Ҳилол кўриш ҳақида фасл (Енгил фиқҳ)

14:00 26.08.2019 309

Одамлар ҳилолни шаъбоннинг йигирма тўққизинчи куни излашлари керак. Агар уни кўрсалар, рўза тутадилар. Агар кун булутли бўлиб ҳилол кўринмаса, шаъбон ойининг саноғини ўттиз кунга етказиб, кейин рўза тутадилар. Шак куни нафлдан бошқа рўза тутишлари мумкинмас.

Агар киши ҳилолни ёлғиз ўзи кўрган бўлса ва имом (давлат раҳбари ёки у вазифага қўйган қози) унинг гувоҳлигини қабул қилмаса, ўзи рўза тутади. Агар осмон муаммоли бўлса, имом ҳилолни кўришда бир одил гувоҳнинг шаҳодатини қабул қилади. Бу гувоҳнинг аёл ё эркак, озод ё қул эканининг фарқи йўқ. Агар осмонда муаммо бўлмаса, хабарларидан илм юзага келадиган даражадаги кўпчиликнинг кўргани ҳақидаги шаҳодатгина қабул қилинади.

Агар шавволнинг ҳилолини бир киши ёлғиз кўрган бўлса, у оғзини очмайди. Агар осмон иллатли бўлса, шаввол ҳилолини кўрганлик ҳақидаги шаҳодат икки эркак ё бир эркак ва икки аёл томонидан айтилсагина қабул қилинади. Агар осмон муаммоли бўлмаса, хабарларидан илм воқеъ бўладиган жамоатнинг шаҳодатигина қабул этилади.

Рўзанинг вақти иккинчи тонг отгандан бошлаб қуёш ботгунгачадир. Рўза кундузи ният билан ейиш, ичиш ва жимоъдан тўхташдир.

"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!