Илм

Ҳеч қачон умидсизликка тушманг (учинчи мақола)

393

Шунда ҳам Аллоҳ таоло нима деб турибди? Сидқидилдан Роббингиздан гуноҳларингиз мағфират этилишини сўрасангиз, барча гуноҳларингиз авф этилади, деб турган бир ҳолатда улар  У зотнинг бу амрини ҳам ўйин қилишди.

Аллоҳ таоло бу қавмнинг олдинги гуноҳларини авф этмаган эдими? Уларнинг ҳисобсиз гуноҳларини кечиб юбордику. Уларнинг гуноҳларини авф этаверди, авф этаверди.

Аммо улар мағфират сўрашликни жиддий қабул қилмагач, У зот гуноҳларини кечишлигини сўрашликни шарт қилиб, уларнинг узундан – узун гуноҳлари рўйхатини ўчиришлигини, бундан ташқари уларни муҳсинлар қаторидан ёзишлигини айтди.

Биродарлар, биз биламизки, биз учун аввало Ислом туради, кейинчи? Иймон. Кейин нима? Эҳсон. Аллоҳ таоло гуноҳлари ҳисобсиз бўлган қавмга Ўзидан мағфират сўрашлигини шарт қилган ҳолда уларни ҳатто муҳсинлардан бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Ҳатто елкасида оғир карвондек гуноҳлари бўлса ҳам, авф сўраса бўлди, уларни авф этишини айтмоқда. У зот қулларининг барча гуноҳларини уларнинг биргина авф сўраши эвазига ювиб юборишини айтмоқда.

Аммо бу бузғунчи қавм нима қилди?

"Бас, зулм қилганлар уларга айтилган сўзни бошқасига алмаштирдилар" (Бақара сураси, 59-оят).

Улардан айтишлари талаб этилган сўз авф сўраш эди. Улар эса айтилган сўз ўрнига бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Авф сўрашни фисқ билан алмаштирдилар. Айнан мана шу Аллоҳ таоло авф этмайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади. Яъни, У зот сизга бир имконият беряпти, у ҳам бўлса сизнинг содир этган барча гуноҳларингиз устига берилаётган бир имконият. Нима эди ўша имконият? У зотдан гуноҳингизни кечишини сўраш.

Ушбу воқеадан оладиган ибратимиз шуки, ушбу қавмнинг бундай жавобидан кейин Аллоҳ таоло уларга кечиктирмасдан ўша заҳотиёқ азоб юборганидир. У зот ҳатто Ҳисоб кунигача қолдириб ҳам ўтирмади. У зот ҳатто Бани Исроилнинг қолган қисмини кутиб ҳам ўтирмади. Чунки бу қавм берилган вақт ичида амрни бажо келтириш ўрнига уни фисқ билан алмаштириб ўйин қилди. Аллоҳ таоло мағфират этишини таклиф этиб турган бир ҳолатда уларнинг Роббиларига жавобан бу қилмишларидан кейин Аллоҳ таоло уларга азобини ўша заҳотиёқ туширди. Чунки улар ўзлари бузғунчиликка одатланиб, фақат шу иш билан машғул бўлиб қолган эдилар.

Биз бу қиссадан қандай ибрат олишимиз керак? Аллоҳ таолодан мағфират этишини сўрашлик қудратини ҳазил деб билманг. Мағфиратни енгил қабул қилманг. Уни жиддий қабул қилинг, чунки сиз мағфиратни Аллоҳ таолодан сўраяпсиз. Шунчаки, “Астағфируллоҳ”, деб қўйманг. Бу сизга шунчаки енгил – елпи қараладиган масала эмас. Бу сизга Аллоҳ таолодан жавоб қайтадиган нарса эканлигини ўргатади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзидан келадиган жавобни кечиктирмайди. Айнан мана шу сизни Аллоҳ таоло билан тўғридан - тўғри боғлайди. Шундай экан, мағфират сўрашликни ҳазил деб билманг.

Қуйида эса бошқа бир қавмдан умид қилинган ҳолда шундай оят келади:

"Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ... ҳақида сўра" (Аъроф сураси, 163-оят).

Ушбу оятда баён қилинган қавм денгиз соҳилида истиқомат қилар эди, яъни бошқача қилиб айтганда, улар соҳил яқинида кун кечирадиган шаҳар аҳли эди. Бу Бани Исроилнинг тарихида денгиз соҳилида яшаб ўтган қавм эди ва агарда орангизда кимдир соҳилда яшаса, у ердаги аҳолининг иқтисоди нима эканлигини яхши билади. Бу – балиқчилик. Яъни уларнинг асосий тирикчилик манбаи балиқчилик бўлган.

"... шанба кунида ҳаддан ошганлари ... ҳақида сўра" (Аъроф сураси, 163-оят).

Соҳил аҳли шанба куни ҳаддан ошадиган бўлишди. Уларнинг бу кунда қай тарзда ҳаддан ошганликлари ҳақида биласизлар, шундай эмасми? Уларга шанба куни тирикчиликка уриниш ҳаром қилинган эди. Бу кунда улар Аллоҳга ибодат қилишлари керак эди. Ушбу қавм учун ушбу кунда қилинадиган амр фақат шундан иборат эди. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг Ўзининг амрини бажо келтирмаганларини баён қилмоқда.

"... шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, ..."  (Аъроф сураси, 163-оят).

Соҳил аҳли шанба куни балиқларнинг очиқдан – очиқ сакраб келаётганини кўриб кузатиб туришар эди. Оят давомида Аллоҳ таоло шундай баён қилади:

"... шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра" (Аъроф сураси, 163-оят).

Шанба кунлари балиқларга қараб ҳавасланиб оҳ-оҳ, деб туришар, якшанба куни эса бирорта ҳам балиқни кўрмагач, вой-вой, деб туришарди. Шанба келганда яна балиқларнинг сакраб – сакраб келганини кўришар эди.

Шундай қилиб, улар Аллоҳ таолонинг амрига хилоф қилмасдан бу балиқларни овлашни бир йўлини топишлари керак эди, шунда улар кўпроқ балиқ тутишга муваффақ бўлишар эди. Шундай қилиб шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйадиган ва якшанба куни йиғиб оладиган бўлишди. Бу ишлари билан улар шанба куни балиқ тутмаган бўлиб чиқишар эди, шундай эмасми? Бу худди маҳкамада тадбирини қилиб жавобгарликдан қутулиб қолишга ўхшайди, аммо Аллоҳ таолонинг савол - сўроқ маҳкамасида эмас, биродарлар, сиз у ерда ҳеч қандай тадбир билан чиқиб кета олмайсиз.

Дейлик, агарда сизга: “Номаҳрам билан мулоқот қилишинг мумкин эмас”, дейишса, сиз: “Йўқ, мулоқот қилаётганим йўқ, шунчаки, қўлларимни телефон экрани устида юрғизиб хат ёзяпман, бу гаплашиш эмас.”, деганингиз кабидир. Айнан бирга ўтириб, ҳоли қолиб суҳбатлашмаяпманку, масалан, ҳозир аэропортдаман ёки мактабдаман, атрофим тўла одам...мана шу тадбир қўллаш эмасми? Буни Аллоҳ таолодан қандай қилиб яшира оласиз?

Шу ерда сиз билан бўлишишни истаганим асосий мавзу ҳам сизга айтмоқчи бўлганим сабаб бу:

"Улардан бир жамоат: “Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!” деганида..." (Аъроф сураси, 164-оят).

Барчамизга маълумки, Бани Исроил қавми орасида бир гуруҳ кишилар Аллоҳ таолонинг амрига хилоф иш тутганларга У зотнинг Амрига нисбатан осийлик қилмаслик ҳақида огоҳлантириш беришга ҳаракат қилади. Бу инсонлар Аллоҳ таолонинг Амри эканлигини билишармиди? У зотнинг Амрига нисбатан хилоф йўл тутиб бўлмаслигини билармидилар? Ҳа, бу жамоатларнинг ҳар иккиси ҳам буни билишар эди ва шунинг учун ҳам бу ерда икки хил турдаги гуноҳкор жамоатга ажратишимиз мумкин. Бир жамоат унчалик ҳам илмга эга эмас ва у ҳеч нарса билмайди. Иккинчи жамоат эса ўзи нима қилаётганини жуда ҳам яхши билади, аммо билиб турса ҳам барибир қилаверади.

Мана шунақа вазият бўлганда, сиз унга қарата шундай дейсиз: “Ҳой, биродар, қўйсангчи, санга гапирганнинг фойдаси йўқ.” Нега фойдаси бўлмас экан? Чунки у аллақачон сиз айтмоқчи бўлган нарсани билади ва унга нимадир айтганингиз билан ҳеч қандай ўзгариш қилмайди.

Аммо ҳозир сизга сўзлаб бераётганим насиҳатгўй жамоат мунтазам равишда бориб осий жамоатга астойдил ваъз – насиҳат қилишда ҳаракат қилаверди ва уларга:

“Илтимос, бундай қилманглар. Бундай қилишингиз сиз учун яхши эмас. Бундай қилишингиз биз учун ҳам яхши эмас. Аллоҳ таолонинг Амрига осийлик қилиш мусулмончиликдан эмас. У зотдан гуноҳларингизни авф этишини сўранг, ҳали ҳам имконингиз бор. Қилмишингизга тавба қилинглар.”, дейишди. Улар ҳар сафар уларни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилаверишди.

Бани Исроил қавмида учинчи бир тоифа жамоат мусулмонлар ҳам бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг Амрига хилоф иш тутмаганлардан эди ва улар насиҳатгўй жамоатга: “Бу инсонлар мунофиқлардир.”, дейди. Насиҳатгўй жамоатга бу инсонларга ваъз қилишни ҳеч ҳам кераги йўқлигини, улар учун ўзларини оқлайдиган ҳеч қандай нарса йўқлигини, уларга насиҳат қилиб вақтини зое қилмасликни айтиб қайтаради.

Кейинги оят эса мана шу икки жамоат мусулмонлар ўртасидаги ихтилоф ҳақида боради. Яъни бир жамоат бу гуноҳкор жамоатдан умид йўқлигини айтса, иккинчи бири уларга барибир насиҳат қилиш кераклигини айтади.

Аллоҳ таоло уларни қуйидагича баён қилади:

"Улардан бир жамоат: “Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!” деганида..." (Аъроф сураси, 164-оят).

“Нега уларга ваъз қиляпсиз, Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилишни аллақачон ҳукмини бердику? Аллоҳ уларга азоб юбориши аниқку.”, дейишди. Нега бундай дейишди, чунки оятда шундай дейилмоқда:

"Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб – ла азобловчи..." (Аъроф сураси, 164-оят).

Улар насиҳатгўй жамоатга бу фосиқ кишилар олдига яқинлашмасликни, уларни шиддатли азоб тутганида сизлар ҳам азобда қолиб кетманг, дея огоҳлантиришди. Чунки Аллоҳ таолонинг азоби ҳар лаҳзада тушиши муқаррар эди. “Улар ҳақида қайғурманг. Уларни ўз ҳолига қўйинг.”, дейишди.

Бу одамлар ҳақида қайғурманг. Улар осийлардир. Нега уларни деб оввора бўляпсизлар? Уларга насиҳат қилишнинг фойдаси йўқку. Улар билан мунозара қилиб ўтирманг, улар ҳатто масжидга ҳам келишмайди. Улар ҳар қандай қилиб вазиятдан чиқиб кетишади, мунофиқлар билан қандай муносабатда бўлишади, хуллас, улар билан гаплашиб насиҳат қилганнинг фойдаси йўқ. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло аллақачон улар ҳақида Ўзи ҳукм чиқаришини билдириб бўлган. Бу одамлар бузғунчи, исёнкор ва диндан йироқ, замонавийлашиб олишган, улар у, улар бу ва ҳ.к. дея насиҳатгўй жамоатни қайтаришга ҳаракат қилишади.

Нўмон Али Хоннинг маърузаларидан

Давоми бор...

Таржимон: Умму Муҳаммадийн

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сиз Аллоҳ таърифлаган эрмисиз?

1287 08:30 06.11.2019

Савол бериш нотўғри ишми?

782 20:00 02.11.2019

Ҳеч қачон умидсизликка тушманг (тўртинчи мақола)

590 20:00 20.10.2019

Ҳеч қачон умидсизликка тушманг (иккинчи мақола)

660 20:05 18.10.2019

Ҳеч қачон умидсизликка тушманг

898 20:00 17.10.2019
« Орқага