Хайрли кун, Брюссель! Салом, уйғурлар геноциди!

12:30 07.08.2019 2914

Майда тош кўчаларини кезиш, бу йўллардан асрлар давомида кимлар ўтгани ҳақида соатлаб ўйлаш нақадар ҳузур. Керак бўлса бутун Бельгияни ялангоёқ кезиб чиқишга ҳам тайёрман! Оҳ, Брюссель, Брюссель...

Кўз олдимда бу кўҳна шаҳар улкан ва ғаройиб театр декорациясини эслатарди. Учинчи кун  бўлса-да, ҳали таассуротлар мўллигидан бошим айланиши тўхтагани йўқ. Кеча қадим дарвоза ёнидан устига  “Брюссель – тинчлик шаҳри” дея ёзилган латта халтачани сотиб олдим. Уни бўйнимга осиб олганча шаҳар бўйлаб эртадан то кеч тинмай кезар, оёқларим шишиб ишдан чиқиб қолгандагина меҳмонхонага қайтар, аммо шунда ҳам хаёлим кўҳна кентнинг ҳали мен бормаган манзилларида қолиб, тонггача сарҳуш қиларди.  

Саҳарлаб меҳмонхона деразасидан бутун Брюссель менга ўз эртакларини намойиш қилишга тайёрланаётгандек кўринар, олов, тўқ қизил, кумуш рангдаги адоқсиз, турли давр услубларига сингган тому равоқларни муз солинган лимонад идишини чайқатганча кузатар, кунлик борадиган манзилларимни белгилаб олардим. Тарихий шаҳарларга юборилганимда иложи борича муддатдан эртароқ келишга тиришар ва оддий, чекка меҳмонхонадан жой олиб дайди сайёҳга айланар ва истаганимча жиннилик, савол-жавоб, бачканаликлар қилардим. Ҳозир ҳам Бельгия қироллигининг ҳашамдор, қадим саройларига қўйилган бир синиқ ғиштнинг тарихини билиш учун соатлаб тайёрланар ва бундан ўзим чексиз завқ олардим. Саройнинг аччиқ ва шонли бутун ўтмишини билиб олгач эса сирли деворларнинг тили айлана бошлайди: асрлар аро чалинаётган дард куйини тинглайсиз. Мен бутун шаҳарни ўз тасаввуримга солишни истар ва шундан сўнггина қадим Бельгиянинг мунис, ўзига хос симфониясини тинглай олишимни билардим.

Бельгиялик офатижон қизлар билан танишиш, қуёш нурида чўмилиш, ширин таомлар ейишни, шоколадга бўкиш, сўкиниш ва жаргонлар талаффузини ўрганиш, театр ва боғларда сайр қилиш ва албатта, тинмай Брюселлнинг дуч келган кўчасига ўзимни уриб, адашишишларни севардим.   

Брюсселга келганимнинг тўртинчи куни меҳмонхонада ишловчи Жанна билан танишиб олдим! У олти ой аввал Бельгиянинг жануби-ғарбидаги шаҳар – Монсдан келган экан. Бу оқ-сариқдан келган, жингалак сочли қиз саёҳат режаларимни вайрон қилишга арзийдиган даражада гўзал эди.

Жанна аждодларида форсларнинг қони борлигини тахмин қиларкан. Бир пайтлар унга бу гапни бобоси айтиб берган. “Аммо ўша пайтлар у эсини еб қўйган чол эди”, деб иккиланиб қўйди Жанна. Мен унинг ишдан чиқар маҳалига  меҳмонхонага қайтадиган ва Жанна билан Брюсселни  бошқатдан кашф қиладиган бўлдим.

Жанна кўп гапирмас, кўпинча тинглашни ва жилмайишни хуш кўрарди. Бошида чет эллик бўлганим учун шундай илтифот қиляпти деб ўйладим, йўқ, асли унинг феъли шундай экан. Оилавий видеоларини кўрсатганда бунга амин бўлдим. Укаси Дублинда ўқир, Монсда ота-онаси ёлғиз туришаркан.  

Июль қуёши чарақлаб турган бўлса-да, Шимол денгизининг  намхуш ҳавоси  шаҳар ҳароратининг ҳаддидан ошишига йўл қўймасди.

– Мўтадил денгиз иқлими... – деди нозик қўлларини майин шабадани силаётгандек ўйнаётган Жанна.

Қиролликнинг қадим ва маҳобатли Ла Монне опера театридан чиқаётганимизда, этлари буришган, аммо кўзлари ғайриоддий, болаларникидай порлаб турувчи кампирлар турфа гуллар сотиб ўтирганига кўзим тушди. Жаннага япроқлари капалакнинг қанотлари каби нафис гулни совға қилдим. Оҳ, Жанна, севинганидан ўзининг жилмайиш чегарисидан ўта олди, ҳиссиётлари чегара қирғоғидан тошди. Шундагина қизнинг лобар ва сирли кўзларига боқиб Брюсселни тинглай бошлаганимни англадим. Аммо... ҳаммаси театрдан Европарламент биносигача, жуда қисқа, ўттиз дақиқача давом этди, холос.  

Жанна мени дунё тинчлигининг маркази – Европарламент биноси томон бошлаб бораётганида кўҳна қироллик соборлари, саройлар, протестант ва католик черковлари, замонавий банклар, масжидлар ёнидан ўтаётганимда ҳам, қадим биржа, фонд биноларига ҳайрат-ла қотиб турганимда ҳам бу куй қулоғимга  чалиниб турарди. Улкан суворий ҳайкалларга ойнаванд баланд бинолар соя ташлаб турар, майдонга тўп байроқлар – бўялган баргларни эслатувчи озод мамлакат рамзлари осиб қўйилганди. Маҳобатли Европарламент ёнига келганимизда  кекса пианист чалаётган куй каби бизнинг сирли оҳанг ҳам тўсатдан  тинди-қолди. 

Европарламент қошида қоққан қозиқдай тош қотиб турганимга Жанна ҳайрон бўлиб турарди.

– Улар сеннинг танишингми? – деб сўради атрофга йиғилган ва Европарламент биноси томон ҳайқираётган юздан ошиқ намойишчиларни кўрсатиб.

– Йўқ! – дедим. Ортиқ бошқа сўзга тилим бормас эди.

– Ким ўзи улар? – деди яна Жанна асабийлашиб. Оҳ, у менинг ичимни билиб тургандай, башарамни фош қилган фолбиндай кўзларимга маъноли боқиб  турарди.

– Билмайман...

 Бу сўз томоғимдан қандай сирғалиб чиққанини яхши англаб турардим!

– Уларнинг тилини тушуняпсанми?

– Йўқ-йўқ ..! – дедим. Жаннанинг савол ­– нидолари иродамни тилиб ташлаётган эди. Зудлик билан кетиш керак... керак, дердим ўзимга ўзим.  Жаннанинг қўлларидан маҳкам ушладим-да, тортқилаб, кетайлик, дедим. Аммо кечиккан эдик, биз намойишчиларга қўшилиб бўлгандик. Улар француз, нидерланд, немис, инглиз ва энг муҳими, менинг жондек азиз туркий тилим бўлаги – уйғурча ҳайқиришар ва Европарламент биносидан нажот кутишарди.

– Геноцид! Хитой  зулми остидаги уйғурлар, қандай даҳшат... – дея инграб оғзини ёпиб олди Жанна. – Бу бечоралар ҳақида эшитганман. Наҳот, XXI асрда ҳам ирқий қирғинга журъат этишаётган бўлса? Миллатлар, маданиятлар ва динларга қарши таъқиб-ку, тўғрими? Сен буни мендан яхшироқ билсанг керак, ахир сен...

Жаннанинг саволлари мени лол ва шол қилганди.  

“Уйғур ирқий зўрликда”, “Уйғурларни миллат сифатида йўқ қилишмоқчи”, “Хитой террорига қаршимиз”, “Шарқий Туркистонга озодлик!”, «Хитойдаги этник тозалаш тўхтатилсин!», «Уйғурларни қутқаринг!» “Миллиондан ошиқ уйғурлар, болалар жазо лагерларида сақланмоқда. Уларга ёрдам зарур!” “Менинг қизим хитойликлар қўлида, ўз она тилида гапиришга ҳаққи йўқ!”, “Оилам лагерда, уларга озодлик беринг”, “Уйғурларга озодлик, уйғурлар қирғинига қаршимиз!..”

 Оҳ, бу ҳайқириқлардан ўзимни йўқотиб қўйдим. Уларнинг ҳар бир ноласи бутун танимни ич-ичидан парчалаб, бўлакларга бўлиб ташларди. Гўё қассоб кундасида гўшт каби ўтмас болта билан нимталанардим. Шунда менга нафрат-ла қараб турган қизил рўмол ўраган уйғур қизига кўзим тушиб қолди, негадир у Европарламентнинг маҳобатли биносига эмас, менга қараб қичқирарди:

“Ғарбнинг либерал қадриятлари Шарқда таъсирсизми?”  

Унинг мунчоқдек қоп-қора кўзларини кимгадир ўхшатдим, балки опамгадир, аммо ҳозир ортиқча қиёслаб ўтришга тоқатим етмасди. Қизнинг нигоҳидан улуғлик, жасорат, ўзига ишонч билан бирга, ҳадик, умидсизлик, мунис  ожизалик ва энг муҳими менга бўлган кучли нафратнинг ўткир ва аччиқ рангларини англаб турардим. Нозик қўлларида олов, ҳа олов сўзлар бор эди, бу ўт менинг танамни, теримни аччиқ, безиллатиб куйдирарди: “Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?”  “Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?” “Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?"

Намойишчилар орасидан  Жаннани йўқотиб қўйдим. Шовқин-сурон тинчимас,  тинмай турли тилларда янграётган оҳу нолалар мени ўйлаб кўришга ҳам қўймасди.  Жаннани қидириб дуч келган тарафга кетар эканман,  намойишчи қиз айтган шу сўзлар қулоғимдан сира кетмасди.

 “Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?”

Ла Монне театри ёнида ҳам Жанна йўқ. Шундагина у намойишчилар орасида қолиб кетган, деб ўйладим. Нега яхшилаб қидирмаганимга ҳайрон қолдим. Уни ташлаб  қочдимми ёки йўқ, деб ўзим билан ўзим соатлаб гап талашдим. Қўрқоқлик қилдим, йўқ... мен батамом даҳшатга тушиб қолгандим, йўқ... мен Жанна тугул ўзимни ҳам топа олмасдим, йўқ...

Жаннанинг кўзларига қандай қарайман энди?.. Меҳмонхонага ҳам қайтиб бориб бўлмайди.  

Кўз олдимдан алвон рўмолли қизнинг ўткир нигоҳлари сира кетмасди. Опамнинг, Жаннанинг қарашларига ўхшаш нигоҳ... Оҳ, овозлари ҳам бир хил... Қулоғим тагида даранглаб ётибди. Бошларимни беркитиб олсам ҳам, уйғур қизнинг  овози аламли шивирлаш бўлиб ичимга сирғалиб киради ва тонгги туман каби кўз пардамни қоплаб олади.

 “Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?” Ё Худо, бу аламли шивирларни ўзинг тиндир, ўзинг...

Жаннанинг ўткир сўзлари ва менинг унга берган номуссиз жавобларим қайта-қайта қулоқларимга игнадек қадаларди, миямга кириб олган қўнғиздай азоблайди: “Сен уларни танийсанми?” “Йўқ!” “Улар ким?” “Билмайман!” “Тилини тушунасанми? “Йўқ-йўқ!”

Алламаҳалгача Брюсселнинг исқирт кўчаларида итдек дайдиб юрдим. Уйсиз қариялар, ярим яланғоч қизлар, тасқара фоҳишалар, иркит мушуклар,  одамлардан  тап тортмайдиган сурбет каламушларни соатлаб кузатдим. Чалғимоқчи, унутмоқчи ва барини ўчирмоқчи бўлдим. Аммо қаерга бормай қулоғимдан ўша шивирлар тинмас, қизил рўмолли уйғур қизининг кўзлари мени таъқиб қиларди:  

“Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?”

Мен бу сўзларни тушунмаяпман, тушунмасликка мажбурман, ахир. Ҳаммасини билмасликка олишим шарт! Аниқ биламанки, менинг ватанимдагилар ҳам бу сўзнинг маъносини билмайдилар, туркий миллатнинг бир бўғини, жондош, жонқарз уйғурларни танимайдилар, тингламайдилар, миллионлаб болаларга ачинмайдилар, мен каби ўзидаги аламли нолаларга қулоқ тутишдан кўрқадилар. Сиёсатдан, иқтисоддан ва эски идоралар соясидан қора кунда  ажал каби тушингга кирувчи алвасти кампирдан қўрққан каби даҳшатга тушадилар ва мендек тинчлик ва музокаралар шаҳри Брюсселга  фақат дам олиш ва сукут сақлаб тилни тийиш буйруғи билангина келишади, ортиқча оҳларга, кўзёшларга парво қилмай бахтиёр оҳангларнигина эшитишга ўз қулоқларини ўзи зўрлашади. Мен каби, мендек, ...дек!

Жанна қаерда қолди экан? Наҳотки уйғурлар орасида қолиб кетган бўлса... У мендан нафратланса керак, аниқ нафратланади. Оҳ, аслида нафрат бу менинг ҳоли шарифимга мақтов, аслида унинг ҳар балою қарғишларга лойиқман.

Эрта тонг қулоғимга урилаётган денгиз товуши, чағалайларнинг шўхчан овозидан  уйғониб кетдим. Денгиз тўлқинларида қуёшнинг силлиқ тонгги нурлари сузар, кумуш ранг осмон расмини денгиз узра чизарди.

Оҳ, бу куй менга таниш, таниш!

Ҳатто денгизлар ҳам улар дардига жўр бўлиб куйламоқда. Ўзининг ошиб кетолмас қирғоқлари узра  туриб, қўзғалиб Шарқий Туркистон тоғларига мадад беряпти. Ҳа, у ерда денгизлар йўқ, улкан океанлар олис, аммо мағрур тоғлар бор, адоқсиз тоғларда, адоқсиз дардлар бор. Ҳар бир чўққининг ўз куйи, ўз қўшиғи бор.  Бу тоғлар  Туркистон тоғлари, туркийлар тоғидир, тоғлар ҳам ватан куйини ватан тилида чалади, уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек – бир жон, бир оҳанг қўшиқларидан айтади. Ватан юрагини тебратади.

Аччиқ кўз ёшлардан қорилган Хитой деворининг ҳар бир тупроғи, Рим харобаларидаги сидирилиб ва ҳавога учган ҳар бир ранг, уммон тубидаги ҳар бир зар, ҳар бир сир, ҳиндулар қони тўкилган азиз масканлар ҳам, шимол ҳам, жануб ҳам, осмон ҳам ер ҳам қулоқ тутсанг, шу мазлумлар дардини куйламоқда. Аргентинада кир ювувчи қора танли фаррош кампирдан тортиб, гўзал Жаннагача  сендан ва сеникиларнинг ожизлигидан нафратланади, севиш тугул сени Брюсселда ортиқ кўришни ҳам истамайди. Бундай пайтда қочиш керак, аммо шу он фақат ўзликка, қочаётган нуқтангга олиб боради.

Олис Туркистон чўққиларида дутор чалиб қўшиқ айтган, от чоптириб ўтган отанг ҳам,  бобонг ҳам, жамики минг аждодларингнинг қоядай мустаҳкам юраклари ҳам сендан нафрат-ла кўпиради, қалқади.  Қуриётган Орол денгизингдан, анави балиқчи поляк чолининг қармоқ симларини чийиллатаётган шамолгача, кўк китлар ўкиригидан, осмондан ёғилаётган чувалчанг ёмғиригача мазлумлар дардидан сўзлаётганда гунглик сенга муборак бўлсин, қутлуғ бўлсин, азизим!

Сендан бирор нарса сўрашга ҳам ҳақсиз сезяпман ўзимни, аммо ўтинч тинмайди. Эртага Европарламент йиғилишида минтақанинг расмий вакили сифатида қатнашаман. Забонсиз, шарҳсиз ва бетарафликда. Зулмларга, хўрликлар, аламларга ва ичимдан отилаётган хўрликларга бепарво, тарафсиз, жим турмоқликка мажбурман. Ўзимга, юрагимга эрк бермасликка ва бу нолаларга тезроқ тинишига ёрдам бер, Аллоҳим.

Қулоқларимдан Шимол денгизи, Брюссель, Жанна ва қадим Шарқий Туркистон чалаётган аччиқ нолалар тинмаса ҳам, ҳар қандай журъатсизликни муваффақиятли уддалай оламан.

Айтадиганим:

Хайрли кун, Брюссель!

Салом, уйғурлар геноциди!

P.S. Дунёнинг 22 мамлакати Хитой ҳукуматининг бугунги кунда уйғурларга нисбатан олиб бораётган ирқчилик сиёсати, “ахлоқ тузатиш” лагерларида  миллионлаб  уйғурларнинг мажбурий сақланётгани, диний ва ирқий тажовузларини қоралаб расмий баёнат билан чиқди. Улар орасида на биронта  мусулмон, на биронта туркий давлат бор. Ҳикоя ушбу аҳвол ўлароқ ёзилди.

Жавлон Жадид
2019 йил, июль

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!