Таҳлил

“Ҳикмат билан суғорилган шеъриятни шариатимиз тақиқламаган!” – Билолхон домла ҳафизаҳуллоҳ

667

–  Ассалому алайкум, устоз. Аввало, суҳбат учун розилик билдирганингизга муштарийлар номидан ташаккур билдирамиз, таҳририятимизга хуш келибсиз. 

–  Раҳмат. 

–  Бугун Сиз билан юртимизда ўтган улуғ авлиёлардан бири – Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Суҳбатимизни юртимизда яшаб ўтган улуғ авлиё зотлар ва улардан қолган бебаҳо мерослар ҳақидаги мулоҳазалар билан бошласак.

–  Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ъала Росулиллаҳ, амма баъд. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи таъоло ва барокатуҳ.

Дарҳақиқат, юртимизда – Ўрта Осиёнинг қалби бўлган ажойиб, ҳамма жиҳатдан бетакрор, ўхшаши йўқ Ўзбекистонимизда улуғ инсонлар ҳам яшаб ўтганлар. Сўфи Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бизларга ўрнак, намуна бўладиган аждодларимиздан бўлганлар. У зот шариатда ҳам, тариқатда ҳам мукаммал китоблар ёзганлар. Нақшбандия тариқатида муршидлик мақомига етиб, пирларидан иршод олганлар.  У зотнинг форсийда ёзган “Маслакул муттақийн”, туркийдаги “Саботул ожизийн” китоблари ислом оламида жудаям машҳур ва беназир асарлардандир. 

“Маслакул муттақийн” китобини устозларимиз ёшлигимизда хат-саводга ҳам ўқитишган. Форсийга ақлимиз етганидан кейин унинг маъноларини ҳам англаганмиз. 

Кейинги пайтларда юртимизда ўтган мана шундай салафларимизга, уларнинг бизга қолдириб кетган бебаҳо бойлигимиз бўлмиш китобларини ўрганишга бепарволик, лоқайдлик кўзга ташланяпти. Шу жумладан, Сўфи Аллоҳёрнинг китобларини ўрганишга бўлган эътибор, ундаги ўгитларга амал қилиш, шариату тариқат борасида билмаган нарсаларимизни ўрганишга бўлган жидду жаҳд ҳам кўнгилдагидек эмас. Халқимизнинг мана шундай ажойиб мерослардан бебаҳра ва беилм қолиши асло яхши оқибатга олиб келмайди.

Шариат ва тариқат – динимизнинг асосидир.  Айрим тариқат ва шариатни мукаммал билмаган одамларнинг наздида булар бошқа-бошқа нарса деган тушунчалар бор. Уларнинг иккиси ҳам айри эмас, аксинча, бир-бирини тўлдирувчидир. Шариатни ўрганган олим тариқатда бўлиши керак, тариқатни биламан деган одам шариатда бўлиши шарт. Шариат илмлари ҳамма нарсанинг асосидир. Дунё ва охиратнинг калити илм ва албатта тариқатга ҳам мана шу илм билан етилади.

–  Устозларимиз Сўфи Аллоҳёр ҳазратларининг китобларини бизга ўқитишган дедингиз. У кишининг байтлари халқимиз орасида ҳам мақоллар каби тарқалиб кетган. Истиқлол йилларида олимларимиз, уламоларимиз, шайхларимиз, муҳаддисларимизнинг қабрларини обод қилдик, зиёратгоҳларга айлантирдик. Аммо уларнинг илмий меросларига бўлган эътиборимиз етарли даражада эмаслигини ҳам тўғри таъкидлаб ўтдингиз. Суҳбатимизнинг мақсади ҳам шу – Сўфи Аллоҳёр ҳазратларини илмий меросларига оз бўлса-да баҳо бериш ва уни халқимизнинг эътиборига ҳавола этиш. Шу ўринда Сўфи Аллоҳёр илмий меросининг қиймати ва қадри ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.


–              “Шариатсиз киши учса ҳавоға, 
                 Кўнгил берма анингдек худнамоға!”

 

Бу байт шариатни тариқатдан айри деб айтадиган ноқис кимсаларга ишора. Шариат ва тариқат борасида илмсизлик нимага олиб боради? Динимиз олимликни ноҳақ даъво қиладиганлар ёки тасаввуф илмини ҳақиқий тариқат ёки шариат даражасида билмаган, илмини мукаммал қилмаганлар туфайли жуда кўп кулфатларни кўрган. Бир каломларида Сўфи Аллоҳёр кароматни таърифлаб айтадиларки:
             “Халофий нафс истак молу тоат, 
              Бўлурму бундин ортиқ ҳарқи одат?!”


Нафсга хилоф иш қилиш, Аллоҳ буюрган тоат-ибодатларни мукаммал қилиб адо этиш, бундан ортиқ каромат борми? Нафснинг эмас, ақлининг сўзига кириб ҳаётини шариатда, тариқатда ўтказган, Худонинг ибодатида ўзига, аҳли аёлига, дўстларига ва юртига нафи тегиб турган одам нафснинг сўзига кириб, жиноят йўлига киргани йўқ. Иймон эьтиқодига, аҳлига, эл юртига, миллатига содиқ бўлган кимсани энг катта каромат кўрсатган одам, дейди у зот.

“Саботул ожизийн” китоби ҳам қиёматга қадар энг муҳим масала – эътиқод ҳақидадир. Динимизни бир шажарага (дарахтга) ўхшатган бўлсак, унинг илдизи ақида ва эътиқоддир. Дарахтнинг илдизи агар соф, мустаҳкам бўлса у дарахтнинг мевалари ажойиб бўлади. Қалбимиздан жой олган эътиқод самараларини зоҳирий аъзоларимиз намоён қилади. Қилган яхши амалларимиз – унинг меваси. Бу масала бугунги кунда ҳам ниҳоят долзарб. Ақида, эътиқодотни билмаган инсонга шайтон элдур, агар минг йил амал қилса-ю аммо ақоидни билмасдан хато қиладиган бўлса, қилган амаллари бекордир. 

Бугунги кунда уммат уламоларини ғамга соладиган нарса ақида масаласидир. Фиқҳда тўрт мазҳаб бўлса, усулда иккита имомимиз бўлганлар. Улардан бири ватандошимиз Имом Мотуридий ҳазратлари. 

Сўфи Аллоҳёр китобларида келтирилишича, Аҳмадия деган адашган тоифа “инсон намоз ўқимаса ҳам бўлади” деган эътиқодда бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ҳолатгача ҳам азоннинг овозини эшитиб намозга чиққанлари, саҳобалар у зотнинг қўлларидан етаклаб чиқишгани ҳақида ҳадислар бор. “Абу Бакрга айтинглар, намоз ўқисин”, деганлар. “Бошингизга ўлим келгунча Роббингизга ибодат қилинг”, дейилган. Бизнинг давримизда ҳам ақида китоблари чоп қилиняпти, Шайх ҳазратларининг бир нечта китоблари бор. Бизга баҳс бўлиб турган Сўфи Аллоҳёрга қайтадиган бўлсак, у зотнинг мазкур китоби Қуръоннинг мағзи. Бу байтларни ўқиган инсонга бошқача таъсир қилади, чунки бу зотнинг ўзлари ҳар бир мисрани боамал ёзганликларига далиллар бор. Амал ҳамма нарсадан муҳим бўлган. Бизда кейинги пайтда амал сустлашди. Буларни вақтида тузатсак, ўзимизни ўнгласак, бу зотларнинг тарихларини ўргансак, бизга катта ибрат бўлади.

Кейинги пайтларда шариат  ва тариқат пешволари яшаган жойлари обод бўляпти, зиёратгоҳларга айлантириляпти. Булар албатта жуда ҳам яхши мақсад билан бўляпти. Лекин бу нарса бизнинг оғзимиздаги қуруқ гапга айланиб қолмаслиги керак. 
Сўфи Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: 

“Қароча ўғли хўжа ўғлидин кам, 
Муаллим бўлса сайиддин ўтар ҳам”, 
“Ҳасаб фавқи насабмас, эй нек ҳол, 
Ипакдин ўткарур кўп ишлаган шол”.
 “Сафар қилсанг агар дорул ҳаёта, 
Хўб ота демагин, тармош хўб ота”. 

Сен агар ҳаёти дунёда яшайдиган бўлсанг, “менинг хўб оталарим бор”, демагин. Ўзинг уларга муносиб бўлмай, оталаринг билан ҳам фахрланаверма. 

–  Ажойиб байтлар. Ўша пайтдаги бу байтлар ҳозир ҳам ҳеч қадрини йўқотмаган. Лекин “Сўфи Аллоҳёр ким” деб ёшлардан сўрасангиз, жуда кўпи шоир бўлган дейди. Айни пайтда, шеърни ёмон нарса деган тушунча билан яшайдиган замондошларимиз ҳам бор. Мана шу иккаласини жамлаб бир нарса сўрамоқчиман: ўзи одатда бунақанги катта асарлар эҳтиёждан келиб чиқади. Масалан, Мотуридий ҳазратларининг даврларида турли тоифалар кўпайиб кетган. Шунинг учун у киши халққа тўғри йўлни кўрсатиб бериш мақсадида ўз таълимотларини ёйганлар, дейишади. Шу маънода бизнинг ота-боболаримиз, шайхларимиз ўзларининг асарларини назмий шаклда ёзишган. Масалан, Ҳазрати Ҳувайдо, Машраб кабилар ўзларининг ҳикматларини шеърий усулда қолдириб кетганлар. “Шеър ёмон нарса, Аллоҳ уни Қуръонда лаънатлаган” деган янглиш тушунчадаги замондошларимизга нима деган бўлар эдингиз?

–  Энди ҳар бир нарсани ҳам тўғри талқин қилиш керак. Шу жумладан, оятларнинг тафсирларини ҳам. Шуаро сурасида Аллоҳ азза ва жалла “Ҳуваллазийна аману ва амилус солиҳот” деб туриб истисно билан келтирган. Кишини тўғри йўлдан чалғитадиган, гуноҳга буюрадиган назм ёки наср бўлсин, буларнинг ҳаммаси беҳуда нарсалар ҳисобланади. 

Аммо Аллоҳ ва Расулининг сўзларидан ташқари ҳикматлар ҳам бор. Масалан, Луқмон сурасида Луқмони алайҳиссаломнинг ҳикматларини ибрат тариқасида келтирган Худойи таоло: “Аллоҳ ҳикматни хоҳлаган кишисига беради, кимгаки Худойи таоло ҳикмат берган бўлса, унга жуда катта яхшиликни берибди”, дея марҳамат қилган. “Ҳикмат – ақлнинг меваси”, дейди уламоларимиз. Ақлнинг самараси бу ҳикмат. Худойи таоло ҳикматни илмига амал қилган олимларга беради. Илмига амал қилишнинг мукофоти тилдан ҳикмат булоғини оқизиб қўйишдир.

Яъни яхшиликка чорлайдиган шоирлар ҳамма замонда ҳам эъзоз ва эътиборда бўлган. Назм ҳам бир гўзал санъатдир.

Пайғамбар алайҳиссолату вассаламнинг шоирлари Ҳассон ибни Собит шеър ўқиганда ул зот эшитиб турганлар. Ҳазрати Навоий, Румий ёки Жомий кабилар ҳар жиғатдан комил зот бўлганлар. Тариқат пешвойимиз Яссавий ҳазратлари ҳам назмда ёзганлар. “Булар шоир эди дейиш” – уларга паст баҳо беришдир.  Буларнинг барчаси уларга Аллоҳ таоло берган ва Аллоҳга бўлган ишқнинг ҳосиласи. Машраб алайҳирраҳманинг ёзганлари ҳам айни ҳикматдир:  

“Ҳар кишининг дарди бўлса йиғласин ёр олдида, 
Қолмасин армон юракда қилсин изҳор олдида, 
Мансури Халлождек ичиб шароби антаҳур, 
Чарх уриб йиғлаб турурмен ушбу дам дор олдида. 
Телба Машраб, қилмагин сиррингни зоҳидга аён, 
Айтиб-айтиб йиғлагайсан ошиқи ёр олдида”. 
Ёки ҳазрат Навоийнинг мана бу байтларига эътибор беринг:
“Қайси макон аро сени истайки, кавнда 
Сенсиз эмас маконию йўқтур макон санга” 
Яъни сен сени қаердан ахтарай бу борлиқда, бирон жой сенсиз эмас, аммо сен ломаконсан. 
“Амрингдин айру тилга такаллум чу йўқ, не айб, 
Гар ҳамд айта олмаса бу безабон санга”. 

Аллоҳ азза ва жалага ҳамд айтишда ўзларини безабон деяптилар. Бундай мисолларни тўхиамай келтиришимиз мумкин.

Тариқатда юришимиз, Худонинг фармонларини бажаришимиз, нафс деган душманимизга қарши курашишимиз – буларнинг ҳаммаси шариат ва тариқат уйғунлиги билан бўлади. Бу ҳақиқатни ҳаммамиз англаб олишимиз керак.

–  Мунаввар суҳбат учун ташаккур, устоз. Сиз каби жонкуяр олимларимизнинг умрлари узоқ бўлсин. Сиз ҳам узоқ йиллар илм нурингиз билан халқимиз, миллатимиз қалбини чароғон айлаб юринг илоҳим.

Суҳбатдош: Абудулазиз Муборак

Таҳририятдан: Ҳурматли мухлислар, иншааллоҳ, яқин кунларда Сўфи Аллоҳёр ҳазратларининг “Саботил ожизийн” асарига Билолхон Баходирхон ўғли томонидан қилинган шарҳни “Azon.tv” онлайн телеканали орқали томоша қилиш имкониятига эга бўласиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага