва Суннатни ҳаётга тадбиқ қила оласиз.

Олим одам жонлиқни қай йўсинда сўйилса ҳалол бўлишини одамларга етказади. Аммо ўша ҳалол гўштни одамларга қассоб тақдим қилади. Амал билан ҳам Исломга, мусулмонларга хизмат қилиш мумкин. Бугун биз айнан шу томондан оқсаяпмиз. Ҳаётини исломий қоидаларга риоя қилиб ўтказмоқчи бўлган ҳар қандай мусулмон ҳозир жуда кўп муаммоларга дуч келади. Ҳар бир соҳада юрак ҳовучлайдиган муаммолар бор. Сиз қайси касб вакили бўлишингиздан қатъий назар Исломга муносиб ҳисса қўша оласиз. Масалан оддий сантехник, қишда сув оқизиб қўймаса, яхлаб қоладиган жўмраклар ўрнига, оқизиб қўймаса ҳам музлаб қолмайдиган жўмрак ясаса, иссиқ сувни ёқишингиз билан аввал совуқ сув тушмасдан дарров иссиқ сув тушадиган жўмрак қилса, мусулмонларни жуда катта гуноҳ, исроф гуноҳидан тўсиб қолган бўлади. Буни хилофида яна бир мисол келтириб ўтишни жоиз деб топдик.

Шаҳримиздаги аксар нонвойлар, нон устига суриладиган ёғни, қурилишда ишлатиладиган чидамли чўчқа тукидан тайёрланган чўткаларда нон устига суртишади. Қанчадан-қанча мўминларни ҳалқуми ҳаром билан булғанмади дейсиз, биз тағин нега дуоларимиз ижобат бўлмаяпти деймиз. Нонвойларни ҳам муаммоси бор, аввало уларда ўз соҳаларининг фиқҳи борасида илмлари йўқ, кейин уларда ҳалол танлов кам, нонвойлар учун ҳалол чидамли чўтка йўқ. Биз найк крассофкаларни тақиқлашдан олдин унинг муқобилида ундан сифати қолишмайдиган шариат талабларига жавоб бера оладиган бошқа крассовка тақдим қила олишимиз керак. Тақиқнинг ўзи доимо ечим бўла олмайди.

Ислом ҳар бир хайрли соҳада тараққиётга эришишни буюради. Дўконда ишлаб юрган кезларимиз Рўзметов номи остидаги ҳалол колбасалар сотар эдик. Корейс, рус миллатига мансуб, аввалдан чўчқа гўштли колбаса еб юрадиган насоролар биздан Рўзметов колбасаларини сўраб келишар эди. “Ҳалял рўзметов естъ?” деб. Сабаби Рўзметов ўша чўчқа гўштли колбасалардан ҳам мазалироқ эди. Мен жамиятимизнинг ҳар бир соҳа вакиллари ана шундай даражага эришишларини хоҳлар эдим. Шариат талабларига жавоб берадиган шундай нарсалар ишлаб чиқарайликки, ҳатто ўша насоролар ҳам биздан олсин.

Бу қийин аммо ҳаракат қилсак уддалаймиз инша Аллоҳ. Қайси касб вакили бўлишингиздан қатъий назар ўз соҳанггизни исломлаштиринг. Соҳангизни диний ва дунёвий билимларини мукаммал ўрганинг. Архитектормисиз Исломга уйғун уйлар лойиҳаланг, аёллар ташқарига кўринмайдиган, ҳожатхона ва таҳорат оладиган жойи бир бўлмаган уйлар қуринг. Савдогармисиз ҳалол сифатли маҳсулотлар сотинг, халқни ҳалоли билан таъминланг. Тикувчимисиз аврати ёпиқ бўлган аммо, нафис, чиройли либослар тикинг. Сиз шундай бўлингки ҳатто ҳалол, ҳаром нима эканини билмайдиган одамлар ҳам исломий ҳаётда яшасин. Келинглар биргалашиб ҳаётимизни исломлаштирайлик.

Қудратуллоҳ АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!