Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қабрлари олдидан ўтганда...

4161

Саййидимиз Усмон розияллоҳу анҳунинг қабрларини кўрганимизда, у зотнинг қабр ёнидан ўтсалар, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб, азобидан қўрқиб, банда қабрда бир ўзи ётишини ўйлаб, кўз ёшлари соқолларининг ҳўл бўлишига сабаб бўлишини эсга оламиз. 

Бу улуғ саҳобийни эслаганимизда, у киши ҳақларидаги ривоятлар, қиссалар эсга келади. 

У зот хайрия ишларида пешқадамлардан бири эдилар. 

Аллоҳ таолонинг фазли билан у киши Табук ғазотига кетаётган мусулмонлар қўшинини пул, қурол, туя, от каби керакли нарсалар билан жиҳозлаганлар. 

Қудуқ сувини мусулмонларга пулга сотадиган яҳудийдан Румо қудуғини сотиб олиб, мусулмонларга текин қилиб қўйганлар.

Масжидун Набавийни кенгайтириш учун пулларига ёнидаги жойни сотиб олиб, масжидга қўштирганлар.

Булар Аллоҳ таолонинг у кишига ато этган фазлу марҳаматидан эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Усмонга бугундан кейин қилган амали зарар бермайди" деганлар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввал бир қизлари, у қизлари вафот этгач, иккинчи қизларига уйланиб, "Зуннурайн" лақабини олдилар ва оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлиш шарафига сазовор бўлдилар. 

Ҳаёлари, таҳажжудлари, рўзадорликлари, Қуръонга моҳирликлари билан машҳур бўлганлар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳудан ҳаё қилар эдилар. Бунинг сабаби сўралганда, "Фаришталар ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайми?!" деганлар.

Хулафои рошидинларнинг учинчилари эдилар. 

Ашараи мубашшаранинг учинчилари эдилар. 

Қуръони Каримни ўқиб ўтирганларида, шаҳид этилдилар. Қон томчилари оятлар устига тўкилди. 

Зубайр ибн Абдуллоҳ айтади "Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мавлоси бўлган бобом менга айтиб берган эдиларки, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу агар аҳли оилалари ухлаётган бўлса, улардан бирорталарини уйғотмас, агар кимнидир уйғоқ ҳолда топсалар, ўшани чақирар, ўша киши у зотга таҳорат учун сув келтирар эди. Ўзлари доим рўза тутар эдилар. 

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ айтадилар "Менга Ҳамадонийнинг хабар беришича, у Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни, халифа бўла туриб, ҳачир устида, ортларига хизматкорларини мингаштириб олган ҳолларида кўрган экан. 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дедилар:

“Агар қалбларимиз пок бўлганида, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўларди”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади "Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шаҳид этилганда, унинг аёли "Уни ўлдирдинглар. Ваҳоланки, у бир ракатда Қуръонни ўқиб, кечани қоим қиларди" деди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай деганлар. Аёлнинг ўша гапини одамлар ривоят қилиб, "Анас ибн Сийрин" дейишган.

Фаёз ибн Жаъфар Ҳамадонийдан ривоят қилади, у айтган "Усмонни масжидда чойшабга ўралган ҳолда ухлаётганини кўрдим. Мўминларнинг амири бўлса-да, ёнида ҳеч бир киши йўқ эди". 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар "Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уйларида қирқ кун қамал қилиндилар. Менга "Бу кеча саҳарлик пайтида мени уйғотиб қўй" дедилар. Саҳар пайти олдиларига бориб, "Эй мўминларнинг амири, саҳарлик! Аллоҳ сизни раҳм қилсин!" дедим. У киши "Шундай" деб, пешоналарини силадилар ва "Субҳаналлоҳ! Эй Абу Ҳурайра, кўраётган тушимни бўлдинг. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргандим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга "Эртага бизнинг олдимизда ифтор қиласан" дедилар" деб айтдилар. Кейин у киши шаҳид этилдилар. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин!"

Шаҳид этилганларида рўзадор ҳолда эдилар.

Аллоҳ таоло барча содиқ саҳобалардан, жумладан, Усмон Зуннурайндан рози бўлсин!

Нозимжон Ҳошимжон

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Теҳрон кутганидек бўлмади: санкциялар муддати яна узайтирилди

4 16:30 06.03.2021

«Элиф ва Меҳмет» мультсериали. 5-қисм

59 16:00 06.03.2021

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

126 15:16 06.03.2021

"Фотиҳа"нинг муҳим бир ояти

283 15:01 06.03.2021

Сенегал: мухолифатчининг ҳибсга олиниши ортидан тўполонлар (фото)

104 14:30 06.03.2021

Маҳр борасида қай даражада маълумотга эгамиз?

226 14:05 06.03.2021
« Орқага