“Ҳеч бўлмаганда битта “Ёсин” ўқувчини чиқариб қўйинг”

15:00 04.03.2019 2208

Кеча ўлим ёқасидаги бир таниш холанинг ёнларида ўтирдик. Жонлантириш бўлимидан уйга жавоб берворишди. Иккита ўғил, бир қиз фарзанди бор, турмуш ўртоғи оламдан ўтиб кетган.

Ўғиллар рус тилида гаплашади уйда ҳам. Қизи бошқа мамлакатда яшайди, ўзининг соғлиги яхши бўлмагани боисидан кеча етиб келди, онанинг қошида эзилиб йиғларди.

Томиридан кетма-кет уланган дориларнинг кетиши ҳам секин, хола аранг томоқ қисмидан нафас оларди.
«Ёсин» ўқилиши кераклиги айтилди.

Домчилик. Ўрис қўшнилар, ўрисча гаплашадиган фарзандлар, қизининг ёшлари тинмайди.

Хола нари борса 62-63 ёшларда. Ҳисобчи бўлиб узоқ йил ишлаган, ҳалол, тўғри сўз, аммо динга унча бўйин бермаган, тўғрироғи ўтиб кетган тузумнинг чинакам ватанпарвар инсонларидан эди.

Унақа гапни чўзмоқчи эмасман. Ўлим ҳақ, бугун, эрта, индингга соатимиз битса кетамиз аммо жон бериш осон эмас экан. Дўхтирингиз авлиё саналган бўлсин сизни ёзилган вақтингизга бир дақиқа ҳам умридан беролмайди, халқумингизга тиқилиб қолган сўнги нафасингизни осонлаштирмайди.

Ҳо-о-ой муҳтарам, катталар. Сиз 30 йилки, «Ёсин» ўқишга муштоқларни яксон қилдингиз, калима келтиришга тили айланмай, чўқингандек кетганлар қанча.

Онангиз, отангизни сўнги кунида битта сура ўқиёлмасангиз, битта тиловат қилолмасангиз, унда ўғлингизни суннат қилдирманг, қизингизга никоҳ ҳам ўқитманг. Оғир а... Жон бериш бундан ҳам оғир, ёмон оғир. Бошга дўппи, белга қийиқча боғлаб сўнги манзилга кузатаётганлар орасида ҳали борсиз, аммо кузатилаётан сиз бўлсангизчи?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўлимнинг шиддати ҳақида сўралганида дедилар: «Ўлимнинг энг енгили, бамисоли, жунга қадалган тиканларни тортганда ҳар бир тикан жун билан қўшилиб суғурилиб чиққани кабидир» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Зурриёдингиздан ҳеч бўлмаганда битта «Ёсин» ўқувчини чиқариб қўйинг. Акси тақдирда жон талвасангиздаги афсусингиз ёмондир. Биродар динни ноқонуний деманг, диндорни қонун бузувчи санаманг. Сўнги манзилингизда улар азиз, сиз хор бўласиз!

****

Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлари ривоят қилинади: «Аллоҳим! Жонни пайлардан, бўғимлардан, тирноқ учларидан суғуриб олгувчи Ўзингсан. Аллоҳим, ўлим онларида менга мадад бер, ўлимни менга осон қил» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Мадина МЎМИНОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!