Омск тиббиёт коллежи талабаси Алина Наврўзованинг вакили бўлган адвокат Руслан Нагиев судга Марям онамиз тасвири туширилган икона олиб келиб, жараён иштирокчиларига кўрсатди. Шундай қилиб, у коллеж вакилларининг асосий далилига, яъни Наврўзованинг бошидаги шарф эстетик ғашлик хусусияти келтириб чиқариши ҳақидаги баҳонасига жавоб берди.
“Биз буни диний камситиш сифатида кўрамиз. Биз бу ҳаракатни мусулмонларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш деб ҳисоблаймиз”, деди Нагиев.
Жараён давомида Алина Наврўзова тиббиёт коллежида ҳижобга қарши курашнинг ягона қурбони эмаслиги маълум бўлди. Адвокат Нагиевнинг сўзларига кўра, коллеж маъмурияти вакиллари Наврўзовадан ташқари ҳижобда таҳсил олиш учун келган бошқа мусулмон қизлар ҳам борлигини яширишмаган, улар суҳбатлардан сўнг ҳижобларини ечиб ўқишга мажбур қилинган.
Омскнинг Кировский туман суди суд мажлисини 21 июлга қолдирди. Аввалроқ судя Алина Наврўзовага унинг Ислом дини этиқодига оид далилларини, аёллар ҳижоб кийиши кераклиги ҳақида Қуръондан кўрсатма оятлар ва шунингдек, "у ўз ҳуқуқлари учун чин дилдан курашаётганлигини исботловчи далилларни тақдим этишни" сўраган эди.
Тегишли маълумотлар Россиянинг Осиё қисми муфтийси Нафигулла Аширов, Татаристон муфтийси Комил Самигуллин, Омск вилояти муфтийининг муовини Жахшилик Оспанов томонидан берилган. 7 июл санасида Илдар Аляутдинов томонидан имзоланган Россия Федерацияси Уламолари Кенгаши ҳам судга ўз фикрини билдирган. Ёзилган маълумотномага кўра, уламолар барчаси рўмолни мусулмон аёллар учун фарз деб билдирган, тасдиқлаган.