Ҳазрати имом мажмуасидаги қадимий мусҳаф тарихи

16:40 08.11.2018 496

Бу воқеа 1924 йилнинг 18 августида бўлган эди. Қуръони Карим бу нусхаси бутун дунёга Усмон Мусҳафи номи билан машҳурдир. Ушбу Мусҳаф учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида кийик терисига ёзилган Мусҳафлардан бири.

Усмон Мусҳафи Самарқанддан 1869 йилда руслар томонидан Петербургга олиб кетилган. Сўнг юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан жуда қийинчилик бўлсада Аллоҳнинг инояти билан Тошкентга қайтарилган. Мусҳаф келиши билан Кўкалдош мадрасаси ёнидаги масжидда, бир йилдан сўнг Тошкент шаҳридаги тарих музейига кўчирилган. 1989 йилда Ҳазрати Усмон Мусҳафи Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ўша вақтдаги Ўрта Осий ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига тақдим қилинган. Шу йилнинг 14 март куни эса Мусҳаф Ҳазрати Имом мавзеига келтирилган.

Шу ўринда Мусҳаф сўзига қисқача тўхталсак. “Ал-масоҳиф“ китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумот келтирилган: “Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр: “Унга ном изланглар” дедилар. Баъзилар: “Ас-Сифр”, дейишди. У: У бу яҳудийлар номлайдиган исм”, деди. Шунда улар ҳам буни ёқтиришмади. Яна баъзилар: “Мусҳаф”, дейишди. Чунки шунга ўхшаш нарсани улар Мусҳаф дейишар эди. Охири барчалари уни “Мусҳаф” деб номлашга ижмо қилдилар».

Усмон Мусҳафини талаб даражасида сақлаш мақсадида 2007 йил 8 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 115-сонли махсус қарори қабул қилинди. Бугунги кунда Усмон Мусҳафи қайта таъмирланди. У Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги музейга айлантирилган Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасаси биносида сақланмоқда.

Усмон Мусҳафига халқаро ЮНEСКО ташкилоти томонидан 2000 йил 28 августда махсус сертификат берилган. Мўйи Муборак мадрасаси ҳукумат томонидан 2007 йил қайта таъмирланди. Бунгача Усмон Мусҳафининг сақланиш даражаси талаб даражасида эмас эди. Қуръон терига ёзилган ва уни мукаммал сақлаш учун намлик мўътадил бўлиши шарт. Таъмир жараёнида ҳукумат томонидан Германия давлатидан махсус сандиқ олиб келинди. Бу сандиққа Мусҳафни давр талаби даражасида мукаммал сақлаш учун намликнинг мўътадил бўлишини таъминлаб берувчи махсус ускуналар ўрнатилган. Ҳозирда Мусҳафи шарифни зиёрат қилиш учун юртимизнинг турли вилоятларидан зиёратчилар келишмоқда. Шу билан бирга мажмуа дунёнинг турли бурчакларидан келган Қуръон шайдолари билан гавжум.

Робия Тоҳир

Манба: Islaminstitut.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!