Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

ХИЖОЛАТ

577

Эй дил, яшамадинг бир кун осуда,
Неча гул фаслимиз кечди беҳуда,
Умр қоронғуда, шуъур уйқуда – 
Наҳорлар олдида хижолатдамиз.

Тўрт девор ичида – ғарбу шарқимиз,
Ноҳақлик қошида – сукут халқимиз,
Жимликда девордан йўқдир фарқимиз,
Деворлар олдида хижолатдамиз.

Ҳар порлоқ шиорнинг орти – вайрона,
Озод қалб, ҳақиқат бизга бегона,
Ният шиорларда қолиб ҳайрона,
Шиорлар олдида хижолатдамиз.

Эй дил, ўз ҳолингни танг қиладурсан,
Умрингни неча хил ранг қиладурсан? 
Кечалар ким билан жанг қиладурсан? – 
Бедорлар олдида хижолатдамиз.

Дунёда бемор кўп, соғлом эл билан,
Муҳибблар, сийламанг бизни гул билан,
Вужуд соғ бўлса ҳам, хаста дил билан
Беморлар олдида хижолатдамиз.

Оппоқ қорлар бизга – танбиҳ ва сукун,  
Виждон ухлаганми, ўлганми бу кун,
Гуноҳдан қорайган кўнгиллар учун,
Оқ қорлар олдида хижолатдамиз.

Баҳор, жоним баҳор, гуллари – олис,
Ҳар кимнинг яшашга ҳаққи бор, холис,
Ноҳақ хазон бўлган умрлар боис, 
Баҳорлар олдида хижолатдамиз.

Дунёда мозор кўп, ер кўп, бемисол, 
Мирзо, бутун умринг – надомат, савол, 
Биз гўрга кирмаган ўликлар мисол,
Мозорлар олдида хижолатдамиз...

Мирзо КЕНЖАБЕК

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Венгрия қаттиқ чекловларни бошлади

41 15:00 08.03.2021

Тўғри йўлдан оғишнинг сабаби нотўғри фаҳмлашдир

71 14:30 08.03.2021

Яманда мигрантлар маркази ёниб кетди: қурбонлар бор

69 13:50 08.03.2021

Самарқандда Туркия бош консулхонаси очилди

165 11:00 08.03.2021

Хитой уйғурлар геноциди ҳақидаги айбловларни рад этди

403 10:30 08.03.2021

Швейцарияда юзни ёпиб юриш тақиқланади 

411 10:00 08.03.2021
« Орқага