1
Фаросат аҳлига ибрат замона,
Дили кўрлар учун ишрат замона.
Дилини покламоқ бўлганлар айтур,
Ки зикри Ҳақ учун фурсат замона.
2
Иллат излаганга иллатдур дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдур дунё.
Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё.
3
На шараф, на шон истадим,
На садаф, на кон истадим,
Бари ўткинчи, шу боис
Гавҳари Иймон истадим.
4
Дард келса, ғам келса ютдик биз,
Кутдик биз, кутдик биз, кутдик биз.
Қабр деб атаманг бу жойни
У уйдан бу уйга ўтдик биз…
5
Бир кун биз ҳам афсона бўлгаймиз,
Тупроқ билан ҳамхона бўлгаймиз.
Йўқолдики – ҳар не азиз бўлгай,
Йўқолдикки, дурдона бўлгаймиз.
Садриддин Салим Бухорий