Хайрулло Ҳамидов шеъри: Таъзия

12:30 13.06.2018 4550

Недир зардоб ютган юракда алам,

Кошки, бу кунларни хотир ўчирса.

Деявермайдими не деса олам,

Аллоҳ бандасини кечирса...

 

Ҳар ким кўникувчан!

Ҳа, тезда кўнар,

Ғамни туб-тубидан аста кўчирса.

Зулматлар топ-тоза борлиққа дўнар

Аллоҳ бандасини кечирса.

 

Ўлимнинг устидан кулманг базинҳор,

Биласиз, сизга ҳам “шарбат” ичирса.

Жирканч феъллар уни эттиролмас хор

Аллоҳ бандасини кечирса...

 

Ишимиз не охир, Ўзи билади,

Не ҳолдамиз руҳнинг қушин учирса.

Осмон ҳам пойига ерлик қилади

Аллоҳ бандасини кечирса...

 

Одамлар юзларга солаверади,

Ўзича аламин олаверади.

Бандаси чувиллаб қолаверади

Аллоҳ бандасини кечирса.

 

Аллоҳ бандасини кечирсин!!!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!