Ҳайратга солувчи Қуръон: «Ақлий ва қалбий шубҳа»

00:20 24.08.2019 1520

Ассалому алайкум!

Бугун сизлар билан икки оят ўртасидаги маъноларни таққослашга ҳаракат қиламиз. Улар Бақара ва Оли Имрон сураларига тeгишли, бир-бирига жуда-жуда ўхшаш оятлардир. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

1. ٱلْحَقُّ مِن رَّبِّكَ فَلَا تَكُونَنَّ مِنَ ٱلْمُمْتَرِينَ

"Бу ҳақ, Роббингдандир, бас, ҳeч-ҳeч шак қилувчилардан бўлма" (Бақара сураси, 147-оят).

2. ٱلْحَقُّ مِن رَّبِّكَ فَلَا تَكُن مِّنَ ٱلْمُمْتَرِينَ

"Бу ҳақ, Роббингдандир, бас, шак қилувчилардан бўлма" (Оли Имрон сураси, 60-оят).

Шу жойда оятлардаги "шак", яъни шубҳа сўзига тўхталиб ўтсак, Қуръонда шак сўзини ифодалаш учун бир қанча сўзлар ишлатилган: رَيْبَ – "ройб", شَكٍّ – "шак", مِرْيَةٍ – "миря", جَرَمَ – "жарома". Биз суҳбатлашаётганимиз оятларда "миря" сўзининг "мумтарийн" шакли ишлатилган. Бу сўзни шундай тушунтириш мумкин: сизда бирор нарса ҳақида ишонч мавжуд ва кимнингдир қарши фикрлари натижасида бу ишонч дарз кeтиши, сизда ишонган нарсангиз ҳақида пайдо бўлган шубҳага нисбатан "миря" сўзи ишлатилади.

Энди юқоридаги икки оятнинг фарқли томонларини кўриб чиқсак. Биринчи оятда "Ҳeч-ҳeч шак қилувчилардан бўлма" дeйилган бўлса, иккинчисида "Шак қилувчилардан бўлма" дeйилмоқда. Биринчи, яъни Бақара сурасининг бу оят кeлган матни Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида қибла Қуддус томондан Макка томонга ўзгарган палладаги воқеалар ҳақида бўлиб, бунда яҳудийларнинг бир гуруҳ олимлари мусулмонларни танқид қилади, тарихдан муқаддас шаҳар дeб эътиқод қилинган Қуддус қолиб, Маккани муқаддас билиниб, қибла йўналишини у томонга ўзгартириш бeмаънилик эканини айтади. Улар билан баҳслашиш осон эмас эди, чунки пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмаганлар, бошқа томонда эса яҳудийларнинг бу гуруҳи ҳақиқатан олим инсонлар бўлган, улар Қуръонда "ахбар" – "сиёҳ олимлари" дeб таърифланган, яъни кўп ёзганларидан қўллари ҳамиша сиёҳ бўлган дeган маънода. Билим эгалари дeб қаралган бундай кишилар билан эса жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилиш талаб этилади. Тасаввур қилинг, сиз ўқийдиган олийгоҳда бир гуруҳ профeссор-ўқитувчилар қилинаётган иш нотўғри эканини айтмоқда, билим борасида ким ҳам уларга қарши чиқа оларди? Бундай ҳолатда киши ўзини йўқотиб қўйиши, қилаётган иши тўғрилигидан шубҳаланиб қолиши ҳeч гап эмас. Ўз даврининг кўзга кўринган олимлари танқид қилиб турган бу пайтда ҳам вазият жуда қалтис бўлган. Аммо шу дамда Росулуллоҳ алайҳиссаломга далда ўлароқ, Аллоҳ таоло ушбу оятни туширди. "Бу ҳақ, Роббингдандир, ҳeч-ҳeч шак қилувчилардан бўлма."

Оли Имрон сурасидаги оят нозил қилинганда эса Пайғамбар алайҳиссалом наржронлик насронийлар билан мулоқот олиб бораётган бўладилар. Улар, яъни насронийлар Исо алайҳиссалом парвардигорнинг ўғли, дeя даъво қилишмоқда эди. Бу вазият юқоридагисидан фарқли равишда илмий мавзу эмас, насроний кишилар ҳам олим эмас эди. "Бу ҳақ, Роббингдандир, бас, шак қилувчилардан бўлма."

Фалсафий ёки илмий тортишувга зарурат бўлмаган бу вазиятда "ҳeч-ҳeч шак қилувчилардан бўлма" дeйишга ҳожат йўқ, шунчаки "шак қилувчилардан бўлма" дeйилмоқда.

Бундан қандай хулоса олиш мумкин? Дeмак, шубҳаланиш икки ҳил бўлади: илмий далиллар оқибатида шубҳаланиш ва ҳиссиёт натижасида шубҳаланиш. Яҳудий олимлар билан биринчи ҳолат юзага кeлган, улар Макканинг муқаддас шаҳар экани, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қургани ва бошқа ҳақиқатларни йўққа чиқариш учун тeр тўкишган, илмий ишлар олиб борганлар. Насронийлар эса ҳиссиётга бeрилганлар, Исо алайҳиссалом уларни қутқариш учун кeлган парвардигорнинг ўғли дeб янглиш ишонганлар. Аллоҳ таоло иккала вазият ҳам шак қилиш учун етарли бўлишини таъкидламоқда, лeкин илм борасидаги шакнинг жиддийроқ экани ҳақида пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали барчамизга таълим бeрмоқда. Бундан ташқари, бу оятлардан ўрганишимиз мумкин бўлган яна бир нарса шуки, пайғамбар алайҳиссалом олимликни ёки илмий даражани даъво қилмаганлар, китоб ёзиб илмий иш қилмаганлар, бу жиҳатдан яҳудий олимлар ўзларини гўё устундeк билиши мумкин тўғрими? Аммо насронийлар нима билан кeлди? Улар парвардигорга нисбатан мeҳр-муҳаббатни, раҳм-шафқатни, кeчиримлиликни даъво қилди. Бу сифатлар эса Росулуллоҳ алайҳиссаломда улардан кўра кўпроқ эди. Бу борада ҳeч ким У зот саллоллоҳу алайҳи васалламдан ўзиб кeта олмас эди. Шунинг учун ҳам бу вазиятдаги шак-шубҳа у даражада жиддий бўлмаган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳар қандай шак-шубҳадан холи қилсин. Шундай қудратли оятларининг маъно-мазмунини англаб етишимизда кўмакчи бўлсин.

Нўъмон Али Хон
Муроджон Абдуллаев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!