Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом

00:00 26.07.2018 938

Ҳазрати Исо алайҳиссаломдин тақрибан икки минг йил муқаддам Бобил ҳукумати ниҳоятда тараққий қилғон эрди. Молий (молиявий) ҳолати мустаҳкам, аскарий тоқати буюк бўлғон сабабдин, давлати кўб ва раъия (фуқаро)лари амну омонда эрдилар. Бу ҳолатға молик бўлғон подшоҳнинг димоғи кибру ғурурдин шундоғ тўлдики, мамлакатнинг ҳаммадин улуғ ибодатхонасиға ўз суратин йўғон бир ҳайкал шаклида қўйдуруб қўюб, ҳукм бердики, ҳар бир инсон шул ҳайкалға сажда қилсун, назру ниёзларин анга атасун ва ҳожатларини андин тиласун.

Жаноб Роббул оламин шул ҳукуматни(нг) ва раъияларини(нг) ҳидоятлари учун ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилуб юборди. Бу жанобнинг силсилаи насаблари (бир ривоятга кўра,) тўққуз восита ила ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломға етадур. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом одамларни тавҳид (яккахудолик эътиқоди)ға даъват ва ширкдин ман қила бошладилар. Подшоҳ (Намруд)ға тавҳид даъвати хуш келмади, чунки ани қабул этган ҳолда подшоҳ худоликдин бандалик мақомиға тушуб қолур эрди, анинг учун қабул эта олмади.

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом хонадон (ота)лари подшоҳпараст бир қавм бўлғонликлари учун, алар ҳам ўз фарзандлариға мухолиф бўлдилар. Қавмларин ва ҳукуматларин мухолафат (қаршилик)ларин кўргач, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ватани (Бобил)дин ҳижрат қилмакға мажбур бўлдилар. Хотунлари ҳазрати Сора ва жиянлари ҳазрати Лут алайҳиссаломни баробар олуб, хорижға (ҳозирги Туркиянинг жанубида жойлашган Ҳаррон шаҳрига) чиқуб кетдилар. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўз ҳаётларин интизоми учун бир мунча қўю эчкиларни боқишға машғул бўлдилар. Аллоҳ таоло моллариға барака ато қилуб, кўпаюб кетди. Бир муддатдин кейин осмондин ёғин келмай, қўйлару эчкилар ўтлаб турган чаманистон қуруғ бир чўлу биёбонға айланди. Бу ҳолни кўргач, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом молларин олуб, сарсабз (кўкаламзор) майдонларда ўтлата-ўтлата, Миср иқлимиға етуб бордилар.

Ул кунларда Миср подшоҳи Бобилдин келган бир киши эрди. Бу подшоҳ ҳазрати Сорани кўргач, ўз ватанимдин келган бу хотунни ўз никоҳимға олай, деб орзу қилди. Лекин Аллоҳ таоло ул зотни Ўзининг бир буюк пайғамбарини манкуҳа (жуфти ҳалол)лари эканликларин подшоҳға тездин маълум қилди. Кейин подшоҳ ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломни кўб ҳурмат қилди ва Мисрдин кетар вақтларида, (бир ривоятга кўра) ўз қизи Ҳожира (Ҳожар)ни яхшилар суҳбатларида тарбият тобсун ва ўз ватандошларимдин бирор муносиб одамға берилсун, деб ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом қўллариға тобшурди. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом бу меҳмоннавоз подшоҳни орзусиға еткуруб, қизини ўз никоҳлариға олдилар.

Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг бош кўрган фарзандлари ҳазрати Исмоил алайҳиссаломни шул Ҳожира (Ҳожар) онамиз қоринларидин иноят (инъом) қилди. Кейин бироз муддатдин сўнгра ҳазрати Сора онамиз қоринларидин ҳазрати Исҳоқ алайҳиссаломни карам (ҳадя) қилди. Бу икки фарзанд пайдо бўлғондин кейин, Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломға хабар бердики, бу икки фарзандингиз ниҳоятда баракатлик зотлар бўлғайлар, булар наслларидин кўб, катта қавмлар пайдо бўлур, кўбликларидин ададларин билуб бўлмас. Кейин ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом Худонинг ҳукми ва хонадонларин талаблариға мутобиқ (мувофиқ), авлодлариға алоҳида-алоҳида мамлакатларни тақсим қилуб бердилар.

Шом мамлакатини ҳазрати Исҳоқ алайҳиссаломға бердилар, чунки Шомнинг шарқ тарафи Бобил эрди. Анда ҳазрати Исҳоқ алайҳиссаломнинг тоға жамоалари бор бўлуб, алар ила алоқа қилмак осон бўлур эрди. Чунончи, ҳазрати Исмоил алайҳиссаломға Арабистонни бердилар. Чунки Миср Арабистоннинг ғарб тарафида бўлуб, анда ҳазрати Исмоил алайҳиссаломнинг тоға жамоалари бор эрдилар. Алар ила алоқа этмак осон бўлур эрди. Бу тақсим(дан) кейин бу икки биродар авлодлари шул қадар кўпайдиларки, ўрталарида бошқа ажнабий (бегона) бир жамоа қолмади. Зарурат вақтида ҳар икки қавм бир-бирлариға ниҳоятда осонлик ила мадад еткуза олур эрдилар.

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом бош фарзандлари Исмоил алайҳиссаломни волидалари ила баробар ҳозирғи Маккаи Мукаррама шаҳрини ўрниға келтуруб қўйдилар. Кейин ўғиллари ила баробар ул ерға бир масжид (Каъба) ҳам бино қилдилар ва Парвардигор даргоҳиға дуо қилдиларки, бу дашту биёбонға бино қилунғон мамлакату масжид аҳли учун Ўзи ризқ еткузсун, дунёнинг ҳар қисм неъматлари ила бу иқлимни обод айласун ва бу мамлакат аҳлин ҳидоятлари учун ўзларидин бир буюк пайғамбар пайдо қилсун.

Ҳазрати Исмоил алайҳиссалом арабларнинг кўбдин ҳукмрон бўлуб келган қабилалари Бану Журҳум сардори Музоз (ибн Амр)нинг қизин ўз никоҳлариға олдилар. Ҳазрати Исмоил алайҳиссаломдин ўн икки ўғул фарзанд пайдо бўлди. Булардин шул қадар авлод кўпайдики, мағриб тарафдин Мисрға, жануб тарафдин Яманға улашуб кетдилар.

Ҳазрати Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи ўғиллари Қайдор ниҳоятда буюк шуҳрат топди. Шул зот авлодлари боболарин йўллари бўлғон тавҳид ақидасини баробар сақлаб, Маккаи Мукаррамада қолуб кетдилар. Қайдор авлодларин ўттуз еттинчи пушти бўлғон Аднон ниҳоятда соҳиби тадбир бир киши эрди. Анинг (катта ўғли Маъаднинг) кичик укаси Акк Яман салтанатин қоим қилғон эрди.

Бу Аднондин кейин бунинг авлодиға Бану Журҳум қабиласи ғолиб келуб, аларни Маккадин чиқариб юбордилар. Ўз тоғалари бўлғон Бану Журҳум Бани Исмоилни шунинг учун Маккадин чиқардиларки, булар Бану Журҳум бутлариға ибодат қилмадилар, балки ота-боболарин йўллари бўлғон тавҳидда қоим турдилар.

Кейин – Адноннинг ўн бешинчи пушти бўлғон Қусай келуб, яна Маккаи Мукаррамаға қабза (эгалик) қилди ва Маккада бир муштарака ҳукумат бунёдин қурди. Қусайдин кейин анинг ўғли Абдуманофки, номи Муғийра эрди. Отасиға жонишин (ўринбосар) бўлди. Андин кейин анинг ўғли Ҳошим, Ҳошимдин кейин анинг ўғли Абдулмутталиб ва андин кейин анинг ўғли Абу Толиб қавм (Бани Ҳошим уруғи) сардори бўлиб ўтди. Жаноб ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдулмутталибға ўғул набира бўлурлар. Оталарин номлари Абдуллоҳ эрди.

"Нурул басар" китобиданф

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!