Таҳлил

Ҳеч кимдан кам эмасман ва ортда қолмаслигим шарт!

935

«Инсонга тортиқ қилинган сезги аъзолардан ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Кўриш, таъм билиш, ифорни туйиш, эшитиш, гапириш... Агар уларнинг бирортаси бўлмаса ёки меъёрида фаолият кўрсатмаса, дунё кўзимизга қоронғу кўриниши, шубҳасиз. Мен соғлом юртдошларимни кўрсам, чексиз қувонаман. Ҳар гал уларга ҳавасим келади!»

«Саломатликдан муҳимини топдим...»

Гарчи ҳаёт мени болаликдан синовлар уммонига ғарқ килган бўлса-да, тақдир аввалига қайиқлар, кейин эса кемалар билан сийлади. Кунлар келади ва мен ўз кемамнинг бош капитанига айланаман.

Биласизми, оддий болалар каби мактабда таҳсил олдим. Дўстларимнинг интилиши, шижоати менга илҳом ва умид бағишларди. Уларга қўшилиб, келажакка дадил қадам ташлардим. Тенгдошларимнинг ҳар бири бир олам орзуларга шайдо бўлган қалб эгалари эди. Бири ҳуқуқшуносликда ўқийман деса, бири муҳандислик, бири бўлса шифокорликни танлаш истагида юрарди. Аммо мен ўша пайтлари хаста вужудим туфайли дўстларим қатори орзулар парвозида учишга кўрқардим.

Йиллар ўтган сайин эса бир ҳақиқатни англаб етдим, ҳаётга соғлом ёндашув, умид ва ишонч саломатликдан ҳам муҳимроқ экан. Тобора ўқиб-ўрганиш, бошқаларга қўлдан келганича яхшилик қилиш, қалбни ҳамиша соғлом, соф ва самимий сақлашга интилиш асосий мақсадимга айланди.

Жисмонан соғлом бўлмасам-да, ҳеч кимдан кам эмаслигимни, маънан ҳеч кимдан ортда қолмаслигим зарурлигини ҳис қилиб яшашни бошладим. Шунда кўнглимда олийгоҳга киришдек кучли истак пайдо бўлди. Турли танловлар ўзимни танитишимга катта йўл очиб берган  бўлса, кун келиб, мен ўзим орзу қилиб юрган Тошкент Ахборот технология университетининг Нукус филиалига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Ҳозирги пайтда мана шу университетининг «Ўкув-ёрдамчи бўлими»нинг лаборанти лавозимида ишлаяпман.  АКТ соҳасига ўз ҳиссамни қўшиш ва тараққиёт сари илдам қадамлар ташлаш, орзу-истакларимнинг бир бўлаги ҳисобланади. Бугун интернет сайтларини яратиб, бир олам завққа тўламан.

Ўзим ҳақимда

Исми-шарифим: Саламат Авезов, 1983 йил 27 июлда Нукус шаҳрида таваллуд топганман.

Болалигимдан II гуруҳ ногирониман. Шифокорлар менга  БЦФ – Болалар церебрал фалажи ташхисини қўйишган.

2008-2012 йиллари Тошкент ахборот технологиялар университети Нукус филиалида таҳсил олиб, олий маълумотли бўлишга эришдим.

Севган мутахассислигим: информатика ва ахборот технологиялари.

Қизиққан соҳаларим: веб-дизайнерлик, таржимонлик ва журналистика.

Шиорим: сени эшитишни хоҳлаганлар, албатта, эшитадилар.

Орзуларимни ифода этиб, ранг-баранг расмлар чизаман. Расмларимда эса ўзимни тўрт мучаси соғ инсон қиёфасида акс эттираман. Қўллар ва оёқларим соғлом, тилимдан чиқаётган сўзларим равон бўлади. Бу расмларга қараб, жамиятда менинг ҳам ўрним борлигини, бахтли яшашга ҳақли эканимни ҳис этаман. Айтганча орзуларим ҳисобида меҳрибон ота, садоқатли турмуш ўртоқ бўлиш ҳам бор.

«Мендан рози бўлсангиз, бас...»

Меҳрибон ота-онам ҳамда яқинларимнинг далдаси менга ҳар доим куч бағишлаб туради. Бошқалар билан солиштирганда, имкониятларим доираси бироз чекланган. Лекин шунга қарамай, кўп нарсалардан бебаҳра қолмасликка, қурашиб ва интилиб яшашга ҳамиша ҳаракат қиламан. Ўтган йиллар давомида бир нарсани англадим, касаллик – бахтсизлик эмас, ироданинг синови, холос. Оилада ота-онам ва яқинларим мени ўзларидан ҳам кўпроқа яшади, парвариш қилишади. Улардан жуда миннатдорман. Отам-онамдан фақат бир нарсани эшитишни хоҳлайман, «сен фарзандлик бурчингни бажараяпсан, ўғлим, орзу-ҳавасларимизни рўёбга чиқараяпсан, биз розимиз», дейишса, бу дунёда мендан бахтли инсон бўлмас эди. Улар менинг биринчи ўқитувчиларим. Ҳаётни, яшашни ўргатган аслида шу кишилар бўлади. «Ўғлим, журъатли бўл!» деган ўгитларини унутмайман. Ота-онамнинг қўллаб-қувватлашлари ва панду насиҳатлари ҳалигача эсимдан чиқмайди. Улар менга қандайдир илоҳий куч бағишлайди. Улардан бир умр миннатдорман. Қолаверса, жондан азиз бувижонимга ҳам раҳмат айтаман.

«Ҳар сониямни қалб дафтаримга муҳрлайман!»

Бир одатим бор, кундалик дафтар тутганман. Кундалик – бу кўнгил кўзгуси. У ўй-хаёлдан тортиб, туйғуларгача кўрсатади. Унга қараб босиб ўтаётган умримни сарҳисоб қилиб бораман. Дилимдаги қалб дафтарим, бинобарин, энг яқин дўстим, сирдошимга айланди. Қалбим тубидаги мудраб ётган, ҳеч кимга айтолмаган титроқ дил сўзларимни, ҳаёт ва хаёл билан кураш онларимни хаста қўлларим, ожиз қаламимни ўпиб муҳрлайман.

Сизга қалб дафтаримдаги мен учун энг азиз мисраларни келтирайми?

«Тўхтаган инсонгина ҳамма нарсадан бўш қолади. Ҳаётнинг бардавомлиги, умрнинг гултожи яшашни ҳадя этади. Шундан нуроқшом тонгни қарши олиш бу – энг улуғ БАХТ. Барчамиз мунаввар осмонга термилиб, ҳаёл сурамиз, эзгу ниятларни, олам- олам орзу-умидларни бир шадо дур каби тузамиз. Униннг ҳар донаси кўз ёшларимиз сингари тиниқ ва беғубордир. Бу оламда она қалби, аёл меҳри, унинг чексиз самимияти, куюнчаклигидан-да каттароқ муҳаббатни топа олмайсиз. Онажон, юзингиздан бахт учқуни уфуриб турибди, самимий табассумингиз оламни титратди. Сизга ҳаётнинг ифорли тароватини ҳис этиб яшаш насиб айласин. Ўзгалар қалбига умид учқунини уйғотиш одамийликка хос фазилат. Қалбингиз фақат меҳр ва муҳаббатга тўла мавридларингиз кўп бўлсин!»

Фарзанди ногирон туғилган ота-оналарга айтар сўзларим...

Фарзанди соғлом туғилмаган баъзи бир ота-оналарни кўриб, «эҳ, инсон зоти», дегим келади. Нега улар дил пайванди бўлган болажонидан ўксинишади? «Аллоҳим, фарзандимни ҳамма қатори соғлом яратсанг бўлмасмиди?» деган зардали аччиқ, совуқ гаплари меҳрга муштоқ болаларнинг кўксига тошдек ботишини билишса эди улар. Фарзандининг меҳр тилаб, титраб турган лаблари, кўзмунчоқдай пирпиратиб турган маъюс тортган қора кўзлари, мўлтираб турган нигоҳларига қараб, наҳотки унинг кўнгил ойнасини чил-чил синдираётганлигини англашмаса.

Ахир, ногирон бола ҳам фарзанд-ку?!  Шу кўзмунчоқдек болангиз вақти келиб, ўз интилишлари, саъй-ҳаракатлари билан, ҳаётга бўлган ишонч ва умид тилсимини қалбига сингдириб, аста-секинлик билан қаддини тиклайди. Ажаб эмаски, ногиронлар кўпинча фавқулодда истеъдод соҳиби бўлади. Шунга яраша уларнингфикр доиралари кенг, кўнгил дунёси гўзалдир. Унутманг, ортида уни қўллайдиган одамлар борлигини ҳис қилган фарзандгина келажакка юз тутиб, умид нигоҳи билан қиё боқиб, яхши натижаларга эришиш учун жон-жаҳди, онгу тафаккури, ақл-идроки ва заковати ила интилади.

Шу ўринда, жамиятимизга ҳам юзланишни истардим. Имконияти чекланган, болалигидан ногирон болалар ва ёшлар учун махсус марказлар ташкиллаштирилса, уларнинг қизиқувчанлигини орттириб, касб-ҳунарли бўлишлари учун шароитлар яратиб берилса, бундай инсонларда ҳаётга бўлган муҳаббат ва келажакка ишонч, бахтли ҳаётга интилиш ҳисси ҳам барқарорлашган бўлар эди.

«Кўнгил одамиман!»

Дадамнинг Азат Примов деган журналист дўсти бор. У уйимизга меҳмонга келган пайтида, ёнига ўтириб олиб, саволларга кўмиб ташлар эдим. У киши эса хотиржамлик билан ҳар бир саволимга жавоб берарди.

Айнан Азат ака мендаги ижодкорлик қобилиятини кашф қилдилар. Лекин ростини айтишим керак, журналистика мен ўйлаганчалик осон соҳа эмас экан. Қалам аҳли қаторига кириш учун жуда кўп китоб мутолаа қилишинг шарт экан. Бугун озми-кўпми ижодий ишларим билан маҳаллий нашрларда қатнашиб турибман, қолаверса, Интернетдаги http://sa.kr.uz сайтимни ҳам ўзим юритаман. Сайтимда имконияти чекланган инсонлар учун махсус форумлар ташкил қилганман. Токи улар бир-бири билан мулоқотда бўлиб, ўзаро фикр алмашин, шу тариқа кўнгиллари ёзилсин.

«Ўзимни китобларда топдим!»

Инсон китобни қанчалик кўп ўқиса, ундаги ҳикоя қилиш қобилияти шунчалик ошади. Кераксиз гапларни камроқ гапириб, кераклиларини яхшироқ етказадиган бўлади. Китоб оламига бўлган қизиқишимни уйғотган инсон онажоним бўладилар. Айнан уларнинг ундови билан қўлимга китоб олганман. Айниқса, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» китоби қалбимнинг туб-тубидан жой эгаллаб, ҳаётимнинг ҳар дақиқасини ўзгартириб. Мана шу руҳият оламига, яъни бошқа бир оламга олиб кирди. Умуман олганда, мен шу пайтгача жуда кўп китобларни мутолаа қилганман. Айнан бадиий асарларни ўқиб, ҳаётга бўлган ишончим ва келажакка бўлган умидим янада ловуллаб, атрофимни чароғон нур каби ёрита оляпти. Китоблардан олган хулосам, бу оламда ҳар бир инсон ўз ўрни борлигидан қувониб яшаши керак...»

Нодира ҲАЙДАРОВА ёзиб олди.

Манба: “Бекажон” газетаси.

УЛАШИНГ:

« Орқага