Хайрулло Ҳамидов шеъри: Бечора диним

23:00 13.08.2018 3921

Тундан-да қаророқ бўлурму кундуз,

Булбуллар топганда жимликдан қўним?!

Ҳув олтин асрни термулар ҳануз

Куни бизга қолган бечора диним.

 

Самонинг ўзгармас мезони йиғлар,

Араб саҳросининг тўзони йиғлар.

Ҳазрати Билолнинг азони йиғлар,

Куни бизга қолган бечора диним.

 

Сойлари лойқаю, азимга ўхшар,

Яқинроқ борсангиз, расмга ўхшар.

Рукуъси рукуъмас, таъзимга ўхшар,

Куни бизга қолган бечора диним.

 

Ҳидоят этолмай изламаганни,

Керак жойда ҳақни сўзламаганни,

Турғизолмас турмоқ истамаганни

Куни бизга қолган бечора диним.

 

Бир пайтлар Умарни йўқлаган олам,

Салмон борлиғини тўқлаган олам,

Мен учун олтинлар сақлаган олам --

Куни бизга қолган бечора диним.

 

Сўзлашар, бошгинам тиқилган қумда...

Ҳаттоки суҳбатга чорлайди тунда.

Аллалаб қўяман мен уни шунда,

Куни бизга қолган бечора диним.

 

...Кўзлари мўлтирар, ўтар нимадир,

Мендан, менгинадан кутар нимадир,

Аммо бир кун келар -- шонсиз кўмадир:

Куни бизга қолган бечора диним!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!