Хайрулло Ҳамидов шеъри: Сохталик

07:00 12.06.2018 1517

Сохталик қалбимни эзар чунонам,

Кибр хавосидан сархуш букун дил.

Дининг хусусида қалбимда йўқ ғам,

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Ваъзхонлик бошланса, топарсан мени,

Амри маъруф учун сайрар жағда тил.

Савдо маҳалида унутдим Сени

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Таълим йўлларига бардош беролмай

Солиҳлик хулласи босди таним зил

Фарзандим ҳаққини турар сўролмай,

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Ота эъзозини билмас оқпадар,

Мен гумроҳ бандангни атарлар йўқсил.

Онамнинг пойида йиғолмасам гар,

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Қуръон таълимига менда йўқ журъат,

Ҳадис олимидан олмадим тахсил,

Мункарот олдида топилмас даъват,

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Уят ҳолатлардан қизармади юз,

Гуноҳ, маъсиятдан бўлолмадим сил.

Фоҳиш нигоҳлардан узолмадим кўз,

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Гўзал жумлаларни айлабон қамал,

Зоҳирим кўрсатиб даҳо бир оқил.

Ўзим гапирдим-у, қилмадим амал,

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Пайғамбарим дедим пайғамбарингни

Аммо йўлларини тутдим-ку, ҳазил.

Йўқотдим иймон-ла берган зарингни

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

 

Шунча гуноҳлардан сўнг ҳам бемалол,

Фақат Сенга очдим тиланиб бу қўл,

Мен учун Қиёмат эмас ҳомхаёл

Ҳалок бўлгум, Раббим, Ўзинг раҳм қил!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!