Ҳаётингизнинг охирги дамларини кечираётган бўлсангиз ҳам ўкинманг!

10:00 12.09.2019 436

Абу Райҳон Беруний 78 йил умр кўриб, ҳижрий 440 йил вафот этган. У ҳаётининг асосий қисмини илмга ва китоблар тасниф қилишга бағишлади. Илм саройининг  эшикларини очиб, унинг ичидаги бор хазиналарини қамраб олди. Ҳатто умрининг охирги дамларигача қўлидан қалам, кўзидан илмий назар, онгидан тафаккур тўхтамади. Фақат оилавий зарурат туфайлигина илмдан узилар эди. Аҳлининг нафақаси ва таомланишига етарли маблағ қўлига келса, шу билан кифояланарди. Вақтининг қолган қисмларини илм таҳсилига сарфларди. Илмдаги ечими мушкул масалаларни ҳал қилиш учун узоқ ўлкаларга олимлар билан тажриба алмашиш мақсадида сафарларга чиқарди.

Фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Исо айтади: “Абу Райҳоннинг ҳузурига кирдим. Унинг ўлим соати яқин, нафаси сиқилар, юрак уришлари тезлашган эди. Шу ҳолатда ҳам у мендан: “Тунов куни мерос масаласида она томондан бўлган бувиларнинг ҳисоби ҳақида нима деган эдинг?” – деб сўради. Мен унга раҳмим келиб: “Шу ҳолингизда ҳамми?” – деб сўрадим. У эса: “Эй биродар, мана шу масалани билиб бу дунёни тарк этишим уни билмай кетишимдан яхши эмасми?” – деди. Мен унга сўраганининг  хабарини бердим. У айтганларимни ёдлаб олди ва менга баъзи омонат сўзларини айтди. Ҳузуридан чиқиб кетар эканман, ичкаридан юракларни ўртаб юборувчи фарёдни эшитдим. У зот вафот этган эди”.

Ҳазрат Умар Форуқ (розияллоҳу анҳу) жароҳатидан қон оқиб, жон талвасасида турган бир пайтда саҳобалардан: “Намозим комил бўлдими ёки йўқми?” – деб сўрадилар.

Саъд ибн Робиъ (розияллоҳу анҳу) Уҳуд жангида қонга бўялиб, сўнгги нафасларини олаётган чоғларида ҳам Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳолатлари қандайлиги ҳақида сўрадилар. Бу ҳолатлар кўнгил собитлиги ва юрак ободлигидандир.

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!