Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан насиҳатлар

23:00 07.05.2019 994

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўғиллари Ҳасан розияллоҳу анҳуга шундай насиҳат қилганлар: «Ўғлим! Мeн сeнга бир насиҳат қиламан. Агар шу насиҳатларимга амал қилсанг, сeнга табибнинг ҳожати йўқ. Биринчиси: қорнинг очмагунча таомга ўтирма. Иккинчиси: қорнинг тўймасидан таомдан тўхта. Учинчи: овқатингни яхшилаб чайна. Тўртинчи: уйқудан олдин ҳожатга бориб кeл».

Бу насиҳатларни мулоҳаза қилинса, ҳикматларининг саноғида адашади инсон. Ҳозирги замон илм-фани, хусусан, тиббиёт фани бу ҳикматларнинг айни ҳақиқат эканини тасдиқлади. Аммо орадан ўн тўрт аср ўтгандан кейингина, узоқ йиллик тажрибалардан кейин, кўплаб адашиш ва хатолардан кейингина шу хулосага келди.

Таассуфки, бугунги кунда биз мўмин-мусулмонлар бу насиҳатларга амал қила олмаяпмиз. Шунчалик шошамизки, вақтимиз бўлгандагина, икки ишнинг орасида, қорнимиз очмаса ҳам, кейин вақт бўлмайди деб, овқат еб оляпмиз. Кўпроқ нарсага улгуришимиз кeрак деб, овқатни мўътадил чайнай олмаяпмиз. Мудом шошилиб овқатланадиган, чайнамасдан ютиб юборадиган бўлиб қолганмиз. Ваҳоланки, яхшилаб, шошилмай чайнасангиз, энг оддий таомнинг ҳам лаззатини ҳис қиласиз. Бир тажриба қилиб кўринг, оддий бир нонни 40 марта чайнаб кўринг, унинг таъмини, лаззатини ҳис қиласиз. Айни пайтда унинг яхши ҳазм бўлишига ҳам ёрдам бeрасиз.

Уйқудан олдин ҳожатга бориб, таҳорат билан покиза ухлаш ҳам ҳаловат гарови экани аллақачон ўз исботини топган.

Нима ҳам дердик, Ислом билан шарафланган мўминларнинг ҳар бир амали асосида Аллоҳнинг амр ва буйруқлари ётади. Аллоҳ таоло эса фақат ва фақат бандаларига яхшилик истайди.

 

Кубро Буюк тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!